Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Фергюсоннинг «Реал» ва «Бавария»дан кучлироқ бўлган «ўлмас» «Aбердин»ини ёдга оламиз!

Баҳо:
+ | -

Stadion.uz Aлекс Фергюсон ва унинг мураббийликдаги илк клуби бўлган «Aбердин»ни ёдга олади.


Ташқаридан «Селтик» ва «Глазго» жамоалари Шотландиянинг энг йирик клублари бўлиб кўриниши мумкин, бироқ улар камтарин «Aбердин»га ҳавас кўзлари билан қараши турган гап. Глазго шаҳри клублари халқаро майдонда атиги бир борадан чемпионликни қўлга киритган бўлса, бундай совринлардан «Донз» (клуб лақаби)да нақд иккита! Боз устига, Шотландия клублари орасида ҳозирга қадар сўнгги халқаро совринни айнан «Aбердин» (1883-йил) бошиузракўтарган. «Селтик» (1967) ва «Глазго» (1972) қўлга киритган совринлар мухлислар ёдидан кўтарилиб ҳам кетгани аниқ.

Бугунги кунда шотландииялик мухлислар «Aбердин»ни «абадий» ёки «ўлмас» сингари лақаблар билан эркалашни хуш кўришади. Сабаби, бу камтарин клуб деярли бир аср давомида бирор маротаба элитани тарк этмаган.

Эътиборлиси шундаки, ўтган аср охири ва янги аср бошидаги энг кучли мураббий – сэр Aлекс Фергюсон ҳам айнан шу клубда катта футболга кириб келган. Бугунги авлод мухлислари Aлекс Фергюсоннинг футболдаги илк йиллари жуда омадсиз келганини, ҳатто қаҳрамонимиз барчасига қўл силтамоқчи бўлгани ҳақида эшитмаган бўлса керак...

«Aбердин» клуби раҳбарлари ёш Aлексни тунги барлардан бирида барменлик қилаётган пайтда учратиб қолади. Бироз ғалати эшитилиши мумкин, лекин мижозларга пиво қуйиб берувчи йигитга жамоа раҳбарлари ишонч билдиришди ва эвазига супер жамоани қўлга киритишди. 80-йилларда бутун дунёни титратган «Aбердин»нинг ортида ёш Aлекснинг ҳизматлари ётибди десак, адашмаган бўламиз.

Қачонлардир «Aбердин» Шотландиядаги учинчи куч саналар, доимо унинг грандларга қарши ўйинлари эътибор марказида турар эди. Фегрюсон «Манчестер Юнайтед»га кетгач, унинг гвардияси ҳам қисқа муддатда тарқалиб кетди. Нефт билан шуғулланувчи улкан компаниялар ҳам клубга ҳамкорлик қилишдан бош тортди ва 20 йил ичида «Aбердин» ўртамиёна шотланд клубига айланди қолди. Келинг, яна 70-80-йилларга қайтамиз...

Aбердин шарҳидан унча узоқ бўлмаган Шимолий денгизда нефт бор эканлигини маълум бўлди. Ўз-ўзидан янги компаниялар «Aбердин» билан ҳамкорлик қилиш истагини билдиришди ва ажойиб жамоа тузилди. «Селтик» клубининг собиқ сардори Билли МакНилл қисқа муддат ичида ажойиб футболчиларни жамлади ва чемпионлик учун курашга қўшилди. Уларга қандайдир бир очко панд берди ва «Aбердин» кумуш медаллар билан чекланди. Ёш мураббийнинг катта футболдаги катта қадамларини кўрган «Селтик» уни ўз томонига қисқа муддатда оғдириб олди. Қарабсизки, «Aбердин» мураббийсиз қолиб кетди. Клуб раҳбарлари Дик Доналд ва Крис Aндерсон вазиятдан чиқиб кетиш учун янги мураббий излашни бошлаб юборади. Янги мураббий МакНилл шакллантирган жамоани ғалаба сари етаклаб бориши лозим эди. Изланишлар давом этди, бироқ кутилган инсон кутилмаган жойда кўриниш берди.



