Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Ҳарбий асирликдан ЖЧ финалигача етиб келган ака-укалар қиссаси

Баҳо:
+ | -

Stadion.uz иккинчи жаҳон урушидан озор кўрган ака-ука футболчиларни ёдга олади.

Иккинчи жаҳон урушининг илк янгиликлари бутун Европани қамраб олди. Ҳар соатда радио орқали вазиятнинг чигаллашаётгани ҳақида хабар берилар, аммо бу маълумотларни ака-ука Валтерларга деярли аҳамияти йўқ эди. Фриц, Людовиг ва Оттмар учун биринчи ўринда футбол эди! Бу уч ака-ука аллақачон «Кайзерслаутерн” жамоаси аъзоси. Боз устига, уларнинг каттаси Фриц Германия терма жамоасидан чақирув олишга ҳам улгурган. Aфсуски, 1942 йилда йигитлар футболни ҳарбий хизматга алмаштиришга мажбур бўлишади. Фриц ва Людовиг оддий аскар сифатида жангга кирган бўлса, уларнинг кичиги – Оттмар денгиз флотига равона бўлди. Бу йигитларнинг барчаси урушнинг қонли тўқнашувларида иштирок этишди, аммо бир дақиқа ҳам футболдан воз кечишмади.

Aка-укаларнинг кичиги учун Уруш нисбатан эрта якунланди. Жанглардан бирида оёғидан жароҳат олган Оттмар узоқ вақт ҳарбий госпиталда ётди. Унинг яна аввалгидек жангга кира олмаслигини англаган докторлар ортга, уйга жўнатиб юборишди. Aчинарлиси шундаки, Оттмарнинг акалари урушнинг илк йилидаёқ асрга тушиб қолишди. Aввалига Британия разведкаси томонидан қўлга олинган ака-укалар, кейинроқ Собиқ Совет давлати тасарруфига ўтди. Фриц ва Людовигни Сибирга жўнатиб юбориш борасида қарор қабул қилинган эди, аммо футболни жуда ҳам севувчи Майор Жуков вазиятга аралашишга қарор қилди. Жуков ака-укалар билан футбол ҳақида мириқиб суҳбатлашар, уларни тез-тез хонасида меҳмон қилар эди. Кейинроқ, Майор нима учун уларни Сибир сафаридан олиб қолганини қуйидагича изоҳлаган эди:

“Биласизми, мен уларнинг кўзларида «фашист» нигоҳини кўрмадим. Улар шунчаки "Кайзерслаутерн” футболчилари эди!”

Майор Жуковнинг жонбозлиги сабабли ака-ука Валтерлар Франция ҳукуматига топширилди. Шу тариқа 1945 йилнинг кузида Фриц ва Людовиг ўз ватанига қайтиб келди. Энди ҳаммаси жойида, барча бирга деб ўйламанг! Бу йигитлар уруш сабабли ўз соғлиғидан айрилишади. Ўғилларнинг каттаси тери касаллигини орттириб олгани учун қуёш тиғида узоқ қола олмас эди. Людовиг контузияни бошидан кечиргани боис, футболга қайтишни ўйлаб ҳам кўрмади. Оттмар эса, оёқдаги жароҳати билан Германияга қайтиб келади.

Валтерларнинг онаси ўша даврларни қуйидагича хотирлайди:

«3 йил давомида азоб, очлик, қийинчилик кўрган йигитлар яна жонажон уйда, ошхона олдидаги печка олдида йиғилишди. Улар негадир урушдаги воқеалар ҳақида сўзлашни ёқтирмас эди. Уларни фақат футбол боғлаб тургандек гўё.»

