Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Қарзлар, шубҳали ҳомийлар ва бойишда давом этаётган хўжайинлар. «Манчестер Юнайтед»га нималар бўлмоқда?

Баҳо:
+ | -

Агар тўртинчи молиявий чорак натижаларига назар ташланса, «Манчестер Юнайтед»нинг ишлари (бундан-да) яхшироқ бўлиши мумкинлиги кўринади. Айни пайтда клуб беҳуда ва мақсадсиз пул сарфламоқда, қарзлар эса тобора кўпайиб бормоқда. Бироқ шунга қарамай, клубнинг америкалик эгалари — Глейзер оиласи ҳамон бойишда давом этмоқда.

Айни шу масалалар юзасидан ташкил этилган инвесторларнинг виртуал учрашувида (ўша) эски саволлар муҳокама қилинган. Тижорий ишлар бўйича директор Ричард Арнольд юқорида айтиб ўтилган барча саволларни яна бир бор четлаб ўтиб, ижтимоий тармоқларда клубнинг 10 миллионлаб обуначилари борилиги билан мақтанган. Шу билан бирга, футбол жамоатчилигининг таниқли вакили Эд Вудворд Project Big Picture (инглиз футболидаги гигантлар учун жуда фойдали бўлган ислоҳотлар рўйхати) ва Европа Суперлигасини эслатиб ўтган. Шунингдек, томошабинларнинг трибуналарга қайтиши ва трансфер харажатлари масалаларига ҳам тўхталиб ўтилган.

Демак, қуйида ушбу учрашувдан қандай хулосалар чиқариш мумкинлиги ҳақида батафсил фикр юритилади.

Кам даромад, кўпроқ соф қарз

«Манчестер Юнайтед»нинг 2020 йилнинг 30 июнигача бўлган йиллик даромади 509 миллион фунт стерлингни ташкил қилди, бу 2019 йилга нисбатан, (627,1 миллион фунт) сезиларли даражада кам. Клуб 560—580 миллион атрофидаги даромадга умид қилаётганди, яъни томошабинларсиз учрашувлар «қизил иблислар»га 70 миллион фунтга тушган.

Албатта, энг ёмони, мухлисларсиз ўйин ўтказиш. Бунинг устига, телетрансляция қилувчилар ҳам 14 миллион фунт стерлингни қайтариб олиб қўйди. Қизиғи шундаки, тижорий даромад 3,9 миллион фунтга кўтарилиб, 279 миллион фунтга етди. Бунинг сабаби: кўпроқ ҳомийлик шартномалари ва мавсумолди сафарлар учун белгиланган маблағ. Ушбу иккита жиҳат «Олд Траффорд»даги Megastorе (клуб дўкони) ёпилишидаги зарбани юмшатишга ёрдам берди. Одатда бренд дўкон катта пул олиб келарди, аммо пандемия туфайли у март ойининг ўрталаридан то июнь ойининг яримларига қадар фаолият юритмади. Шу сабабли клуб 5,8 миллион фунтни қўлдан чиқарди.

Бу шуни англатадики, ўтган 12 ойда солиқлар, фоизлар, ва амортизация олдидаги фойда 132,1 миллионга камайди — ўтган йили бу кўрсаткич 185,8 миллион фунтни ташкил этганди. Бу клубнинг 2015 йилдан бери энг ёмон кўрсаткичи ҳисобланади. Агар бу кўрсаткич 65 миллиондан пастга тушадиган бўлса, сармоя киритган ҳар бир инвестор, қонунга биноан, ўз пулларини қайтариб олиши мумкин.

Операцион даромад 5,2 миллион фунтга камайди ва клуб 23,2 миллион фунтни йўқотди. Энг ёмони, соф қарздорлик 474,1 миллионга етди, ўтган йили эса бу кўрсаткич 203,6 миллион фунт стерлингни ташкил қилгани айтилди.

