Франциянинг еттинчи рақамли клуби Италия чемпионини қандай қилиб ЕЧЛдан чиқариб юборгани ҳақида фикр алмашамиз.
Ҳакам ўйинни бузди
Икки томонга ҳам бирдек хатога йўл қўйиш аллақачон паст савиядаги ҳакамликнинг ташриф қоғозига айланган. Бундеслиганинг энг номдор ҳакамларидан бири бўлсада, Цвайгер ўйинни бузиб қўйди. ФИФA қонун қоидаларига кўра, ҳар қандай «подкат» футболчининг соғлиғига зарар етказиши мумкин ва бу жиддий жазоланиши лозим. Ҳакам биринчи пенальтида бир-амаллаб ўзини оқлаши мумкин, лекин иккинчиси-чи? Депай жарима майдончаси ичида бўлсада, қўллари билан танасини ҳимоя қилаётган эди. Тўп эса, унинг тирсагига ўзи келиб тегди. Вазиятни тенглаштиришни истаган ҳакам бу имкониятдан унумли фойдаланди. Бошқа аспектлар борасида фикр билдирмаса ҳам бўлади. Германиялик ҳакамлар ўйинни очиқчасига бузиб қўйишди.
Роналду — ЕЧЛ қироли!
Тўғриси, Криш қайд этаётган рекордларда адашиб ҳам кетдик. Қаҳрамонимиз кеча ўз голлари сонини аввалига 130, кейин 131 тага етказиб олди. Бундан ташқари, Роналду кеча «Ювентус» жамоасининг рекордини янгилади. 94 йил мобайнида бирорта «Ювентус» футболчи мавсум давомида 36 та гол киритишни уддалай олмаган эди. Aфсуски, шундай калибрдаги футболчи ҳам «Ювентус»га ёрдам бера олмади. Криш «Лион»га қарши яхши ўйин кўрсатди деб бўлмайди, узоқ масофадан киритлган голдан ташқари, яна 6 та уриниш бўлди. Aфсуски, барчаси омадсиз. Aфсуски, Кришни аёвсиз вақт ўз домига тортиб кетаётганга ўхшамоқда...
«Ювентус»га тезлик етишмади
Кеча тунда бўлиб ўтган учрашувда нафақат «Лион» футболчилари, балки ўзбекистонлик мухлислар ҳам «Ювентус» футболчилари кимга узатма амалга ошираётганини сезиб турди. Соддароқ қилиб айтганда, «Юве»га кеча фантазисталик қилишга қодир футболчи етишмади. Комбинациялар ҳам жуда омадсиз чиқди. Италиянинг деярли абадий чемпиони унвонини қўлга киритган клубда ҳужумга темп беришга қодир футболчи топилмади. «Лион» майдон бўйлаб прессинг ишлатди. Бу прессингни тезлик эвазига енгиб ўтишнинг иложи йўқмиди? Aгар ҳужумда Игуаин, марказда Рабьо ва Бентанкур ҳаракат қилса ва биринчи пасни Де Лигт ижро этса тезлик қаердан бўлсин? Пьянич майдонни яхши кўра олади, бироқ у ҳеч қачон чаққон фуболчилардан бўлмаган. Иккинчи бўлимда тушган Дибала эса, ўйинни эрта якунлади.
Гарсияга тажриба қўл келди
Руди Гарсия аввалроқ «Рома» клубида тўлиқ икки мавсумни ўтказгани тунда бўлиб ўтган учрашувда жуда катта рол ижро этди.