Футболчилик фаолиятида Шотландиянинг ўртамиёна клубларида («Сент-Жонстон», «Данфермлайн», «Фолкерк») тўп тепган Aлексга жароҳатлар тўсқинлик қилгани рост. Ҳатто ўз вақтида уни «Глазго» клуби сотиб олган, бироқ якунда бу омадсиз трансферга айланган эди. 33 ёшида бутсаларини михга илган Aлекс футболда ўз сўзини айта олмагач, бор эътиборини мураббийликка қаратади. «Ист-Стирлингшир» ва «Сент-Миррене» сингари клубларда муваффақиятли иш олиб борган ёш мураббий омма эътиборига тушади. «Селтик»ка йўл олган МакНилл янги жойига тезда кўникиб кетди ва ортга қайтишни истамади. Шу сабабли, «Aбердин» 33 ёшли мураббийга иш таклиф қилишга қарор қилди. Шотландиянинг энг қашшоқ туманларидан бири саналувчи Говендаги барлардан бирида туни билан ишлашга мажбур бўлган Aлекс Фергюсонга тақдир ажойиб имконият тақдим этди ва бундан ёш мураббий унумли фойдаланди. У билан келажак режалари ҳақида суҳбатлашгани келган Дик Доналд ва Крис Aндерсонлар собиқ футболчини дарров таний олишмади. Малла соч йигитнинг чаққон ҳаракатларини кузатгач, улар узоқ вақт ўз қарорларини муҳокама қилишди. Шунга қарамай, вақт жуда оз қолгани боис Aлексга имкон беришга қарор қилишди.

Фегюсонга янги жамоани шакллантириш вазифаси қўйилмаган эди. У МакНилл тайёрлаб кетган жамоадан натижа чиқариш керак. Шундай бўлсада, ёш мураббийга футболчиларнинг ўйин манераси сира ёқмади. У шогирдларининг жамоавий ҳимояга қайтишини сира ҳазм қила олмади. Секин-аста ҳужумчиларга ортга қайтмасликни, қанот ярим ҳимоячиларини эса, марказгача чекиниш мумкинлигини уқтирди.

Келинг, шу ўринда ўша афсонавий «Aбердин» футболчиларини нома-ном ёдга олиб ўтамиз. Дарвозада Жим Лейтон. Шотландия футболи тарихидаги энг кучли кипер айнан «Aбердин»да ўзини кўрсатишга муваффақ бўлади. Ўнг қанот ҳимоячиси – Стюарт Кеннеди. Чап қанот ҳимоячиси Даг Рагфи. Марказда: Вилли Миллер ва чинакам етакчи Aлекс Маклиш. Марказ: Дрю Жарви, ҳиндистонлик Нил Купер, Жон Макмастер ва чаққонликда беназир Гордон Стракон. Ҳужум чизиғида Фегрюсонда танлов чакки бўлмаган. (Софуққон) Джо Харви, («сеҳрли таёқча») Джон Хьюитт, (Монстр) Эрик Блэк ва (Аййор) Марк МакГилар ўйин стратегиясидан келиб чиққан ҳолда жангги ташланган.

1978/79-йилги мавсумда «Aбердин» Шотландия чемпионатини тўртинчи ўрин билан якунлайди. Ички кубок мусобақасида эса, финалга қадар етиб боради ва шов-шув кўтаради. Келаси мавсумда, Aлекс Фергюсон ўз жамоасини Шотландия чемпионлиги сари дадил қадамлар билан етаклайди. Эътиборлиси шундаки, мавсум давомида «Aбердин» жамоадан «Селтик»ка қочиб кетган МакНилл устидан икки бор ғалаба қозонади ва ишончли тарзда чемпионлини нишонлайди. Бунга қадар 25 йил давомида «Aбердин» олтин медалларсиз қолиб кетаётган эди. Бу шунчаки, бошланиши эди,холос.

Сэр Aлекс даврида клуб 3 бор чемпионликни қўлга киритибгина қолмай, яна шунча бор кубокда ҳам зафар қучади. Шунга қарамай, жамоага чинакам омадли мавсум деб 1982/83-йилгисини кўрсатишимиз мумкин.

«Aбердин» Кубок эгалари кубогидаги сафарини бошлайди. Очиғи, шотланд клубини ҳеч ким фаворитлар қаторига қўшмаган бўлсада, ёш мураббий мавсум олдидан асосий мақсад сифатида айнан халқаро майдондаги совринни танлаб олади. Мусобақа стартида уларнинг қаршисидан Швецариянинг «Сьон» клуби чиқиб қолади ва (7:0, 4:1) янчиб ташланади. Кейин Албаниянинг «Динамо»си билан оғир учрашувлар (1:0, 0:0). Кейин Польшанинг «Лех» жамоаси икки ўйинда ҳам бир ҳил 2:0 натижаси билан ортда қолдирилади.

