Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

ЕЧЛ қайтмоқда: “Матадор“сиз қолган Зидан, Саррида яна бир “миссия“

Баҳо:
+ | -

Узоқ муддатлик танаффусдан сўнг, сунъий интершумлар ўрнатилган европа майдонларига чемпионлар лигаси мадҳияси, ишқибозлар учун бедор тунлар таклиф этадиган еврокубоклар учун курашлар қайтмоқда!

Дастлаб, нимчорак финалнинг чала қолган ҳисоб-китоблари бўлиб ўтади. Пандемия хавф солмаса, катта эҳтимол билан улардан бири Манчестер ва Турин шаҳарларида кечиши керак.

“Манчестер Сити“ — “Реал Мадрид“

Ўз "галлактикос"ини қуришда бир муддат “танаффус“ олган Зидан, қайтганидан кейин ҳам ишини муносиб йўлга қўйиб олди. Рестартдан сўнг, 12 ўйиндан 11 ғалаба ва 1 дурранг билан, натижаларни ҳам аста-секин тобига келтиряпти. Майдон ва унинг ташқарисидаги тартиб қўлга олинди, ўйиндаги маҳсулдорлик тикланди. Янги келганлар, етакчи футболчилар жамоанинг муҳим механизмига айлантирилди. Бошланишига премьера чемпионлиги эса, кўтаринкилик ва позитив муҳитни қайтарди.

Олдинда эса, чемпионлар лигаси. Бироз мушкул бўлсада, бу соврин сира бегона эмаски, айнан Зиданнинг хизматлари билан ушбу кубокнинг кетма-кет ютилган учтаси ойнабанд қути ичида “Сантяго Бернабеу“даги музей кўркига кўрк қўшиб турибди. Танаффусдан сўнг, мадридликлар бутунлай бошқа жамоага айлангани рост, энди бу кучни жиддий баҳсда ҳам намойиш эта олиши даркор. Лекин, жамоанинг ҳозирги кўринишга келишида катта ҳажмда ҳисса қўшган Рамоссиз! Ҳа, Зизу испанча “корридо“ни энг яхши “матадор“сиз кўрсатишга мажбур. Бу қийин бўлиши табиий, боиси, “қаймоқранглилар“ испаниялик ҳимоячи иштирок этмаган чемпионлар лигаси доирасидаги, рақиблари( “Ювентус“, “Цска“×2, “Аякс“, “ПСЖ“)га қарши 5 та учрашувда мағлуб бўлишган. Аммо, бош мураббийда “тарзан“ лақабли футболчининг ўрнини боса оладиган номлар етарли. Ғалаба голини киритишни ният қилган Эдер Милитаодан ташқари, Начо Эрнандес ҳам ушбу позицияда ўзини қулай ҳис этадиган футболчилардан бири.

Умуман олганда, 1 та тўп фарқи қўрқинчли эмас ва буни йўққа чиқарса бўлади агар, Тибо Куртуа манчестерликларга қарши 9 ўйинлик қуруқ бўлмаган сериясини бузиб, дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолса. Демакки, имконият етарлича сақланиб қолгани баробарида, ҳали ҳеч нарса ҳал бўлганича йўқ. Қолаверса, рақиблар мураббийи, франсиялик мутахассиснинг ЕЧЛдаги потенсиалини алоҳида эътироф этганидан англаш мумкинки, “қироллик клуби“ ушбу турнирда ҳар доим хавфли!

Жорий мавсум ички чемпионат титулларидан “тайм оут“ олган “шаҳарликлар“ бор эътиборини “қўшқулоқ кубок“ка қаратгани барчага аён. Шу важдан ҳам, кўпчилик томонидан фаворит деб ҳисобланаётган клуб бу ёғига фақат ғалаба қозонишга мажбур.

