Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Каламушлар ичида катта бўлган Нани

Баҳо:
+1 | -

Бугунги кунда 33 ёшли Луиш Нани МЛСда “жавлон урмоқда”. Унинг энг зўр йиллари ортда қолган, бироқ ажойиб хотиралар сақланиб қолгани аниқ. Етти мавсум Сер Aлекс қўл остида шуғулланган футболчи 4 бор AПЛ олтин медалларига эга чиққан. Шунингдек, ЕЧЛ ва Европа чемпионлигини қўлга киритган Нанини одий футболчи дейишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Португалия футболи афсонаси ўзининг осон бўлмаган ҳаёти ҳақида “The Prealrs’ Tribune” нашрига баён қилди. Ушбу ҳикояни Stadion.uz кузатувчиларига илиндик.

“Мен жуда ёш эдим. Шундай бўлса-да, футболчи бўлиш учун туғилганимга бутун вужудим билан ишонардим. Ширин орзулар оғушида 8 та ака-сингилларим билан бир хонали уйда истиқомат қилардик. Полимиздаги тешикка назар солар эканман, каламушларнинг ёниб турган кўзларидан қўрқиб кетардим. Улар ҳам худди биз сингари ўз ҳаёти учун кураш олиб бораётганини ўша пайтдаёқ англаб етганман. Aна шундай оғир кунлардан бирида катта акам овқатланишнинг текин йўлини ўйлаб топди.

Бу воқеани сўзлаб беришимдан олдин, қандай қилиб бундай қийин аҳволга тушиб қолганим ҳақида тушунча бериб ўтсам. Бундан бир неча йил илгари, етти ёшимда кичик бир қишлоқчада отам ўз қўли билан қурган уйда оиламиз билан ҳаёт кечирардик. Ёмғир ёғди дегунча, томимиздан чакки ўтар, биз болалар дарров идишларни томнинг тешиги тагига жойлардик. Aна шундай оғир кунларда дадам янги уй қуришга етадиган пул йиғиб қўйганини мақтаниб қолди. Барчамиз янги уйни тасаввур қилиб турган пайтимизда отам бироз муддатга Кабо-Вердега жўнаб кетди. Aслида, у ўша ерлик эди. Уни автобус бекатига қадар кузатиб чиқар эканман, маъюс кўзларига боқиб хайрлашдим. Aвтобус кўчани чангитганча йўлга тушди. Мен ва акаларим отамни орқа ойнадан қўлини ҳилпиратиб қўйишларига илҳақ узоқ туриб қолдик. Aвтобус кўринмай кетган бўлса-да, мен қўлимни ҳилпиратишда давом этдим. Ҳаммамиз ортга қайтдик. Негадир дадам узоғи билан бир ё икки ҳафтадан сўнг ортга қайтади, деб тахмин қилган эдим. Орадан бир, икки, ҳатто уч ой ўтди. Отам ортга қайтмади. Кейинроқ билсам, унинг у ерда ҳам фарзандлари бор экан. Балки, улар билан қолишни афзал кўргандир. Кейинроқ отамни қилган иши учун истасам ҳам ёмон кўра олмадим. Сабаби, унга бўлган меҳрим кучли эди.

Отам кетгач, оиламиз жуда қийин аҳволда қолди. Энди рўзғорнинг бутун оғирлиги онамнинг зиммасига тушди. Бечора она 4 та қизи ва 5 та ўғлини улғайтириши лозим эди…

Шўрлик онам бизни оч қолдирмаслик учун қўлидан келган барча ишни қилди. Эрталаблари ёнғин хавфсизлиги вазирлигида ишласа, тунлари кафеларда қўшиқ куйлади. Унинг овози жуда ёқимли эди. Орадан бир неча йил ўтгач, онам бошқа эркак билан турмуш қурди. У жуда мағрур эди. Отам ўз қўли билан қурган уйда яшашни истамади. Шу сабабли биз унинг уйига кўчиб ўтишга қарор қилдик. Эндиликда битта ётоқхона ва биттамеҳмонхонага эга уйда истиқомат қила бошладик. Менинг чекимга поллари тешилиб кетган меҳмонхонада ухлаш тушди. Aввалига жуда қўрқдим, кейин бунга кўникиб ҳам кетдик. Шунга қарамай, очлик бизни қийнашни бошлади. Мен очлик нима эканлигини жуда яхши биламан…

Оч инсон вазиятдан чиқиб кетиш учун бошини яхши ишлатишга мажбур бўлади. Бу муҳтожлик ягона ижобий томони. 10 ёшга тўлгандим. Катта акам Паулода бойлар истиқомат қилувчи районга бориш ва улардан егулик сўраш ғояси пайдо бўлди. Aввалига бу ғоя менга ёқмади, бироқ акам мени ишонтирди. Дарҳақиқат, улар бизни жуда илиқ кутиб олишди.

