Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси карантин кунларида мухлисларимиз учун қизиқарли материаллар тақдим қилишда давом этади. Карантин кунлари тарих зарварақларини ёдга олиш учун яна бир фурсат бермоқда. “Ўзбекистон Олимпия ўйинларида” номли янги лойиҳамизда мамлакатимизнинг 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасидаги иштироки ҳақида бирма-бир эслаб ўтамиз. Бу борада дастлабки саҳифамиз Атланта-1996 Олимпиадаси бўлади.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг иштирок этган илк ёзги Олимпия ўйинлари 1996 йил АҚШнинг Атланта шаҳрида ўтган XXVI ёзги Олимпия ўйинларидир. Ушбу Олимпиаданинг очилиш маросимида мустақил давлатимиз байроғи ҳам жаҳон мамлакатлари орасида ҳилпирай бошлади.
Очилиш маросими
Дарвоқе, Атланта-1996 Олимпиадасининг очилиш маросими ҳақида гап кетар экан, бир қизиқ воқеани эслаб ўтиш ҳам ўринли. Одатда мамлакатлар парадида энг кучли ҳайқириқ мезбон делегация чиқиб келганида эшитилади. Бироқ Атлантада АҚШдан ташқари Грузия давлатининг ҳам номи эълон қилинганида маҳаллий томошабинлар кучли қарсаклар ва қўллаб-қувватлашлари эшитилган. Хўш, нега бундай? Маълумки, Атланта шаҳри АҚШнинг Жоржия штатида жойлашган. Грузия давлатининг инглиз тилидаги талаффузи ҳам ушбу штатники билан бир хил. Шубҳасиз, маҳаллий халқ учун маросимда ўз штатларини эшитиш анча ёқимли.
Илк медалларимиз
Олимпия ўйинларида -86 килограмм вазн тоифасида иштирок этган машҳур дзюдочимиз Армен Багдасаров ёзги Олимпия ўйинлари тарихида илк медалимизни мамлакатимиз ҳисобига тақдим қилгани билан аҳамиятли.
Шунингдек, боксчимиз Карим Тўлаганов -75 килограмм вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлган. Шу тариқа мустақил Ўзбекистон учун илк ёзги Олимпия ўйинлари 1 та кумуш ва 1 та бронза медаллари билан якунланган.