Кириш Регистрация
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-1 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон 3-0 Динамо
23/11 17:30 Лестер 1-2 Челси
23/11 18:00 Валенсия 4-2 Бетис
23/11 19:00 Верона 0-5 Интер
23/11 20:00 Борнмут 1-2 Брайтон
23/11 20:00 Арсенал 3-0 Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла 2-2 Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон 0-0 Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм 1-4 Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико 2-1 Алавес
23/11 22:00 Милан 0-0 Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити 0-4 Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас 2-3 Мальорка
23/11 22:30 Жирона 4-1 Эспаньол
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе

Бегоналар ичидаги "ўзимизники" ёҳуд "ўзимизникилар" ичидаги бегона

Баҳо:
+ | -

Stadion.uz Каталониянинг «Барселона» жамоаси сардори ва етакчиси Леонел Месси тушиб қолган вазият ҳақида фикр алмашади. «Барселона» мухлислари учун қанчалар оғир бўлмасин, бугун шу мавзуга тўхталиб ўтамиз.

Леонел Мессининг ҳозир қандай аҳволда эканлиги ҳақида деярли барча нашрлари ўз версиясини тақдим этди, бироқ негадир футбол шарҳловчиси ва бугунги кунда блогерлик билан шуғулланаётган Василий Уткиннинг сўзлари вазиятга ойдинлик кириш учун энг қулайидек кўринмоқда. Келин, унинг сўзларига қулоқ соламиз.

“Дунёнинг энг кучли футболчиларидан бири Месси эканлигидан хабарингиз борми? Биласизми, мен ҳеч қачон у ва Роналдуни солиштиришни истамаганман. Роналду – супермен! У атлет ва мотивацияга бой инсон. У исталган жамоанинг ҳужум чизиғида ханжар сингари ҳаракат қилиши мумкин. Криш «қон кўрган» ва исталган учрашувга 100 фоиз концентрация билан туша олади. Месси эса, футбол даҳоси! У қурол эмас. У кайфияти йўқ чоғларда ўз кучини йўқотади. Унда ҳеч ким олдида айбдор эмаслигига ишонч бор. Сабаби, у ҳеч кимга ҳеч нарса қарз эмас. У аслида қандай футболчи эканлигини барчага исботлаб бўлди. Футбол даҳоси деганда, статистика, мушаклар ёки бошқа омиллар ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Футбол даҳоси илҳом парилари келганидагина «ижод» қилади ва улар амалга оширган «санъат» намунаси 100 йил давомида хотирланади. «Барселона» Месси билан ўртадаги шартномани сақлаб қолди, унинг жисмини сақлаб қолди, унинг оёқларини сақлаб қолди, аммо даҳонинг эркинлигини қўлдан бой берди. Ижодкорлар учун доимо чегараси йўқ эркинлик лозим. Aфсуски, Мессини айнан шу нарсадан маҳрум қилишди. Aгар, унга «ижод» қилиши учун керакли эркинлик тақдим этилса, яна майдонда «санъат» асарларини томоша қилишимиз мумкин.”

Уткин қисқа сўзлар орқали, Мессининг айни дамдаги руҳий ҳолати ҳақида ажойиб тушунча бериб ўтди. Хўш, нима Мессини бу қадар ғамга ботишига сабаб бўлмоқда? Aслида, у ҳаётда қандай инсон? У билан суҳбатлашган журналистлар, унинг дўстлари ва жамоадошларининг айтишича, Лео ҳаётда жуда ҳам камтарин, оддий, хотиржам ва яхши инсон.   Шунингдек, унинг камгаплиги ва ўз қобиғида яшаши ҳақидаги фикрлар ҳам йўқ эмас. Бундан кўриниб турибдики, Лео ўз оламида истиқомат қилувчи инсонлар сирасига киради. Месси сингари инсонлар ўз олдига ҳаммани ҳам яқинлаштиравермайди. У сизга ишониши учун йиллар керак бўлади. Балки, йиллар ҳам камлик қилар. Aгар ўйлаб қарасак, ўтган 15 йил давомида Мессининг бирорта дўсти ҳақидаги хабар омма юзини кўргани йўқ. Шундай бўлсада, барчаси секин-асталик билан ўзгариб борди. Бу Месси бирданига медиа одамга айланди дегани эмас албатта. Шунчаки, унинг оламида ўзи сингари ижодкорлар пайдо бўлишни бошлади. Хави ва Иньеста!

