Иккинчи давранинг дастлабки ўйини, яъни Coca Cola Суперлига 14-тури доирасида “Навбаҳор” ўз майдонида Тошкентнинг “Пахтакор” клубини қабул қилади.
Суперлига (олий лига)мизнинг мунтазам иштирокчиси бўлган мазкур клубларнинг ўзаро учрашувлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, жамоалар ҳозиргача 59 марта ўзаро рўбарў келишган. Ўзаро ўйинлар бўйича устунлик пойтахтликлар тарафида. Ўтказилган баҳсларнинг 37тасида “шерлар” зафар қучишган бўлса, 13та ўйинда “лочинлар” ғалаба қозонишган, 9 та учрашувда эса дуранг қайд этилган. “Пахтакор” “Навбаҳор” дарвозасига 100та тўп киритиб, ўз дарвозасидан 46 та тўп ўтказиб юборган.
Ўзаро ўйинларда “шерлар” 120, “лочинлар” эса 48 очкони қўлга киритишган.
Ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйинлари тарихида қайд этилган энг йирик ҳисоб - 7:0. Ушбу ҳисоб 2009 йили Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда қайд этилиб, унда “Пахтакор” зафар қучганди.
Айни пайтгача Наманганда бўлиб ўтган 29 та баҳснинг 12 тасида “лочинлар” ғалаба қозонишган бўлса, яна 12 тасида тошкентликлар зафар қучишган, 5 та ўйинда эса дуранг қайд этилган.
“Навбаҳор” ўз майдонидаги ўйинларда “Пахтакор” дарвозасига 27та гол уриб, ўз дарвозасидан 33та тўп ўтказиб юборган.
Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Пахтакор” ўйини бугун Намангандаги “Марказий” ўйингоҳда соат 19:00да старт олади.
Бўлажак учрашувда севимли жамоамизга омад ёр бўлиб, жорий мавсумдаги навбатдаги ғалабасини нишонлашига тилакдошмиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.