Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Роналду ва Месси даври тугамоқда. Яқин 10 йилликнинг бош юлдузи ким бўлади?

Баҳо:
+ | -

Сўнгги ўн йилликнинг энг яхши футболчилари, шубҳасиз, Криштиану Роналду ва Лионель Месси. Ҳеч қайси футболчи уларга на маҳорат бобида ва на барқарорлик борасида тенг келиш у ёқда турсин, ҳатто яқинлашолмайди. Бироқ тан олиш қанчалик оғир бўлмасин, вақт ҳатто афсоналарни ҳам аяб ўтирмайди. Шундай экан футбол ихлосмандлари бу икки даҳонинг ўрнига янги ўн йиллик учун бошқа бир кумирни аниқлаб олиши керак. Хўш, бундай мақомга ким лойиқ? Қуйида айнан Роналду ва Мессининг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган (ёш) футболчилар тўғрисида фикр юритилади.

Килиан Мбаппе (ПСЖ, Франция)



Туғилан санаси: 1998 йил 20 декабрь
Амплуаси: ҳужумчи

Мбаппе атиги 21 ёшда бўлишига қарамай, Жаҳон Чемпионатида ғолиб бўлишга ва ақл бовар қилмас статистикаларни қайд этишга улгурди. У ўзининг ёрқин ҳаракатлари, тезкорлиги ва дадиллиги билан деярли дунё футболи юлдузига айланди. Очиғи, бу жойда бошқа бировни тасаввур қилиш қийин.

Аксарият экспертлар ва собиқ футболчилар Месси ва Роналду фаолиятини якунлагач, айнан Мбаппе уларнинг ўрнини эгаллашини таъкидламоқда.

Ҳозирча эса Мбаппе ПСЖ учун камёб бўлган – Чемпионлар Лигаси кубогини қўлга киритишга умид қилмоқда.

Жоау Феликс («Атлетико», Португалия)



Туғилган санаси: 1999 йил 10 ноябрь
Амплуаси: ҳужумчи

«Атлетико» учун рекорд кўрсаткич – 126 миллион фунтга тушган 20 ёшли Феликс анча шов-шувларга сабаб бўлганди. Шунча маблағ умумий ҳисобда бор-йўғи 43 та ўйинда майдонга тушган футболчига сарфланганди. Афсуски, унинг Испаниядаги дебюти жароҳатлар туфайли унчалик ҳам омадли чиқмади. Бунинг устига у севимли позициясида ўйнамаяпти, аммо талабчан Диего Симеоне унга ўзини кўрсатиши учун кўпроқ имконият бермоқда.

Феликсни Португалияда анчадан бери «янги Роналду» дейишади, шунингдек, Голден Бой мукофотига сазовор бўлгани ҳам, унинг порлоқ келажагига бўлган ишончни оширади. Умуман олганда иқтидорли ҳужумчи «Атлетико»да ёмон ўйнамаяпти. Мбаппе сингари, у ҳам янги ўн йилликнинг етакчи футболчиси бўлишга мажбур.

Жейдон Санчо («Боруссия Дортмунд», Англия)



Туғилган санаси: 2000 йил 25 март
Амплуаси: вингер

Санчонинг бу рўйхатдан ўрин олишига сабаб, унинг дортмундликлар сафидаги ажойиб ўйинлари. Ёш бўлишига қарамай, у анчадан бери ўзини худди катталардек тутади, голлар ва ассистлар...

Тенгдошларига қараганда бирмунча барқарор ва совуққон ўйин кўрсатиб келмоқда. Хуллас, олдинда тайёр маҳсулот турибди.

Ансу Фати («Барселона», Испания)



Туғилган санаси: 2002 йил 31 октябрь
Амплуаси: вингер

Тезкор, техникаси юқори ва вазиятларни яхши якунлайдиган 17 ёшли Ансу Фати кутилмаганда ўзини «Барселона»да танитди. Унинг ҳикояси Голливуд киноларида бўлгани каби ҳаммаси жуда ажойиб.

Гвинея-Бисаулик (Ғарбий Африкадаги давлат) муҳожирнинг ўғли Ансу Фати онаси ва олти ёшли укаси билан Испаниянинг Севилья шаҳрига келади. Иқтидорли болакай 10 ёшида Ла-Масияга қабул қилинади, 17 ёшида эса бир ўйинда ўз номига ҳам гол, ҳам ассист ёздириб қўйган энг ёш ўйинчига айланади. Шунингдек, у «кўк-анорранглилар»нинг Чемпионлар Лигасида майдонга тушган энг ёш футболчиси ҳисобланади. Унинг ўйин услуби Мессиникига жуда ўхшаш.

Каталон клуби билан амалдаги шартнома бўйича унинг товон пули 170 миллион еврога тенг. Профессионал шартнома имзолангач, миқдор 400 миллионга кўтарилади.

Трент Александер-Арнольд («Ливерпуль», Англия)



Туғилган санаси: 1998 йил 7 октябрь
Амплуаси: ўнг қанот ҳимоячиси

Кўпчилик ҳужумчиларнинг ўйинини томоша қилишни маъқул кўради, аммо 21 ёшли Александер-Арнольд ҳимоядаги ишончли ўйинидан ташқари, унча-мунча ҳужумчиларга ҳам дарс бериб қўйиши мумкин.

Александер-Арнольд Чемпионлар Лигаси ғолиби ҳисобланади. Яқин орада эса Англия терма жамоасининг асосий ҳимоячисига айланади. Унинг Евро–2020 нинг юлдузи бўлиши кутилмоқда.

Тўп узатишлар, креативлик ва голли вазиятларни яратиш қобилияти – буларнинг барчаси Арнольдга жаҳон даражасидаги футболчи бўлиш имконини беради.