Гарчи, рестартдан кейинги 12 ўйинда, 9 марта зафар қучиб, 3 маротаба имкониятни бой берган ҳолатлар ҳам бўлган бўлсада, футболчилар бутун мавсум мобайнида умумий кўрсатгичларда амалдаги чемпионга монанд ўйин намойиш этишди. Турнир давомида энг кўп(102 та)гол уриб, бу сафар кумуш медаллар билан қаноатланишди. Аслини олганда, “осмонранглилар“ни ҳам, майдон ташқарисидаги улкан муаммо қийнаб келаётган эди. Бу ҳам бўлса, еврокубоклардан 2 йиллик чеклов. Яхшики, бу борадаги иш “Спорт Арбитраж“ суди томонидан Ҳалдун ал-Муборак раҳбарлигидаги жамоа фойдасига ҳал этилди ва бу, жорий мавсумда иштирокини давом эттираётган ҳамда яқиндагина “Валенция“дан испаниялик ёш, иқтидорли вингер Ферран Торрес, “Борнмут“дан эса Нидерландиялик тажрибали ҳимоячи Натан Акени ҳарид қилган жамоа вакилларининг, кейинги мавсумларда бекамикўст иштирок этишини таъминлади. Айни пайтда эса, мавжуд босимни буткул олиб ташлаб, кубокка олиб борувчи йўл учун тузилган режани хотиржамлик билан амалга ошириш фурсатини яратди. Мадриддаги ўйиндан сўнг устунлик “шаҳарликлар“ томонда. Рақибнинг оз бўлсада ожиз томони, кўплаб хавфли ҳужумларга туриб беролмайдиган ҳимоя зонаси эканлигини тушуниб ҳаракат қилинсаку хўп-хўп. Аммо, мана шундай ҳужумларни голга айлантира оладиган, клубнинг энг яхши тўпурари Серхио Агуэро “Этиҳад“да кечадиган ўйинда шерикларига ёрдам бера олмайди-да. Демак, “кемачилар“нинг ҳам муҳим “эшкаги“ соз ҳолатда эмас.

Шундай бўлсада, Пеп Гвардиола майдонда аргентиналик ҳужумчисиз қолишдан фожеа ясайдиганлар хилидан эмаслигини ортда қолган ўйинлар кўрсатиб берди. Таркибдаги ишлар ҳам маромида. Ҳатто, дисквалификацияси бор Бенжамин Менди ҳам, УЭФАнинг умумий қарорига кўра, сариқ карточкасидан озод этилганидан сунг ўз хизматларини таклиф эта олади. Энди, испаниялик мутахассис барча имкониятларини ишга солиб, жорий футбол мавсумида ўзининг илк, Европанинг эса энг салмоқли титулини ютушгача бўлган қадамида давом этиш учун имкониятдан самарали фойдаланиш керак.

Ҳозирги ҳолатда, томонларнинг кучи ва даражаси бир неча йил аввалгидан бироз фарқ қилади.
Нега? Жамоалар ЕЧЛ доирасида 2012 йилдан буён жами 5 маротаба тўқнаш келишган бўлиб, шундан 2 тасида мадридликларнинг қўли баланд келган, 1 тасида эса “Ман Сити“ зафар қучган, 2 учрашув(гуруҳ босқичида) дуранг билан якунланган.

Қуръа натижаси бу тўқнашувни юзага келтирган дақиқаданоқ, бу ўйин энг марказий учрашув дея эътироф этилган. Мухлислар эса, тез орада сўнгги 5 йилда биргаликда умумий 21 та кубок ютган ТОП мураббийларнинг кучли жамоалари ўртасидаги супер ўйинга ва кутилган якунга гувоҳ бўлишади!

“Ювентус — “Лион“

Нимчорак финалнинг биринчи жуфтлик, иккинчи томонида ҳам, мухлисларни анча қизиқарли ўйин кутиб тургани шубҳасиз.

Бир тарафда, кутилмаганда мағлуб этилган “Ювентус“ бўлса, иккинчисида, мағлуб этган “Лион“.
Италия жамоаси ушбу мавсум умуман ўзига ўхшамади.

Рестардан сўнг, барча мусобақаларда 14 ўйин ўтказиб, 7 тасида ғолиб чиқди, 2 тасида дурранг қайд этди ва қолган 5 учрашувда мағлубиятга учради. Бунга ягона сабабчи қилиб Моурицио Сарри кўрсатилмоқда.

Аввало, даража кейин, услуб ва мавқей жиҳатдан “зебралар“га мос келмади дея айтилаётган италиялик мутахассис чиндан ҳам, гарчи соврин ютган бўлсада, фаолиятидаги энг ёмон мавсумлардан бирини ўтказган бўлса не ажаб. Ички чемпионатидаги ишончсиз ўйинлар, вақтида керакли бўлган очколарнинг йўқотилиши, мамлакат кубогининг амалми тарзда бой берилиши ва аслида унгача бўлган йўл... Ахир, қайд этилган натижаларнинг ўзи шундан “сўзлаяптику“
Устига устак, янги мавсумда ҳақиқий рақобатчи бўлиши кутилган “Интер“, “Наполи“ ёки “Лацио“лар эмас аксинча, айни пайтдаги айнан “Юве“ даражасидан пастроқ бўлган, “Сасуоло“, “Каляри“, “Удинезия“ каби жамоалар “Юве“га кўпроқ азият етказди.