Бу 133 фоизга ўсди дегани. Буларнинг барчаси «Юнайтед» нима учун трансфер ойнасида маблағ сарфлашни истамаганлигини тушунтиради. Клуб молиявий директори Клифф Бейтининг айтишича, ишлар шу қадар ёмонки, бу сафар келажакдаги даромадлар тўғрисида умуман тахминлар ҳам бўлмаслиги мумкин. Бунга сабаб дея мавсумолди сафарларнинг йўқлиги ва бутун мавсумнинг томошабинларсиз ўтиши эҳтимоли кўрсатилмоқда.

Ўйинчиларнинг иш ҳақи камайиши, акциядорларнинг дивидендлари

«Юнайтед» ҳар сафар Чемпионлар Лигасидан қуруқ қолар экан, бу ўз футболчиларининг ҳамёнига зарба бўлади. Қабул қилинган қоида тариқасида ҳар бир ўйинчининг иш ҳақини 25 фоизга қисқартирилади, бироқ истиснолар шартномаларда кўрсатилган бўлиши ҳам мумкин.

Дарҳақиқат, ҳисоботларда ҳамма нарсани кўриш мумкин: бир йил давомида ходимларнинг маошига сарфланган маблағ 48,3 миллионга камайиб, 284 миллион фунтни ташкил этган. Бу «Юнайтед»да «Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслик оқибатида иш ҳақининг пасайиши», деб номланади.

Аммо барқарор жиҳатлар ҳам йўқ эмас: акциядорларга дивидендлар. 2020 йилда клуб акциядорларга 23,3 миллион фунт стерлинг тўлади — бу 2019 йилга нисбатан, атиги 100 мингга камдир. Улар «Манчестер Юнайтед»нинг 78 фоизига эгалик қилганлиги учун энг кўп маблағ ишлаб олди.

The Athletic’га маълум бўлишича, тўловлар пандемия бошланишидан олдин, февраль ойида келишилган экан. Шу тариқа кейинги сафар воқеалар ривожи қандай ўзгаришини тахмин қилиш қолмоқда. Ҳозирча эса клуб «буни муҳокама қилмаган». Аммо битта нарса аниқки, агар «Юнайтед» дивиденд тўлашга қодир бўлса, улар буни амалга оширади. Ишбилармон доираларда бу хатти-ҳаракатлар қудратни намойиш қилиш билан боғланади.

Хитойнинг кириб келиши ва Chevrolet’дан сюрпризлар

Ҳомийлик шартномалари ҳам клуб учун яна бир сюрприз бўлиб хизмат қилди.

«Юнайтед» ҳозир янги титул ҳомийсини изламоқда — Chevrolet билан етти йиллик шартнома 2020/21 йилги мавсуми охирида ниҳоясига етади. Аммо янги ҳамкор қидириш ўрнига, клуб амалдаги шартномани узайтиришга қарор қилди.

Chevrolet’ни бошқарадиган General Motors пандемия таъсиридан хавотирга тушиб, компания логотипи «қизил иблислар» либосида келаси йилнинг декабрига қадар сақланиб қолиши компания учун манфаатли бўлади деган қарорни қабул қилди. Яъни, америкаликларда қолган 559 миллион долларни тўлаши учун яна олти ой вақт бор ва тўловлар долларда эмас, балки фунтда (425 миллион) амалга оширилади. Ушбу ҳолатдаги муҳим жиҳат шундаки, эндиликда клуб «инжиқ» курсдан қўрқмайди. Шу тарзда «Юнайтед» яна 11 миллионга эга чиқади.

Аслида бу «Манчестер Юнайтед»га янги ҳамкор танлашга шошилмасликка ёрдам берадиган ўзаро манфаатли келишувдир. Бироқ инсайдерлар эса америкаликлар билан келишув ушбу даражадаги бошқа ҳомий топа олмаслик билан боғлиқлиги ҳақидаги маълумотни қатъиян рад этмоқда. Афтидан, ҳозирда бир қанча даъвогарлар билан музокаралар олиб борилаётган кўринади. Бу шуни англатадики, назарий жиҳатдан «Юнайтед» мавсум ўрталарида ўз ҳомийсини ўзгартириши ҳам мумкин. Футболда эса бундай ҳолатлар кўп ҳам учрайвермайди.