Кай Ҳаверц («Байер», Германия)



Туғилган санаси: 1999 йил 11 июнь
Амплуаси: ярим ҳимоячи

Кай Ҳаверц – Германия футболида узоқ вақтдан бери кутилаётган истеъдодли футболчи. У футбол интеллекти юқори бўлган камёб ўйинчилардан бири. Ҳаверц 20 ёшида Бундеслигада 100 дан ортиқ беллашувда майдонга тушди. У ҳозиргача ривожланишда давом этмоқда, эҳтимол, унинг очилиши учун кўпроқ вақт керак бўлар. Бу борада уни дарҳол очилиб кетмаган Кевин де Брюйне билан таққослаш мумкин. Ҳаверц келажакда майдон марказини тўлалигича ўзиникини қилиб олиши мумкин. У учун жамоани алмаштириш вақти келди. Дарвоқе, уни «Бавария» ўз сафида кўрмоқчи.

Фил Фоден («Манчестер Сити», Англия)



Туғилган санаси: 2000 йил 28 май
Амплуаси: ярим ҳимоячи

Ушбу рўйхатга Фил Фоденни киритмаслик адолатдан бўлмасди. Филнинг истеъдодига келсак, у Премьер Лигадаги энг яхшиларидан бири. У иложи борича кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш учун ҳаракат қилиши ва шу билан бирга сабрли хам бўлиши керак. Боиси «шаҳарликлар»нинг асосий таркибидан жой олиш унчалик ҳам осон иш эмас. Агар у 21-22 ёшида доимий равишда майдонга тушмаса, бошқа клуб излашига тўғри келади. Аммо Фил ҳозирда ажойиб мураббий билан ишламоқда, Кевин де Брюйне, Давид Сильва ва Бернард Сильвадан кўп нарсаларни ўрганмоқда. У Гвардиола билан қанча узоқ ишласа, ўзи учун фойдадан холи бўлмасди.

Родриго («Реал», Бразилия)



Туғилган санаси: 2001 йил 9 январь
Амплуаси: Вингер

Унинг машҳурликка эришиши жуда тез содир бўлди. «Осасуна»га қарши кечган баҳсда у майдонга тушишидан 94 сония ўтиб, рақиб дарвозасини ишғол қилишга эришади. Шундан сўнг маълум муддат ўринбосарлар жамоасида тўп тепади, кейинчалик Зидан уни асосий жамоага чақиради.

Икки оёқда ҳам бир хил ўйнайдиган Родриго олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳаракатлари билан бошқалардан ажралиб туради. Интизомли ва камтар йигитча машғулотларда ҳам бор кучини ишга солади. Ва жамоадаги тажрибали шерикларидан кўп нарсалар олмоқда. Ўз навбатида «Реал»да уни ҳурмат қилишади.

Мэйсон Гринвуд («Манчестер Юнайтед», Англия)



Туғилган санаси: 2001 йил 1 октябрь
Амплуаси: ҳужумчи

Англиянинг яна бир иқтидорли футболчиларидан бири Гринвуд бошқалардан кескин фарқ қилади. Юқорида номлари келтирилган футболчиларнинг аксарияти жуда хомдек кўринади, бироқ Гринвуд ҳақида бундай дейиш бироз мушкул. Сабаби у аллақачон ўзини йиғиб олган ва дадил футболчига айланган. Муҳими, гол уришни билади. Унинг жаҳон юлдузига айланиш имконияти юқори баҳоланмоқда.

Деле Алли («Тоттенҳэм», Англия)



Туғилган санаси:
1996 йил 11 апрель
Амплуаси: ярим ҳимоячи

Британиялик экспертларнинг фикрича, Деле Алли Жозе Моуриньо қўл остида янги босқичга кўтарилиши мумкин. Ўз вақтида португалиялик мутахассис Фрэнк Лэмпард билан ҳам нималардир қилганди. Янги менталитет, янгича ёндашув анчадан бери «ўз» мураббийини кутаётган футболчини ўзгартира олади. Жозе аввал ҳам бир неча бор ўйинчилардан супер юлдузларни тайёр олган, чунки у қолганларга қараганда талабчанроқдир.

Эрлинг Ҳоланд («Боруссия Дортмунд», Норвегия)



Туғилган санаси: 2000 йил 21 июль
Амплуаси: ҳужумчи

«Боруссия» фантастик футболчи билан шартнома имзолади. Бошқа ҳеч нарса қўшолмайман», — деганди Оле-Гуннар Сульшер Ҳоланднинг Дортмунд клубига ўтиши ҳақида.

19 ёшли норвегиялик форвард қишда Сульшернинг асосий трансфер мақсади эди, аммо уни «Олд Траффорд»га олиб келиш насиб этмади. Футболчининг агенти Мино Райола Погбанинг трансферидан кейинги зиддиятлардан сўнг «қизил иблислар»га бошқа футболчи сотмаслигини маълум қилганди. Райола ўз сўзида турди – Ҳоландни истеъдоди ва потенциалига яраша бўлмаган маблағ эвазига «Боруссия»га сотиб юборди.

Ҳоланд эса янги клубидаги дастлабки ўйинларидан бошлаб кўпчиликнинг ҳайратига сазовор бўлади. «Аугсбург»га қарши баҳсда захирадан тушиб, ҳет-трик қайд этган бўлса, «Кёльн» билан ўйинда ҳам захирадан қўшилиб, дублга эришади. Шундай қилиб, Ҳоландга «Боруссия» сафида бешта гол уриши учун 61 дақиқа кифоя қилди. Агар у шу руҳда давом этса, яқин келажакда Месси ва Роналдунинг гегемонлигига нуқта қўйиши мумкин.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 22:15, 01.06.2020.
Ўқилди: 10120 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.