Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Сантьяго Бернабеу»даги кечиккан дебют, «Барселона»дан кетиши ва орзулари ҳақида «япон Мессиси» билан интервью

Баҳо:
+ | -

Такефуса Кубо — 2001 йилнинг 4 июнида Япониянинг Кавасаки шаҳрида таваллуд топган. Кубо 7 ёшидан бошлаб футбол билан шуғулланишни бошлайди. 11 ёшга тўлганида эса «Барселона» футбол академиясига таклиф қилинади. Кубо 2015 йилгача, «Барселона»нинг 18 ёшга етмаган ўйинчиларни трансфер қилиш бўйича ФИФА қоидаларини бузгани маълум бўлгунига қадар каталон клуби академиясида тўп суради. Шундан сўнг у Испанияни тарк этиб, ватанига қайтади ва «Токио» клуби билан ярим профессионал шартнома имзолайди.

2019 йилнинг 14 июнида эса Мадриднинг «Реал» клуби Такефуса Кубо билан шартнома имзолаганини эълон қилади. Мадрид клуби раҳбарияти Кубонинг мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши учун уни «Мальорка»га ижарага беришга қарор қилади. Унинг иқтидорига юқори баҳо берилиб, ҳатто уни «япон Мессиси» ҳам деб аташади.

Агар коронавирус пандемияси бўлмаганида Такефуса Кубо «Мальорка» сафида «Сантьяго Бернабеу»да «Реал»га (12 апрель куни ўтиши лозим эди ўйин) қарши ўйнаган бўларди. Бу, албатта, Кубо учун муҳим аҳамият касб этарди. Кубо АS нашрига интервью бериб, карантинда вақтни қандай ўтказаётгани, шунингдек ижара асосидаги фаолияти ва «Реал» билан шартноманинг баъзи тафсилотлари ҳақида айтиб берди. «Дарё» қуйида ана шу суҳбатни ўзбек тилида тақдим этади.

«Реал» – «Мальорка» учрашуви бўлиб ўтиши керак эди, бу сизнинг «Сантьяго Бернабеу»даги биринчи учрашувингиз бўларди. Ушбу ўйин сиз учун алоҳида аҳамиятга эгамиди?

— Ростини айтсам, жудаям ўйнашни хоҳлагандим. Мен учун барча учрашувлар жуда муҳим, бироқ бу алоҳида аҳамиятга эга учрашув эди.

«Бернабеу» сизда қандай ҳисларни уйғотади?

— Мен аввал у ерда ҳеч қачон ўйнамаганман, лекин жудаям хоҳлайман. Чигалёзди машқлари учун чиққанингизда трибуналарда 85 000 кишини кўрасиз, бу инсонга ўзгача бир мотивация бағишлайди. У ерда шунчаки, ёмон ўйнашнинг иложи йўқ.

Футболга қайтишни хоҳлаяпсизми?

— Айни пайтда мен имкон қадар тезроқ одатий турмуш тарзига қайтиш ҳақида ўйлаяпман. Ҳозир энг муҳими – инсонлар саломатлиги.

Карантинни қандай ўтказяпсиз?

— Унчалик ҳам яхши эмас, чунки мен ҳам, бошқа футболчилар сингари, футбол учун яшайман. Бу бизнинг асосий вазифамиз. Афсуски, пандемия туфайли уйда ўтирибмиз. Шунга қарамай, клуб бизга юкламалар бериб турибди, биз формамизни сақлаб қолиш учун уларни уйда бажаряпмиз.

Ҳозирги шароитда кун тартибингиз қандай кўринишга эга?

— Эрталаб соат 08:30 да уйқудан уйғонаман ва юрак уриш тезлигини аниқлаш учун клубимиз томонидан юборилган уч дақиқалик тестни бажараман. Сўнгра нонушта қиламан. Соат 10:00 да эса машғулотлардан олдинги енгил машқларни бажараман. Соат 11:00 да биз 4-5 кишидан иборат кичик гуруҳларда жамоавий машғулотларни бошлаймиз, мураббийлар эса бизни видеоқўнғироқ орқали бошқариб туради. Соат 12:15 да машғулотларни тугатамиз, лекин мен бироз кўпроқ индивидуал машқларни бажараман, кейин душ қабул қиламан ва 13:30 да тушлик қиламан. Соат 15:30 дан 16:00 гача бўш вақтим, унда асосан телевизион кўрсатувларни томоша қиламан ёки китоб мутолаа қиламан. Шундан сўнг яна машғулотларни бошлайман, биринчи навбатда тўп билан ишлайман. 18:00 да душ қилиб, кечки овқатга ўтираман. Одатда 23:00 ларда ухлашга ётаман.

Бир йил орқага қайтсак. Мадридликларнинг сизга жиддий қизиқиш билдирганини қачон билдингиз?

— Биз турли клублардан қизиқишлар борлигини билардик, аммо на мен, на оилам, ва на агентларим бу ҳақида билардик, чунки ўша пайтда менга санкциялар эълон қилинганди. 4 июнь куни 18 ёшга тўлганимда, «Реал» вакиллари Японияга келиш истаги борлигини билдирди. Улар мени кўришга келганди, бу жуда ёқимли ҳолат.

Флорентино Перес билан танишганингизда нимани ҳис қилдингиз?

— Аввалига менда ўзгача таассуротлар пайдо бўлганди, аммо кейин Мадридда мени дарҳол оила аъзоларидан бири сифатида қабул қилишди. Айнан мана шуни жиҳатни эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

Болалигингизда «Барселона»да ўйнагансиз. Ҳозирда ўзингизни ҳақиқий «мадридлик» деб ҳисоблайсизми?