Арнольд «Манчестер Юнайтед»нинг тижорат стратегияси жуда муҳим эканлигини таъкидламоқда. У «кучли йил»ни тасвирлар экан, саккизта янги ҳомийлардан иккитаси — Lego ва Visit Malta ҳақида сўз юритди. «Биз ўз брендимизни юксалтириш учун тинимсиз янги имкониятларни излаймиз. Клубнинг кучли тижорат двигатели жамоага пулни қайта сармоялашга имкон беради», — дейди Арнольд.

Тижорат директорини айниқса, Узоқ Шарқдаги фаолиятнинг кенгайиши хурсанд қилмоқда. Гап биринчи навбатда электрон тижорат гиганти Alibaba билан тузилган келишув ҳақида кетмоқда. Арнольд бу борада шундай дейди: «Биз ҳозир Хитойда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ контент яратяпмиз. Айни дамда Weibo ва WeChat тармоқларида энг кўп талаб қилинаётган клубмиз».

Чиқиши сўнггида Арнольд «Юнайтед»нинг барча ижтимоий тармоқларда 1,4 миллиардлик ижтимоий алоқалари борлигини, бу ўтган мавсумга нисбатан 24 фоизга ошганлигини эслатиб ўтди. Бу албатта, клуб учун бутунлай янги кураш майдонидир: 2013 йилда Сер Алекс Фергюсон бош мураббийлик лавозимини тарк этганида «Манчестер Юнайтед»нинг ҳатто Twitter’да ҳам саҳифаси йўқ эди.

Трансфер харажатларини асослаш

«Иблислар»нинг трансфер ҳаракатлари ҳақида ҳам кўп гапирилди. Манкунианлар Жейдон Санчони ёз давомида таъқиб қилди, бироқ унинг трансфери учун етарли маблағ топилмади. Вудворд эса сўнгги беш йил ичида биронта ҳам 100 миллион евродан қиммат бўлган битим бўлмаганини айтди.

Бундан ташқари, Вудворд анчадан бери ўзига қилинадиган танқидларга кўникиб қолган. Ўз нутқида у шунингдек, амалга оширилган асосий трансферларни эслаб ўтди: «Биз Донни ван де Бек ва Алекс Теллес каби янги келганлардан мамнунмиз, уларни жуда узоқ вақтдан бери кузатиб бораётгандик. Шунингдек, ажойиб ҳужумчи Эдинсон Кавани қўшилди, у ҳужум чизиғимизга хилма-хиллик бағишлайди. Факундо Пеллистри ва Амада Диаллонинг январь ойида жамоага қўшилишидан ҳам хурсандмиз. Уларнинг ҳар иккаласи ёш истиқболли футболчилардир».

Вудворд шунингдек, Европа кучли бешлик чемпионатларида таркибни кучайтиришга йўналтирилган харажатлар 40 фоизга камайганлиги ҳақида гапирди. У ўта эҳтиёткор «Реал», «Барселона», «Бавария», «Ювентус» ва ПСЖни қайд этди, уларнинг соф харажатлари 9 миллион еврони ташкил қилган. У «Челси»нинг сарф-харажатларини ҳам эътиборсиз қолдиролмади: «Албатта, истиснолар ҳам бўлди. Айниқса, «Челси» 2019 йилги тақиқ натижасида пайдо бўлган ‘тешикларъни ёпди. Лекин асосийси, сўнгги бир нечта трансфер ойнасига қаралса, бизнинг соф сармоямиз рақобатчиларимиз билан солиштирганда жуда яхши».

Ҳукуматни айблаш, Big Picture’га шама қилиш ва Суперлигадан воз кечиш

Агар Вудворд барча муаммоларида кимнидир айблаши керак бўлса, демак бу Британия бош вазири Борис Жонсондир.

