Про-лига 18-туридан ўрин олган “Нефтчи” — “Шўртан” (1:0) учрашувидан сўнг, меҳмонлар бош мураббийи Асрор Алиқулов ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Асрор ака, бугунги ўйин ҳақида фикрларингиз...
— Бугунги ўйин кўп нарсани ҳал қилиши ва бизни имкониятларимизни ошириши мумкин эди. Бугунги ўйинда таркиб борасида йўқотишлар мавжуд эди. Айниқса, бу холат ҳимоя чизиғида яққол кўринди, икки нафар марказий ҳимоя вакилини бугунги ўйинга олиб кела олмадик. Ўйинга келадиган бўлсак, ўйлайманки, бугун ёмон ўйин намойиш этмадик. Бизда кўпроқ ҳужумда маҳорат етишмади. Имкониятлар бўлди, лекин жисмоний ҳолат панд бермоқда. “Нефтчи”ни ҳужумлари кўпроқ стандарт вазиятлар орқали кечди, биз шунга қарши тайёргарлик кўргандик. Жорий мавсумда бу жамоага қарши тўртинчи ўйинда майдонга чиқдик, кубок мусобақасини қўшиб ҳисобласа, беш марта тўқнаш келмоқдамиз. “Нефтчи”ни куч томонлама билардик, бугун жуда оғир ўйин кечди, деб айтишим ноўриндир балки. Қаердадир ҳужум қилиб, тўпни ўзимизда ушлашга ҳаракат қилдик. Барибир сўнги сонияларда гол ўтказиб юбордик, аламли мағлубият десам тўғри бўлади.
— Ўйин давомида ҳакамларга нисбатан кўп эътироз билдирдингиз. Шу ҳолатларга қандай изоҳ берасиз?
— Бугунги ўйин телевидение орқали намойиш этилади, деб ўйлагандик. Шу сабабдан ўйин ҳакамларини учрашувни бошқаришда жиддий ёндашиши ва бу ўйинга савияли ҳакам жўнатилишини кутгандик. Футболни ҳам ҳурмат қилиш керак, учрашув ҳакамлари бир қатор хатоликларга йўл қўйишди. Уларни ишини муҳокама қилиш эмаску, лекин айниқса кичик қоидабузарликларда, ҳужумларни тўхтатишда уларда хатоликлар кузатилди. Шу сабабдан бугун ҳакамлар ўз вазифасини 100 фоиз уддалади деб айта олмайман. Барибир футбол ичида юрибмиз, уларнинг ўрни футболимиз ривожида жуда баланд.
— Навбатдаги турни яна Фарғонада, Яйпаннинг “Турон” жамоасига қарши ўтказасизлар. Шу ўйин ҳақида нималарни айта оласиз?
— Энди ҳозир оғир ўйин ўтказдик. Майдон ҳам совуқ, сирпанчиқ, шу боис футболчилар кўп куч йўқотди. Молиявий қийинчиликлар туфайлими, ёки чиндан ҳам шундайми, қайсидир ўйинчилар майдонга тушишдан бош тортишади. Шу сабаб, алмаштиришларга имкониятимиз йўқ. Яқин кунларда ўйин ўтказамиз, футболчиларнинг имкониятини чамалаб, тайёр бўлганларни майдонга туширамиз.
Бекзод ТОЛИБОВ.