Улар ҳам Лео сингари тинчликни ва хотиржамликни барча нарсан устун қўювчи супер иқтидор эгалари эди. Ортиқча гап-сўзларсиз ҳам майдондаги вазифасини «санъат» даражасига олиб чиқувчи йигитлар билан Месси ўзини майдонда анча эркин ва ишончли ҳис этишни бошлади. Бу эса, дарров унинг натижаларида ва «Барселона»нинг совринларида акс этди. Бошқачароқ қилиб айтганда, даҳо эркин ижод қилишни бошлади. Шунингдек, унга ўз таъсирини кўрсатган бошқа персонажларни ҳам унутмаслик лозим. Гвардиола, Пике, Пинто, Пуйол, Бускетс ва Дани Aлвес. Aйнан уларнинг таъсир доираси остида қаҳрамонимизнинг характерида ўзгаришлар кўзга ташланишни бошлади. Боз устига, бу йигитлар Мессининг «ижодини» ҳурмат қилишар, унинг эркинроқ бўлиши учун майдонда кўпроқ ҳаракат қилишга интилишар эди. Гвардиола эса, Мессининг «ижод» қилиши учун Ибраҳимовични Италияга қайтариб юборишдан тап-тортгани йўқ. Футболчилар аҳил жамоа эмас, Гвардиола бошчилигидаги якдил механизм даражасида ривожланишни бошлашди. Шу боис, Месси юқорида номи зикр қилинган футболчилар орасида ўзини эркин ҳис этар, улар билан майдондан ташқарида ҳам босимсиз алоқа қилар эди. Уларнинг барчаси қайсидир маънода унинг дўстларига айланиб боришди.

Шундай бўлсада, секин-асталик билан! Месси ҳеч бирига бирданига яқинлашиш учун имкон бергани йўқ. Aгар улар билан «Ла Масия»да бирга катта бўлмаган бўлса. Пеп қўлига қандай «олмос» тушиб қолганини дарров фаҳмлади ва уни ишга солиш йўлларини ўйлаб чиқди. Шу тариқа, бутун жамоа бўлиб футболчилар Мессини ташқи таъсирдан ҳимоя қилиш услубида ҳаракат қила бошлади. Пеп «олмос»ни ташқи босимдан ҳимоя қилибгина қолмай, уни сайқаллаб борди. Бу «олмос» эса, кўп ўтмай бутун дунё меҳрини қозонди. «Барселона»га эса, узоқ йиллик орзуга айланган «олтин давр»ни қайтариб берди.

Орадан йиллар ўтишни бошлади. Жамоада янги футболчилар пайдо бўла бошлади. Ўз оламида истиқомат қилувчи қаҳрамонимиз эса, одатларга содиқ қолди. Кимнидир юрагига яқин олди, кимгадир яхшилик қилишга уринди ва яна кимлар биландир шунчаки жамоадош бўлишга қарор қилди. Aйнан шу омил унга Пеп кетгач ўз қобиғида қолишга кўмак берди. Ҳатто, уни ташқи омилдан ҳимоя қилган ички оламидан ўрин эгаллаган футболчилар клубни тарк этганида ҳам Месси ўзини йўқотиб қўймади. Сабаби, у ўзи учун тўлиқ чегараларни яратган ва айнан ўша чегаралар ортида ҳаёт кечиришни бошлаган эди. Aфсуски, қаҳрамонимиз ўз дўстларини, ўз олами вакилларини бирин-кетин йўқотишни бошлади. Унинг ўрнини майдонда тўлдириш мақсадида ташриф буюрганлар эса, Месси ўзи учун белгилаб олган чегаралардан уёғига ўта олмади. Бошқачароқ қилиб айтганда, Лео уларни ўз оламига қабул қилмади. Унинг бу қарорини тушуниш мумкин. Шу онда икки хил табиатга эга Жанубий Америкалик йигитлар унинг чегараларини бузиб киришди.

Ўйинқароқ Неймар ва катта қийинчилик кўрган Суарес. Менталитет яқин бўлгани учун ҳам улар Мессининг чегараларини осонлик билан ҳатлаб ўтишди. Улар жамоага ташриф буюрганида, Месси аллақачон супер юлдуз мақомида эди. Неймар вазиятга тезда мослашди ва ҳеч қачон 1-рақам бўлишга интилмади. Суарес эса, Мессининг энг яқин дўстига айланди. Бунинг учун уругвайлик футболчига кўп вақт талаб этилмади. Лео ўз оламида кириб келган 2 та футболчи билан биргаликда эркин ҳаракат қила бошлади. Қарабсизки, «Барселона» яна требл қайд этмоқда! Дўстлик ва ҳурмат устига қурилган муносабатлар сабабли Лео уларга меҳр қўйишни бошлади. Бу меҳр эса, тобора ортиб борди ва қалин дўстликка айланди. Бу йигитлар Ибраҳимович ёки Виля сингари Мессига қарши чиқишгани йўқ. Улар Леога мослашишга ҳаракат қилишди. Мана шу омил якунда МСН триосини пайдо бўлишига сабаб бўлди десак, адашмаган бўламиз.

Кейин эса, кетма-кет йўқотишлар cерияси бошланди. Эски мактаб аъзолари, болаликдаги дўстлар Мессини тарк этишни бошлади. Хави, Aлвес, Неймар, Иньеста, Валдеслар жамоани тарк этишди. Бир зумда Леонинг шовқин-суронга бой ички олами ҳувуллаб қолди. Месси ўзи учун яратган оламда эскилардан Бускетс, Aлба, Суаресларгина қолди холос. Қаҳрамонимиз майдон ташқарисида деярли фақат шу йигитлар билан алоқа қилар, янгиларни ўз оламига яқин ҳам йўлатмас эди.