Клуб ва шахсан, Вудворд ҳукумат Англия футболини мумкин бўлган реструктуризацияга ҳар сафар биринчи навбатда «Манчестер Юнайтед»га рад жавобини берганидан норози. Уларни яна-да ғазаблантирган омил — спорт тадбирларида мавжуд бўлган ижтимоий масофа қоидалари. Қайсидир маънода унинг эътирозларида ҳам жон бор:

«Биз батафсил режаларни ишлаб чиқдик ва мухлисларни трибунага қайтариш, уларга хавфсиз муҳитни кафолатлаш бўйича ўзимизга ва умуман қобилиятимизга ишонамиз. 20 дан ортиқ Европа мамлакатларида томошабинларга стадионларга у ёки бу тартибда кириш имкони берилган. Буюк Британия ҳукуматидан ушбу мисолларга риоя қилишни сўраймиз. Биз одамларнинг хавфсизлиги ҳамма нарсадан устун эканлиги ҳақида баҳслашмаймиз, лекин ҳеч бўлмаганда изчилликни талаб қиламиз. Агар одамлар самолётда ёки кинотеатрда бир неча соат ўтирса, нима учун улар очиқ ҳавода ва профессионаллар томонидан томоша қилинадиган стадионларга ташриф буюрмаслиги керак? Мухлислар футболнинг асосидир ва ҳукуматнинг номувофиқлиги клублар ва уларнинг асабига тегмоқда».

Инвестор унинг нутқига муносабат билдиргач, Арнольд унга қуйидагича жавоб қайтарди: «Дастлаб биз октябрь ойининг бошида стадионларнинг қисман тўлдирилишини кутгандик. Август ва сентябрь ойларида синовларни муваффақиятли ўтказдик. Ҳукуматнинг тавсиялари спорт майдонларида бўлаётган воқеалар туфайли эмас, балки мактаб ва университетларда эпидемиологик вазият ёмонлашгани сабабли ўзгарди».

Арнольднинг сўзларига кўра, ҳозирда томошабинларнинг мартгача қайтишини кутишдан маъни йўқ.

Вудворд шунингдек, элитага тортмайдиган 14 клуб маъқулламаган Big Picture лойиҳасига ҳам тўхталди. Вудворд «Юнайтед»ни имкониятларда фойдаланиб қоладиган эмас, балки бошқаларга ғамхўрлик қиладиган клуб деб атади.

«Биз музокараларда фаол иштирок этдик, чунки инглиз футболи пирамидасини COVID-19 фонида, ҳам қисқа ҳам узоқ муддатли истиқболлардаги барқарорлигини таъминлаш учун қўллаб-қувватламоқчимиз. Ҳар қандай ўзгариш доимо футбол тузилиши борасида кескин тортишувларга олиб келган. Бу 28 йил олдин Премьер Лига ташкил топганида ҳам шундай бўлган. Ҳозир футбол учун жуда муҳим лаҳзалар ва биз Премьер Лига муваффақиятига кафолат беришимиз керак».

Шундан сўнг инвесторлардан бири Европа Суперлигаси лойиҳасини эслатиб ўтди. Бу ҳақда анчадан бери музокаралар бўлиб келмоқда ва бир пайтлар ушбу ғояни молиявий гигант JP Morgan қўллаб-қувватлаганди. Аммо Вудворд АПЛнинг «катта олтилиги» бу борада музокаралар олиб бораётгани ҳақидаги миш-мишларни тасдиқлашдан бош тортди. Унга кўра, агар ФИФА билан қандайдир суҳбат ўтган бўлса, гап фақат 2024 йилдан бошлаб Чемпионлар Лигасидаги потенциал ўзгаришлар ва иштирокчи жамоалар сонининг 36 тага кўпайиши ҳақида кетганини айтган.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 08:30, 09.11.2020.
Ўқилди: 5661 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.