Лондонда Эдди Хирн промоутерлиги остида проф бокс турнири ўтказилди ва унда супер оғир вазн тоифаси WBC вақтинчалик камари учун даъвогарлар рингга чиқишди. Тажрибали Александр Поветкин ёш истеъдодли Диллиан Уайтга қарши жанг қилди.
Фаворит Уайт эди. Устунликни ҳам у қўлга олди дастлаб. 4-раундда Уайт ҳатто Поветкинни нокдаунга туширди, аммо россиялик боксчи ўзини тиклай олди. Кейинги, 5-раундда эса Поветкин яқин масофада рақиб ҳужуми пайтида апперкот услубида контр-зарба берди ва Уайтни чуқур нокаутга учратди.
Ушбу ёрқин ғалабадан кейин Поветкин Тайсон Фьюрига қарши жанг қилиш учун даъвогарга айланди.