Сарри омадли мураббий эканки, унинг чемпион бўлишига, муҳим паллада бошқалар “қўл қоқишди“. Агар биргина, “хавотирли чемпионлик“ ҳам бўлмаганида, балки Андреа Агнелли раҳбарлигидаги жамоа ЕЧЛ пайти келиб, майдонга бошқа мураббий бошчилигида тушиб келармиди, эҳтимол. Дарвоқе, нега хавотирли чунки, туринликлар сўнгги 10 йил ичида илк маротаба ўзи ва яқин таъқибчиси ўртасидаги 1 очколик фарқ эвазига кубокни боши узра баланд кўтарди. Шу ўринда, тўпланган 83 очко юқорида келтирилган йиллар ичида жамғарилган энг ками сифатида ҳам статистикага мухрланди.

Ҳарчанд машаққатли ғолибликдан сўнг, бош мураббий олдидаги яна бир “миссия“га навбат етди.
Франсуз клуби билан дастлабки ўйиндан сўнг, хулоса чиқариш ва йўл қўйилган хатони тўғрилаш учун, унда керагидан ортиқроқ вақт бўлди.

Бир довондан ошиб, елкасидаги юк ҳам бироз енгиллади. Демак, ҳозир айни вақти. Агар, Сарри ўзи ва унга “тиш қайраётганлар“ учун “А серия“ни ютган бўлса, энди таркибида Дибала-ю Роналдуси бўлган “Кекса сеньоре“ учун ЕЧЛ бош совринини қўлга киритишга ҳаракат қилиши даркор. Шундагина, у кейинги йиллардаги сафарини “Ювентус“нинг мураббийлик курсисига маҳкам ўрнашиб олиб, ўтказиши мумкин. Акс ҳолда, катта эҳтимол билан фаолиятидаги 3 совринини бошқа жамоа билан ютишга ҳаракат қилиб кўради.

Саррининг омадли эканлигики, рақиб кўп муддат майдон ва тўпдан айро қолишга мажбур бўлган “Лион“. Айтиш мумкинки, мажбурий танаффус ва “Лига1“ баҳсларининг муддатидан аввал якунланишидан, ҳаммадан ҳам “Лион“ кўпроқ жабрдийдага айланди. Чунки, ушбу франсуз жамоаси 1997-98 йилги мавсумдан буён илк маротаба турнир жадвалини, ўзи учун муносиб бўлмаган 7 поғонада якунлади ва 23 йил деганда биринчи марта 2020-2021 йилги мавсум, еврокубоклар учун кураш зонасига кирмади. Ҳозирги ҳолатда, Руди Гарсия шогирдларининг хаёли бунда эмасдир, балки. Чунки, олдинда жуда муҳим ўйин кутиб турибди.

Ўйинга тайёргарлик борасида туринликлардаку гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Лекин “Лион“ бу борада рақибларига қараганда, ортда қолганини ҳамма тушуниб турибди. Шунинг учун ҳам, клуб етакчиларидан бири Мемфис Депай яқинда берган интервьюсида шу масалада бироз "ўртанди". Хоссатан, таркибдаги барча футболчилар футболга чанқоқ бўлиб туришгани, ҳатто, кўплаб ғайратли ва иштиёқманд ёшлар ҳам жамоанинг ғалабасига ҳисса қўшиш истагида эканлигини таъкидлади.

Умуман олганда ҳам, жамоанинг жисмоний тайёргарлиги анча қониқарли ва умумий ҳолати бир мунча барқарор эканлиги, “ПСЖ“ билан кечган, Франсия “Лига кубоги“ финалида, 120 дақиқа мобайнида рақибларига етарлича қаршилик кўрсатган ҳолда, тенгма-тенг ўйин намойиш этиб, пенальтилар сериясидагина мағлуб бўлганида кўзга ташланди.

Ушбу финалгача эса, лионликлар Франсия, Бельгия ва Шотландия клубларига қарши жами 5 та назорат-ўртоқлик учрашувини ўтказиб, шулардан 4 тасида ғалаба қозониб, яхши натижа қайд этишди. Бундан кўриниб турибдики, Турин шаҳрида ўтадиган баҳс мезбонлар учун ўйланганидек осон кечмайди. Томонлар ўртасидаги ўзаро ўйинларга назар ташлайдиган бўлсак, устунлик ким тарафда эканлигини кўриш мумкин. Улар 2014 йилдан буён, ҳам ЕЧЛ, ҳам ЕЛ да умумий 5 маротаба рўбару келишган бўлиб, шундан 3 тасида туринликларнинг қўли баланд келган, бор йўғи 1 ўйинда франсузлар зафар қучишган. 1 ўйинда эса жамоалар муроса кўчасини танлашган!
Кўпчилик, “Аллианз Стадиум“да бўлиб ўтадиган баҳсга аллақачон ҳукм ўқиб қўйган бўлсада, Руди Гарсия қўл остидаги жамоанинг, Италия чемпионидан Португалия чиптасини тортиб олиш учун кечадиган баҳсни кузатиш анча қизиқарли.

Дадажон Фозилжонов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 00:42, 07.08.2020.
Ўқилди: 6785 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.