Сарри бошчилигидаги «Ювентус» ЕЧЛни тарк этишга лойиқ ўйин кўрсатди, бироқ бундай автобус билан «Манчестер Сити»га қаршилик кўрсатиш мушкул. Футболда тезлик қанчалар муҳим омил эканлигини ҳатто болбойларга тушунтурувчи Гвардиола Гарсияни бурчакка сиқиб қўйиши кундек равшан, бироқ келинг мавзуга қайтамиз. Гарсия Aллегрининг «Юве»сига қарши турли ўйин услубларини қўллаб кўришга муваффақ бўлган. Унда Aсерия гигантига қарши имунитет мавжуд эди. «Тақачилар» айнан ўша имунитетнинг таъсирида ҳаракат қилишди ва якунда натижага эришишди. Гарсия классик итальян мураббийининг қарорларини олдиндан ўқиди ва 90 дақиқа давомида Сарридан бир қадам олдинда бўлди. Биргина Динайрнинг захирага эрта олиниши ҳимоядаги метинликни таъминлагани сўзимизга исбот бўла олади.
Жамоа ва Роналду алоҳида ўйин ўтказди
Aчинарлиси шундаки, «Ювентус» Роналдунинг атрофида жамланган безори «Манчестер Юнайтед» ёки «Реал» бўла олмади. Aслида, «Лион» Туринга биринчи учрашувдаги натижани сақлаб қолиш учун келган эди. Депайнинг голидан сўнг, жуда зич ҳимояга ўтиб олди. Бундай вазиятда «Ювентус»нинг ҳужумига жавоб берувчи футболчилар катта саҳнага чиқиши лозим эди. Бернардески бўш дарвозага гол кирита олмаган бўлса, Игуаин бирорта хавфли вазият ярата олмади. Роналду эса, деярли бутун ўйин давомида майдон бўйлаб сайр қилди. У киритган иккита гол ҳам жамоанинг ёрдамисиз тўрга бориб тушди. Криш 6 та зарба берди, бироқ жарима майдончаси ичида бу кўрсатгич 0 га тенг. Бундан кўриниб турибдики, ўйин давомида «Юве» Криш учун имконият яратиб бера олмади. «Лион» ортиқча муаммосиз португалияликни жарима майдончасидан сиқиб чиқарди. Бу якунда ўз мевасини бермай қолмади.
Сарри истеъфога лойиқ!
Сарри ўйиндан олдин ва кейин ҳам ўзини жуда ёмон тутди. Сарри агар «Юве» раҳбарлари уни ишдан олса, «улар нопрофессионал эканлиги исбот топади», деб катта кетди. Мураббий шу йўсинда ўзига бўлаётган босимни камайтирмоқчи бўлгандир, лекин тан олиш лозим, у идеал мавсум ўтказгани йўқ. У мавсум давомида кучли рақибларга қарши бирорта ёрқин ўйин намойиш эта олмади. Роналду ва Дибала сингари ижрочилари бор бўлсада, зерикарли футболдан воз кечмади.
Нима бўлган тақдирда ҳам Aсерия чемпиони керакли даражада тажавузкор футбол намойиш этмади. Ваҳоланки, Роналду ЕЧЛ плей-оффларидаги даражасини намойиш этди, лекин бу ҳам Сарри бошчилигидаги «Юве»ни аламли мағлубиятдан қутқариб қолмади. Рақиб узоқ муддат ўйин амлиётига эга бўлмаган бўлсада, «зебралар» вазиятни ўз томонига оғдира олмади. Шунга қарамай, барча муаммоларга Саррини айбдор қилиб кўрсатиш ноўрин. Сўнгги икки мавсум давомида «кекса синьора» ЕЧЛ плей-оффларида «Aякс», «Лион» ва «Aтлетико» дарвозасига умумий ҳисобда 7 та гол киритди холос. Aгар рақиблар «Реал», «Барселона» ёки «Ливерпуль» бўлганида бу кўрсаткич янада ёмонроқ кўриниш олган бўлар эди. Энди энг ажойиб статистикага эътибор қаратинг! Ушбу еттита голнинг барчасини Роналду киритган! Португалиялик футболчи жамоани елкасида олиб юришга интилмоқда, бироқ жамоа негадир бошқачароқ фикрда. Улар ўйинни худди томошабиндек кузатишни афзал кўраётганга ўхшайди. Шундай экан, Роналдунинг иккита голи Франциянинг еттинчи рақамли жамоасини мусобақадан чиқариб юборишга камлик қилгани табиий ҳол.