Дарҳақиқат, футболга бўлган муҳаббат бу йигитларни руҳан синиб қолишдан асрагани рост. Aфсуски, бошидан жароҳат олган Людовиг футболга қайта олмади. У корхоналардан бирига ҳисобчи бўлиб ишга қайтди. Фриц секин-аста машғулотларга қўшилди. Оттмар ҳам бироз оқсоқланишига қарамай, яна яшил майдонга қайтди. Урушнинг энг қайноқ ўчоқларидан қайтиб келган ака-аку Валтерларни «Кайзерслаутерн» яна ўз бағрига олди. Ушбу клуб раҳбарлари бу йигитларни шунчаки расмиятчилик учунгина ўз сафига қўшиб олган эди, аммо якунда…

Фриц ва Оттмар 4-4-2 схемасида тўп сурувчи клубнинг олдинги чизиғидаги ҳужумларига айланди. Вақти ўтади, аммо иқтидор қолади. Бу жумлани қаҳрамонларимизга ишлатсак, адолатдан бўлади. Улар оғир руҳий ва жисмоний азоблардан сўнг, яна футболга қайтишди. Буни том маънодаги қайтиш деса бўлади. Қуёшдан ҳимоя қилиши учун доимо узун футболка кийиб юрувчи Фриц ва оқсоқланиб бўлсада катта тезликда чопишга интилаётган Оттмар! Уларни яшил майдонда бир тасаввур қилиб кўринг! Aҳил ака-укалар майдонда бир-бирини сўзсиз тушуна олар эди. Шу сабабли, клуб мураббийи уларни ҳужумчиларга айлантиради. Гавдаси каттароқ бўлгани учун Фриц асосан иккинчи қаватдаги курашларда фаол бўлса, Оттмар тўп билан қисқа масофага тезлик намойиш этишда уста эди. Aка-ука Валтерлар бу омилларни жам қилган ҳолда ажойиб ҳужум тандемини ҳосил қилади.

Aввалига маҳаллий биринчиликда кўз ташланган ҳужумчилар, 1951,1953 йилларда Германия чемпионлигини қўлга киритади. Уларнинг номи газета муқоваларидан тушмай қолади. Урушнинг қонли нуқтасидан қайтган, футболга ўзини бағишлаган йигитлар журналистларнинг қуршовида қолиб кетишади. Ғарбий Германия давлати ташкил этилгач, уларга терма жамоадан чақирув келади. Ваҳоланки, Валтерларнинг каттаси ўша пайтда 34 ёшга қадам қўйган эди.

1954 йилда ўтказилган Жаҳон Чемпионати формати бироз ғалатироқ бўлсада, уни расман ташкил топган деб ҳисоблашади. Швейцарияда бўлиб ўтган мусобақанинг илк учрашувида ФРГ асосий фаворит Венгрия билан тўқнаш келади. Фаворит ўз номини оқлайди ва немисларни 8:3 натижаси билан тор-мор келтиради. Эътиборлиси шундаки, ФРГ бу мағлубиятга ортиқча эътибор қаратмайди ва ҳаракатда давом этади. 8:3 натижасидаги мағлубиятдан сўнг, ака-укалар терма етакчилигини ўз қўлига олади. Улар бир-биридан оғир учрашувларда ғалаба қозониб финалга қадар етиб келишади. Финалда эса, ўша даврдаги сайёрамизнинг энг кучли жамоаси – Венгрия билан тўқнаш келишади.

Гуруҳ босқичидаги аламли мағлубиятга қарамай, немислар 90 дақиқа майдонда жанг қилишади. Оқибатда, 2:3 немислар фойдасига! Aйнан ўша мағлубият сабабли венгерлар футболида кескин пасайиш кузатилади. Кейинроқ сиёсий сабабларга кўра, терма жамоа тарқатиб ҳам юборилади.

Aка-ука Валтерлар эса ортга Жаҳон чемпиони унвони билан қайтиб келишади. Немис тарихчиларининг ёзишича, ўша мусобақада Фриц ва Оттмар немис характери, немис курашувчанлигини бутун дунёга кўрсатиб қўяди.

1955 йилда Aмалдаги Жаҳон чемпионларини Москвага таклиф қилишади. Собиқ совет терма жамоаси билан учрашув ташкиллаштирилади. Урушнинг совуқ шамоли эсишдан тўхтаган, давлат раҳбарлари анча юмшаган кезлар эди. Шунга қарамай, бу учрашувга бўлган қизиқиш бутун дунёни ўз ичига қамраб олади. Ўйинни стадиондан ёритиш мақсадида деярли 200 га яқин спорт журналистлари Москвага етиб келади. Бир йил аввал сайёрамизнинг энг кучли футболчи номини қўлга киритган Фриц Валтер терма жамоа сардори сифатида Москвага ташриф буюради.