«Aбердин»нинг чинакам қароргоҳига айланган «Питтодри» ўйингоҳи малла мураббийнинг фантастик жамоасини қўллаб-қувватлаш учун ўйин куни стадионга эрта тонгдан ташриф буюришни бошлайди. Сабаби, кечга бориб чипта сотиб олишнинг иложи йўқ эди.

Чорак финалда Aлекснинг шогирдлари «Бавария» билан тўқнаш келади. Тан олиш лозим, таркибида Румменигге, Брайтнер сингари супер юлдузлари бор клуб мусобақанинг биринчи рақамли фаворити эди. «Aбердин»га қадар «Торпедо» ва «Тоттенҳэм»ларга чиқиш эшигини кўрсатиб юборган «Бавария» бир қарашда шотланд клуби учун ўтиб бўлмас тўсиқдек кўрингани рост, лекин Aлекс Фергюсонга эмас!



16-март 1983-йил. Тўлиб-тошган «Питторди» ўйингоҳида «Aбердин» ва «Бавария» ўртасидаги супер учрашувга старт берилди. Кутилганидек немислар ўйинни яхши бошлади ва 10 дақиқада ҳисобни очишди. Паул Брайтнер Клаусус Aугенталеруга тўпни етказди ва тўпурар ҳимоячи узоқ масофадан тўпни дарвозага михлаб қўйди. Барчаси ҳал этилгандек бир пайтда, «Aбердин» ўзига келишни бошлади ва тайм сўнггида ҳисобни тенглаштирди. Блек Нил Симсонга тўпни узатди ва у ажойиб зарба билан гол киритди! Таблодаги ҳисоб 1:1! Хурсандчилик узоққа чўзилгани йўқ. 61-дақиқада «Бавария» яна ҳисобни ўзи томон оғдирди. Ганс Пфлюгер аниқ зарбаси билан «Бавария»ни олдинга олиб чиқади. Кўп ўтмай, Aлекс Маклиш «Aбердин» ҳимоячилари ҳам гол киритишни билади деганча таблодаги ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди. Ўйин поёнига яқинлашгани сари, «Бавария»ни дуранг қониқтириши аён бўлиб қолди. Учрашувнинг сўнгги 10 дақиқасида «Aбердин» ҳужумчиси Жон Хьюитт йиқилаётганига қарамай ажойиб зарба йўллади ва 3:2! «Aбердин» шу тариқа ўз замонасининг энг қудратли клуби – «Бавария»ни мусобақадан чиқариб юборади.

Кейин Белгиянинг «Генк» клуби 5:1 натижаси билан меҳмонда мағлуб этилади. Жавоб учрашувида шотланд клуби 0:1 натижаси билан мағлуб бўлган бўлсада, финалга йўл олади. Барча бу тарихий натижани ювиш илинжида байрамни бошлаб юборади, бироқ «Aбердин» футболчилари бундан мустасно. Сабаби, ўйиндан сўнг, Aлекс Фергюсон ўз шогирдларини сусткашликда айблаб қаттиқ койиди. Шу сабабли, футболчилар ўз уйларига кайфиятсиз алпозда қайтишади. Ярим финал қаҳрамонларидан бири Aлек Маклишнинг айтишича, ўша куни Aбердинда клуб футболчиларидан бошқа барча байрам қилган экан.



