Еттита ёзги Олимпиада ўйинлари иштирокчиси, Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олган ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина 19 июнь куни ўзининг 45 ёшини қарши олди.
Ҳа, адашмадингиз. Ҳали ҳам фаолиятини давом эттираётган ва Токио—2020 Олимпия ўйинларига ҳозирлик кўраётган афсона 45 ёшга тўлди.
Оксана 1991 йилдан собиқ иттифоқ терма жамоасида халқаро мусобақаларда иштирок этишни бошлайди. Ўша йили Индианаполисдаги Жаҳон чемпионатида иккита олтин ва битта кумуш медалга эга чиққан Чусовитина Барселона—1992 Олимпиадаси йўлланмасига эга бўлади. Олимпия ўйинларида спортчи МДҲ терма жамоаси номидан иштирок этади ва жамоавий баҳсларда олтин медалга сазовор бўлади. Айтганча, ўша терма жамоанинг деярли барча аъзолари бир неча йилдан сўнг гимнастика билан хайрлашади. Бироқ бухоролик спортчи учун бу узун йўлнинг бошланиши эди, холос. Россиялик мураббийлар ундаги салоҳиятга ишонмади ва Оксана Ўзбекистон номидан қатнашишга қарор қилади. Иккилик салто эвазига у турли мусобақалар совриндорига айланди.
Шундан сўнг Оксана бирин-кетин ёзги ўйинлар иштирокчисига айланди. ОАВ ва спортчининг фаолиятига бефарқ бўлмаганлар мана 15-16 йилдан буён ҳар Олимпиада олдидан бу Оксана учун сўнггиси эканини таъкидлаб келади, бироқ спортчи ҳар сафар барча тахминларни йўққа чиқариб, чорловларни қабул қилишдан чарчамайди.
Ҳа, Чусовитина Аталанта, Сидней ва Афина Олимпиадаларида совриндор бўла олмайди. Ундан кейин унинг оиласида муаммо пайдо бўлади. Спортчининг ўғли Алишер оққон касаллигига чалинади. Бу хасталикни Ўзбекистонда даволаб бўлмаслиги сабабли, оила Токентдаги уйи ва икки машинани сотиб, Германияга йўл олади. Бу орада Оксананинг турмуш ўртоғи, юнон-рум кураши бўйича Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионатлари совриндори, ўзбекистонлик Баҳодир Қурбонов спорт билан хайрлашади. Чусовитина эса ўғлини даволашга ёрдамлашни таклиф қилган «Кёльн» спорт клуби таклифини қабул қилади. Спортчи тез орада халқаро майдонда Германия шарафини ҳимоя қилишга рози бўлади.
Пекин—2008 Олимпиадасида Германия номидан қатнашган Оксана ўзининг севимли йўналиши — таяниб сакраш баҳсларида кумуш медалига эга чиқади. Ўшанда 33 ёшли спортчини томошабинлар тик турган ҳолда олқишлаганди. Бир қарашда кетма-кет жароҳатлар, ҳар сафар ўз соғлиғини хатарга қўйишдан кўра фаолиятни якунлаш вақти келгандек кўринарди. Бироқ икки елкаси ва оёғидан олган жароҳати сабаб операцияни бошдан кечирган Чусовитина тўхташ нималигини билмайди ва Лондон—2012 Олимпиадасига йўл олади.
Бразилиядаги Олимпия ўйинларидан аввал Оксана яна фуқаролигини алмаштиради ва Ўзбекистон номидан Риога йўл олади. Ўша вақтда спортчи қарорини қуйидагича изоҳлаганди: «Туғилиб ўсган юртим учун медал келтиришни хоҳлайман». Ва у ўз орзусига жуда яқин келади, биринчи уринишнинг якуний қисмини муваффақияли якунлай олганида, спортчи медалга эга чиқиши мумкин эди. Бироқ озгина омад етишмайди. Ўша вақтда у 40 ёшда эди.
«Бунинг сири нимада?» — кўплаб журналист ва мухлислар томонидан бериладиган савол. «Ҳеч қандай сир йўқ. Шунчаки ҳеч ким гимнастикада бу қадар кўп қолишга уриниб кўрмаган. Ҳар куни ўзимга мақсад қўяман. Мени ҳеч ким мажбурламайди. Бу қизиқиш: уддалай оламанми ёки йўқ», — дея камтарона жавоб беради Чусовитина.
Унинг катта ёшли инсонларга хос бўлмаган ҳаракатлари (кўплаб ёшлар бундай элементларни бажара олмайди) ва машқлар пайтида ўзини тутишига қараб, бу ҳақиқатда унга қувонч улашаётганини тушунасан.
Чусовитина шу ёшига қарамай мантиқ ва табиат қонунларига зид равишда ҳали ҳам спорт мусобақаларида қизи тенгилар билан рақобат қилмоқда. Қаҳрамонимизнинг ўзи ёш билан боғлиқ саволларга қуйидагича шарҳ беради: «Спорт йўлакчасида ҳамма баробар: ёшинг 40 дами ёки 16. Чиқиш ва муносиб иштирок этиш керак. Кимгадир бувидек туйиляпманми? Унда етиб олинг!».
Токио—2020 мусобақасидан кейин Оксана фаолиятини якунлашини ва мураббийлик билан шуғулланишини айтганди. Бироқ ўйинлар қолдирилди ва Чусовитина келаси йили бўлиб ўтадиган Олимпиадада 46 ёшда бўлади. Олимпиаданинг сурилиши унинг мазкур мусоқабада иштирок этиш борасидаги қароридан қайтара олмайди: «Мендаги сабр икки йилга ҳам етади. Агар икки йил кейинга сурилса ҳам машғулотларда давом этаман, нима қилиб бўлмасин саккизинчи Олимпиадамда қатнашаман! Келажакка назар солар экансан, икки йилдан кейин Осиё ўйинлари, яна икки йил ўтиб Париж Олимпиадаси».
Оксана Чусовитина фаолиятига оид статистика ва фактлар
— МДҲ терма жамоаси сафида 1992 йилги Олимпиада чемпиони.
— 2008 йилги Олимпия ўйинлари вице-чемпиони.
— Уч карра Жаҳон чемпиони (1991 йилда жамоавий баҳслар (СССР терма жамоаси) ва эркин машқ, 2003 йилда таяниб сакраш).
— Жаҳон чемпионатларида тўрт карра кумуш (1991, 2001, 2005 ва 2011 йиллар) ва 4 карра бронза медали (1992, 1993, 2002, 2006) соҳиби.
— Таяниб сакраш бўйича Европа чемпиони (2008 йил), кумуш медал (2002) ва уч карра бронза эгаси.
— Еттита Олимпиадада қатнашган ягона гимнастикачи. Спорчи ушбу натижаси эвазига Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.
— Фаолиятини давом эттираётган вақтда номи спорт гимнастикаси Халқаро шон-шуҳрат залига киритилган ягона спортчи.