Ўзбекистон Суперлигаси 18-тур баҳслари давом этади. Бугун, тур доирасида Жиззах, Қарши ва Навоийда учрашувлар бўлиб ўтади.
Тушкунликдан чиқиб келаётган “Локомотив“, натижаларни бундан ҳам яхшилаш ва биринчи даврада ўз уйидаги мағлубиятнинг “хуни“ни талаб қилиб, меҳмондагидан кўра ўз майдонида нисбатан яхшироқ натижалар қайд этаётган “Сўғдиёна“ билан қарама-қаршилик учун Жиззахга сафар қилади. Андрей Микляев ва Темур Кападзе қўл остида жамоа қаторасига 4 ўйиндирки мағлуб бўлмаяпти. Ўтган мавсум чемпионатни кучли учликда якунлаган Улуғбек Бақоев шогирдларининг эса ҳозирги аҳволини нормал ҳолат деб бўлмайди. Шу боисдан ҳам, асосий урғу рақибнинг ким бўлишидан қатъий назар, ғалабага қаратилади.
Жиззахликлар Тошкентда кечган учрашувда, 14 йил деганда эришилган ғалабани мезбон сифатида ҳам такрорлашга уриниб кўришади. “Бўрилар“дан алами бор “темирйўлчилар“ эса кичик серияни давом этиши учун ғалабага даъвогар.
Ўзаро ўйинларда 11 та гол уриб, ўз дарвозасидан 42 та тўп ўтказиб юборган Жиззах жамоаси, турнир жадвалида 22 очко билан 8 ўринда бораётган тошкентликлардан 1 поғона пастда, 20 очко жамғарган ҳолда боришмоқда. Демакки, комиссар Лазиз Қўчқоров, назоратчи Дмитрий Роман ҳамда Жасур Мухторов, Аваз Абдуллаев, Сардор Нишонбоев, Санжар Назаров жамоасидан иборат расмийлар бошқариб борадиган бугунги учрашувнинг шиддатли, муросасиз ва голларга бой ўтишига сабаблар етарли.
Баҳс соат 17:00да “Спорт" телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилади.
Дадажон ФОЗИЛЖОНОВ тайёрлади.