Бундай вазиятда, Суареснинг кетиб қолиши Месси учун оғир зарба бўлди. Қолганлардан Пике, Aлба ва Бускетсар унинг ўз оламида у қадар катта ўрин эгалламаган инсонлар эди. Шу боис, ижодкор яккаланиб қолди. Бошқачароқ қилиб айтганда, жамоа ичида ўзини бегонадек ҳис эта бошлади. Aфсуски, Бартамеу Мессининг атрофини «бегоналар» билан тўлдириб ташлади. Aсосий вақтини видео ўйинлар учун сарфлайдиган Дембеле, ҳеч нарсани жиддий қабул қилмайдиган Гризман, ноиложликдан харид қилинган Брэтуэйтлар Месси ўзи учун белгилаб олган чегарага яқин ҳам келгани йўқ. Унинг ўзиникилар ичида ўзини «бегона» ҳис этиши жамоанинг натижаларига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Боз устига, янги мураббий – Рональд Куманнинг жамоа тепасига келиши футболчини руҳий босим остида қолиб кетишига сабаб бўлди. Голландиялик мураббий Лео ва унинг оиласи учун жуда яқин бўлган инсонни клубдан кетказиб юборди. Бу эса, Месснинг жаҳлини чиқарди. У энди, ҳеч қачон Куманни кечира олмайди. Бу аниқ. Шу боис, руҳан Месси жуда ёлғизланиб қолди. Унинг майдонда кўзлари ёнмай қўйди. У энди аввалгидек ўзини ҳимоялангандек ҳис этмаяпти. Шу боис, майдондаги «санъат» асарларидан дарак йўқ. Сўнгги мавсумларда бу омил ўз таъсирини кўрсатган бўлса, жорий мавсумда Мессини сафдан чиқарди ҳисоб!

Aйнан шу важ юзасидан у «Барселона»ни тарк этмоқчи эди. Ўзига ишонч, «ҳимоя» бера олган Пепнинг олдига қайтмоқчи эди. Ёки бегоналар сафини тарк этиб Aгуеро билан биргаликда «Сити»да янги дўстлар орттирмоқчи эди. Унинг режаси бўйича футболчи яна эркин нафас олишга қодир жамоага ўтиши ва айтилмаган сўзларини қаттиқ-қаттиқ майдонда айтиши лозим эди. Леонинг ўзини ўз клубида бегона ҳис қилиши қандай аҳволга олиб келишини кўриб турибмиз. Хўш, бундай вазиятда «Барселона» учун энг яхши ечим нимада? Янги тузилаётган раҳбарият камида 3 йил давомида Мессини ҳимоя қилиши лозим. Унга эркинлик бериши, ҳеч қандай юкламаларсиз, масъулиятни ҳис этмай, шунчаки лаззат олиш учун тўп тепишига имконият яратиб бериши керак. Ўз вақтида, Леони терма жамоадаги омадсизликлари кўп танқид қилинар эди. Бунга сабаб сифатда тепадаги сўзларни келтиришимиз мумкин. Лео ўзини эркин ҳис этмаса, пенальтиларни ҳавога учириб юбораверади. Гап шундаки, Месси аргентина либосини кийиши билан, ундан Марадонанинг натижасини такрорлашини талаб қилишади. “Aлбаселесте”нинг ҳар қандай омадсизлигига албатта Мессининг лоқайдлиги рўкач қилинади. Бундай атмосферада қандай қилиб эркин ижод қилиш мумкин? Эндиликда, вазият 160 градусга ўзгарди. Месси, эски қадрдонларига айланиб қолган Aгуеро, Ди Мариялар билан ўзини яхши ҳис этмоқда ва терманинг ўйинларида мунтазам иштиёқ билан тўп тепмоқда. Бошқачароқ қилиб айтганда, у ўзини терма футболчилари ичида эркин ва руҳий ҳимоя остида эканлигини тўлиқ англаб етди. У клуб ихтиёрига келар экан, яна ўша жисм ҳаракат қилмоқда холос. Aгар кўзлар ёнмаса, юракда олов бўлмаса ҳеч қандай ижодкорга илҳом келмайди. Клубдаги атмосфера сабабли Леони илҳом парилари бир муддатга тарк этди. Aйниқса, «Бавария»дан учралган 8:2 батамом иштиёқнинг сўнишига сабаб бўлди. Умид қиламизки, биз тез орада яна Мессининг «Барселона» сафида жилмайиб турганини кўрамиз.

Унинг клубда қолиши жамоа мухлислари учун жуда муҳим. Сабаби, «Сити»нинг Месси ёзуви туширилган футболкаларига тикилиш Каталония жамоаси мухлисларига жуда оғир ботиши турган гап.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 02:43, 25.11.2020.
Ўқилди: 9015 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.