— Биринчи навбатда, «Барселона» ва бошқа жамоалар шу қаторда менга санкциялар қўлланилгандан пайтда қабул қилган «Токио» клубига, ярим мавсум ўтказган «Иокогама Маринос»га ва ҳозир ўйнаётганим «Мальорка»га ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шунингдек, барча футболчилар, мураббийлар ва мени тарбиялаган ва шу даражага етишимга сабабчи бўлган инсонларга раҳмат дейман. 18 ёшга тўлганимда менда жамоа танлаш имконияти туғилди. Ва мен «Реал»ни маъқул кўрдим. Мен улардан миннатдорман ва ҳозир бемалол мадридликман деб айта оламан.

Месси сиз учун намуна бўлган. У билан танишишга улгургандингизми?

— Мен уни шахсан танимайман, аммо у аллақачон футболчи бўлган ёки бўлишни истаган кўплаб ёшлар учун намуна ҳисобланади. Болалигимда унинг ўйинидан олинган видеотасвирларини кўрардим. У – етук футболчи. Унинг фаолияти мен ва мен каби чапақай ҳамда паст бўйли футболчилар учун қўлланма бўлиб хизмат қилади, уларнинг ўйин услуби – дриблинг ва тўпни яхши ушлаб туриш. Мессида эса бу фазилатлар юқори даражада.

Мадрид билан мавсумолди машғулотлар нимаси билан ёдда қолганди?

— Аввалига атрофимда дунёнинг машҳур ўйинчилари бўлишидан хавотирда эдим. Аммо аста-секин мослаша бошладим, клубдаги ҳамма мени яхши қабул қилди, улардан кўп нарсаларни ўрганишга муваффақ бўлдим.

Мавсум олдидан ташкиллаштирилган турнирдаги иштирокингиз кўпчиликни ҳайратга солди. Бу ҳақида жамоадошларингиз ва Зинедин Зидан қандай фикрда?

— Имкон қадар тезроқ мослашишимга кўпчилик ёрдам берди. Барча жамоадошларим менга яхши муносабатда бўлди. Шу жумладан мураббийлар штаби ҳам. Майда деталларгача эътибор берадиган Зинедин Зидан бир нечта саволлар берди.

Нима деб ўйлайсиз, сиз учун «Реал»да жой борми?

— Ҳаммаси ўзимга боғлиқ, ишонаманки, «Реал»да ўрнимни топаман. Айни дамда «Мальорка»да ўзимни яхши томондан намоён этишим ва «Реал»да ўйнашим мумкинлигини исботлашим керак.

Сиз бунга тайёрмисиз?

—  «Реал»га бошқа клубларга ўхшамайди. Барча футболчилар юқори даражадаги ўйинчилар, шу боис асосий таркибдан жой олиш осон эмас. Аммо ишлашда давом этаман ва ўз имкониятимни кутаман. Вазият туғилиши билан ундан фойдаланаман.

Нега «Кастилья» ёки бошқа бирор клуб эмас, айнан «Мальорка»да ўйнай бошладингиз?

— Мавсумолди ўқув-йиғин машғулотларида юқори савиядаги ўйинчилар билан бирга шуғулланиш ва уларга қарши ҳам ўйнаш имкониятига эга бўлдим. Ўша пайтда кутганимдан ҳам кўпроқ нарса қилишга муваффақ бўлдим. «Мальорка» менга жиддий қизиқиш билдирди ва менга ишонди. «Кастилья»да ҳам Рауль менга жуда яхши муносабатда бўлган, у ердаги ҳамма нарса менга жуда ёқарди, лекин «Мальорка»дан таклиф олгач, уни рад этишни хоҳламадим.

Нималарни ўргандингиз?

— Жуда кўп нарсаларни ўргандим. Асосан ўйинлардан катта тажриба оляпман. Мен ҳужум ва ҳимояда қандай ўйнаш кераклигини ўрганяпман. Умид қиламанки, шу руҳда давом этаман.

Кўпроқ қайси позицияда ўйнашни маъқул кўрасиз?

— Ҳаммаси жамоанинг ўйинига боғлиқ, масалан, «Мальорка»да деярли ҳар доим ўнг қанотда ўйнайман. Аслида эса майдон марказида ўзимни жуда яхши ҳис қиламан. У ерда тўпни чизиқлар оралиғида олишим, дриблингни ўша ердан бошлашим, тўп узатиб беришим ва зарбалар беришим мумкин. Асосий устунлигим – тўпни чизиқлар оралиғида қабул қилиб, ҳужумларни бошлаб бериш. Бироқ ўнг қанотда ҳам ўзимни жуда қулай ҳис қиляпман.

Келаси йили нима қилишингиз борасида бир қарорга келдингизми?

— Ҳозирча йўқ. Мавсум тикланадими, йўқми билмайман. Ўйналмаган 11 та баҳс турибди, қарор чиқариш учун бир неча ой бор. Менинг мақсадим аниқ – «Бернабеу»да «Реал» либосида тўп суриш. Айнан шунинг учун ҳозир ҳаракат қиляпман.

Орзуларингиз қандай?

— Етук футболчи бўлишни, «Реал» ҳамда Япония терма жамоаси билан катта натижаларга эришишни орзу қиламан.

«Реал» мухлисларига нима деган бўлардингиз?

— Биринчи навбатда, коронавирус билан касалланган барча оилаларни қўллаб-қувватлаган бўлардим. «Реал» мухлисларига айтишим мумкинки, «Сантьяго Бернабеу»даги биринчи ўйинимни сабрсизлик билан кутяпман, буни «Реал» либосида амалга оширишни хоҳлаган бўлардим. Бунга эришиш учун бор имкониятимни сарфлайман.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 10:16, 20.05.2020.
Ўқилди: 8079 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.