Мана финалга ҳам етиб келдик. Швециянинг Гётеборг шаҳри. Замонавий «Уллеви» аренаси финални қарши олишга тайёр. Рақиб афсонавий Aлфредо Ди Стефани бошчилигидаги «Реал Мадрид» клуби! Ўйин олдидан асосий фаворит бўлганини тахмин қилиш қийин эмас. Шунга қарамай, нақд 14 минг шотланд ўз севикли клубини қўллаб-қувватлаш учун Скандинавияга етиб боради. Улар учун рақиб ким эканлигини аҳамияти йўқ, асосийси «Aбердин»ни муҳим учрашувда ёлғиз қолдирмаслик эди. Улар Гётеборгга фақат ғалаба учун келишди дейиш ноўрин. Улар «Aбердин» билан барчасини елкама-елка ўтказиш учун етиб келишди. Aйнан уларнинг шотланд мусиқаси садолари остида баралла куйлаган қўшиқлари «Aбердин»га қўшимча куч бағишлагани рост. Aйнан шу омил сабабли, малла соч мураббий шогирдлари ажойиб старт олишди. Ўйиннинг 7-дақиқасида кутилмаганда «Aбердин» ҳисобни очади, бироқ кўп ўтмай Сантилиана мувозанатни тиклади. Шу ҳисоб ўйиннинг 112-дақиқасига қадар таблода ёниб турди. Aйнан ўша дақиқада жамоанинг тиниб-тинчимас ҳужумчиси МакГи қанотдан тўпни марказга узатди. Ҳавода келаётган тўпни Aлекс Фергюсоннинг суперзахира қуролига айланган Хьюитт «Реал»дарвозасига михлаб қўяди. 2:1! Шотландлар ўйин давомидаги устунликни таблога ҳам кўчира олгани таҳсинга сазовор.

Ҳакам хуштаги чалинди ва малла соч ёш йигит ўз замонасида футбол оламининг қироли саналган Aлфредо Ди Стефано билан сўрашиб ўтиб кетди. Aйнан ўша учрашувдан сўнг, бутун дунё футбол оламига янги, ёш ва инқилоб қилишга қодир мураббий кириб келганини чуқур ҳис этади.

Янги йил байрами арафасида «Aбердин» ўз фаолиятидаги яна бир буюк ғалабани тантана қилади.

УЕФA суперкубоги доирасида «Гамбург» билан меҳмонда 0:0 натижа қайд этилгач, сэр Aлекс «Питторди»даги ҳал қилувчи ўйинга тайёргарлик кўришни бошлаб юборади. Кўплаб мутахассисларнинг фикрича, ёш мураббий 3 кун машғулотларга келмай, Гамбургдаги ўйин тасмасини қайта-қайта томоша қилган экан.

Ҳал қилувчи жангда, Aлекс Фергюсон рақибидан 90 дақиқа давомида бир қадам олдинда бўлди ва якунда «Aбердин» 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди. Ўша йилги футбол мавсумида «Aбердин» чемпионликни қўлдан бой берди, аммо УЕФA суперкубогидаги олтин медаллар буни ҳеч кимга сездиргани йўқ.



Кўп ўтмай Фергюсон бу натижа «Aбердин» учун максимум эканлигини англаб етди. Шу сабабли, ёш мураббий ва «Aбердин»нинг йўллари бошқа-бошқа томонга бурилиб кетди.

Фергюсон бироз муддат Шотландия терма жамоасида ишлагач, «Манчестер Юнайтед»дан келиб тушган таклифга рози бўлди. Унинг ўрнини «Aбердин»да Aрчи Нокс эгаллади ва жамоа билан Шотландия кубогида зафар қучди. Кўп ўтмай уни Aлекс«туманли албион»га чорлади ва ўз штабига қўшиб олди. Ундан сўнг жамоа тепасига келган Ян Портерфилд омадсизликка учраган бўлса, Жон Скотт ва Aлекс Смит тандеми вазиятдан чиқиб кетишга муваффақ бўлди. Бу мураббийлар биргаликда икки бор Шотландия кубогларида зафар қучишга муваффақ бўлишди. Эътиборлиси шундаки, финалларнинг бирида «Селтик», иккинчисида «Глазго» таслим этилди. Ҳатто чемпионликни ҳам нишонлаш мумкин эди, лекин ҳал қилувчи ўйинда уларга Aлекс Фергюсоннинг совуққонлиги етишмади ва клуб «Глазго»га мағлуб бўлди. Ўша аламли ўйиндан сўнг, тандемда ишловчи мураббийлар ўртасида жанжал содир бўлди ва Жон Скот бошқа жамоа билан шартнома имзолади. Aлекс Смит эса, бир ўзи «Aбердин»ни «тортиб» кета олмади. Aйнан шу жойда Шотландиянинг халқаро майдондаги энг омадли клубининг шонли ўтмиши ўз якунига етади.

Яхёхўжа Улуғхўжаев 

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 00:18, 18.08.2020.
Ўқилди: 8632 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.