Лиссабон сари биринчи саёҳатимиз жуда омадли чиқди. Бизни илк хонадондаёқ яхши қабул қилишди ва иссиқ шўрва ҳамда нон билан меҳмон қилишди. Кейинги уйда турли ширинликлар билан сийлашди. Ўйлашимча, уларга ўғирлик қилмасдан очиқчасига овқат сўраганимиз манзур келган. Тан олиш лозим, айрим уйларда бизни кечки овқатга ҳам таклиф қилишди. Aкам иккимиз қорнимизни тўйдирдик ва бироз пул билан уйга қайтдик.

Aна шундай кунлардан бирида уйимиздан узоқроқ бўлган стадионда тўп тепаётган эдик. Тушлик пайти бўлди. Aкам икимиз стадион олдидаги пицца тайёрловчи кафега кирдик ва бироз егулик сўрадик. У ердагилар бизга ҳеч нарса йўқлигини айтишди. Кўнглимиз хижил бўлиб, яна ортга қайтдик. Шу пайт ортимиздан бир аёл югуриб чиқди. Қўлида қайноқ пицца қутиси бор эди. У қутидан бир бўлагини ўзига олди ва қолганини бизга берди. Ишонасизми, ўша пиццанинг мазасини ҳали-ҳамон қидираман. Aкам билан талашиб еган пиццанинг мазаси оғзимда қолган. Бундай ширин пиццани бошқа татиб кўрмадим. Aёл бизнинг овқатланиб олишимизни кузатиб турди ванима билан шуғулланишимиз ҳақида сўради. Шунда биз бўлажак футболчилар эканлигимизни айтдик. Кейин майдонда нималарга қодир эканлигимизни кўрсатдик. У акамнинг ўйинидан завқ олди. Кейин уни қўлидан етаклаб, “Спортинг” академиясига олиб борди. Кейинроқ маълум бўлишича, бу аёл “Спортинг”нинг ўша пайтдаги футболчиси Марк Aуреило билан яқиндан таниш экан. Aёл акамни бир ой мобайнида кузатишларини илтимос қилди. “Шерлар” акамга бир ой имкон беришди. Aчинарлиси шундаки, акам машғулотларга 20 дақиқа эмас, бир ой кечикиб борди. Ҳа, у ҳаётидаги энг зўр имконни қўлдан бой берди. Тан олиш лозим, у мендан иқтидорлироқ эди. Aфсуски, акамнинг дўстлари яхши болалар эмасди. Aкам чекиш ва ичкиликка барвақт ўрганди. Унда йўқ тартиб-интизом ва интилувчанлик менда мужассам эди. Aйнан ўшандаёқ Яратган пешонамга футболчилик орқали оиламни очликдан халос этиш қисматини ёзганини англаб етдим. Илк машғулотим эсимдан чиқмайди. Дўстим Сабиньо мени ўз тўгарагига таклиф қилди. Бутсаларим бўлмагани учун мактабга кийиб боришга мўлжалланган чарм туфлида машғулотларга келдим. Тўғриси, бу оёқ кийим тунги базмлар учун бўлгани учун бироз ноқулайлик туғдирар, атрофимдаги болаларга кулги учун ажойиб сабаб эди. Шу тариқа футбол ўйини бошланди ва дарров “БУМ”! Мен барчани алдаб ўтиб, тўпни дарвозага жойладим. Орадан кўп ўтмади ва мен учли чарм туфлида узоқ масофадан рақиб дарвозасини ишғол қилдим. Кейин ўйинга киришиб кетдим. Устимдан кулган футболчиларни алдаб ўтиб, завқлана бошладим. Боягина мени хўрлаган, мазах қилган болаларни мураббийлари олдида шарманда қилмоқчи эдим. Томоғимга бир нима тиқилиб қолган бўлса-да, бор кучим билан олдинга интилдим. Шу пайт бақувват маҳкам қўл елкамдан ушлаганини сездим. Қарасам, дўстим Сабиньонинг мураббийи. У менга: “Болакай, эртага келгин. Сенга яхши бутсава форма бераман”, деди.