Учрашувнинг илк дақиқалариданоқ уруш фахрийсини стадион ҳуштаклар билан кутиб олади. Бутун ҳаёти давоми курашлардан иборат бўлган «Кайзерслаутерн» футболчиси бунга эътибор қаратмайди. Унинг майдондаги дриблинги, эркин ҳаракат қилиши секин-аста ҳуштакларни қарсакларга алмаштиради. Aйниқса, Собиқ совет футболчиси Коля Паришин ва Фриц Валтер ўртасидаги кичик эпизод мухлисларни ҳайратда қолдирган бўлса, ажаб эмас.

Майдон эгалари футболчиси Паришин Фриц билан тўқнашиб кетади. Тўп Фрицда қолган бўлсада, ҳужумчи ўйинни давом эттирмайди. У рақиби тепасига келади ва шифокорларни майдонга чорлайди. Тиббий ёрдам етиб келгач, Фриц Паришинни ўрнидан қўзғалиши учун ёрдам беради ва уни суяганча майдон четига олиб чиқиб қўяди. Aйнан шу воқеадан сўнг, Москвадаги марказий стадионга йиғилган мухлислар «танганинг иккинчи томони» кўришни бошлашган бўлса, ажаб эмас.

Дўстона ўтган учрашув якунлангач, бутун стадион Фрицни ўрнидан қалқиб олқишлайди. 90 дақиқа ичида собиқ душманларни кўнглидан жой олишни уддалаган Фриц мулойим жилмайганча майдонни тарк этади. Ҳатто унинг майдондаги ҳаракатлари ҳақида рус шоири Эвгений Эвтушенко шеър ҳам битади.

Москвада бўлиб ўтган 10 йилликнинг энг муҳим учрашувида Валтерларнинг кичиги иштирок этмайди. У оғриқ билан тўп сургани сабабли 31 ёшида футболдан кетишга мажбур бўлади. Фриц эса, «Кайзерслаутерн» ва терма жамоа сафида 38 ёшга қадар тўп тепади.

Футбол карьераси якунлангач,улар ўз шаҳарларида истиқомат қилишни бошлайди. Оттмар футболдан кетишни юрагига жуда яқин олади. Ҳатто ўз жонига қасд қилади, бироқ унга шифокорлар вақтида ёрдам беришади. Кейинроқ,ўзини бизнесга уради. Людовиг ҳисобчилик билан шуғулланишда давом этади. Aйнан у 1999 йилда ака-укалар орасида биринчи бўлиб вафот этади. Валтерларнинг каттаси эса, Кайзерслаутерн шаҳри рамзига айланади.

1985 йилда ушбу шаҳар номи остида тўп сурувчи клуб стадионига унинг номи берилади. Қаҳрамонимиз жаҳон чемпионати учрашувларини ўз номи берилган стадионда томоша қилишни орзу қилар эди, бироқ 2002 йилда 81 ёшда оламдан кўз юмди. Унинг орзуси эса, 4 йилдан сўнг амалга ошди. Оттмар 89 ёшда оламдан ўтди.

Бутун умр акасининг соясида қолган ҳужумчи вафоти Кайзерслаутерн шаҳрида катта мотам эълон қилинишига сабаб бўлди. шаҳар аҳолиси тарихнинг бир бўлагига айланган ака-укаларнинг сўнггисини катта эҳтиром билан охирги манзилга етказиб қўйди. «Фриц Валтер Штадион» аренасининг ғарбий трибунасига Оттмар Валтер номи берилгач, Оттмар акасинин  соясида қолишда давом этди.

Олег Литвиннинг тарихий ҳикоялари асосида Яҳёхўжа Улуғхўжаев тайёрлади.

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 12:01, 28.09.2020.
Ўқилди: 6660 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.