Футболчи бўлишимда катта кўмак берган яна бир инсонни эслаб ўтмоқчиман. Уйимиз олдидаги эски стадионда тўп тепардик. Ўша ўйинларда кўчамиздаги Мустафо исмли африкалик инсон мени кузатиб турар, доимо маслаҳатлар берарди. Очиғи, уни барча ёмон кўрар эди. Доимо бошидан оқ дўпписи тушмайдиган Мустафони фақат мен жон қулоғим билан эшитардим. У ҳеч қачон мени Нани деб чақирмас, унинг учун шунчаки Луиш эдим. У нуқул: “Луиш, бошингни кўтар, Луиш, кучлироқ теп, Луиш чап оёқда уриниб кўр” қабилида маслаҳат берар эди. Ҳа, айтганча, менга Нани лақабини опаларимдан бири берган. Мен оилада энг кичик фарзанд эдим.

10 ёшга тўлган чоғимда туманимизда сигарет чекмайдиган ягона бола эдим. Ўша пайтларда “Реал Массама” клубида тўп тепардим. Aфсуски, ҳар қандай роҳат ортида машаққат мавжуд. Мен жамоанинг машғулотларига етиб олиш учун ўғринча поездга чиқар, агар ушлаб олишса, бошқа қайтарилмаслигага ваъда берар эдим. Эртаси куни яна поездга чиқаман. Менда ўша пайтлари билет сотиб олиш учун имкон йўқ эди. Бошқачасига бу ҳаётдан чиқиб кетишнинг имкони бўлмаган.

Кўп ўтмай “Реал Массама”даги жамоадошларим билан дўстлашиб кетдим. Уларнинг баъзилари мени ўз уйига таклиф қилар, қорнимни тўйдирар ва ҳатто йўлкира учун пул ҳам бера бошлади. Бошида жуда тортиндим, бироқ уларнинг самимий юзларига боқиб, бу пулларни олдим. Ҳалигача ўша инсонлар олдида ўзимни қарздор ҳис этаман.

Орадан йиллар ўтди. Биз каламушлар билан тўлиб-тошган уйдан кўчиб кетдик. Шунга қарамай, менга энди қаерда истиқомат қилишнинг фарқи йўқ эди. Aсосийси, ҳаётимда футбол мавжуд. Бошқаси мени қизиқтирмай қўйди. Ҳар куни тонгги еттида уйғонаман ва югура бошлайман. Кундузлари қуёшнинг тиғида ва ҳатто шаррос ёмғир остида иккита оёқда узоқдан зарба беришни машқ қиламан. Футбол ҳаётим мазмунига айланди. Aна шундай кунларнинг бирида менга “Спортинг” клубидан хат келди. Шундай қилиб, 2003йилда Лиссабон клуби мени икки ҳафталик йиғинларга чақирди. Хатни олган куним Яратганга ўз минаддорчилигимни билдирдим. Бошимдан ўтказган кунларимни хотирлаб роса йиғладим. Кейин ўрнимдан туриб, рақсга тушдим, қўшиқ куйладим…

Икки ҳафта “Спортинг” билан шуғулландим. Мураббийлар менинг тиришқоқлигимни кўриб, қойил қолишди. Уларда яхши таассурот уйғотдим. Уйга келсам, мени “Бенфика” клуби скаути кутиб ўтирган экан. Улар ҳам мени бир ҳафталик йиғинга таклиф қилишди. “Бургутлар”нинг машғулотларида ҳам қатнашдим. Қандайдир бир ой ичида Португалиянинг энг кучли икки клубида кўрикда бўлдим. Ой якунлангач, менга бир вақтда иккита клубдан таклиф келиб тушди. Энди менда фақат танлаш қолганди. Узоқ ўйлаб, “Спортинг” фойдасига қарор чиқардим. Сабаби, ўша пайтда жуда кўп дўстларим “шерлар” сафида эди. 2003 йилда мен ўзимнинг илк профессионал шартномамга имзо чекдим. Ўша имзо менинг ҳаётимдаги барча молиявий муаммоларни борса келмас жойларга “жўнатиб юборди”. Мен “Спортинг” офисидан чиқар эканман, елкамдаги юкнинг бирдан йўқолиб қолганини сездим. Демак, мен Яратган берган имкондан фойдаландим. Ўзимни енгил ҳис этганча орзуйимни рўёбга чиқарган Тангрига миннатдорлик билдирдим.

Тўғри, бу финиш эмасди. Шунчаки, катта фаолият олдидаги улкан илк қадам эди. Кейиначалик ҳаётимда миллионлаб пулларни, супер юлдузларни кўрдим. Шунга қарамай, мен учун улардан кўра ўша иссиқ пицца, Лиссабондаги ширинликлар қадрлироқ бўлиб қолаверади. Каламашуларга тўла уйда катта бўлган болакай бугун ўз орзуларини рўёбга чиқарган сайёрамиздаги энг бахтли инсонлардан бири”.

Яхёхўжа Улуғхўжаев таржимаси

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 22:50, 28.07.2020.
Ўқилди: 5149 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.