Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

“Қўқон-1912” жамоаси тарихий натижани такрорлади

Баҳо:
+ | -

Жорий мавсумда Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “Қўқон-1912” жамоаси ўз мухлисларини чиройли ўйинлари, ажойиб ғалабалари ҳамда турнир жадвалида юқори ўринлар учун курашда муносиб иштирок этганлиги билан хурсанд қила олди десак муболаға бўлмайди.

Бу йил “Қўқон-1912” жамоаси Ўзбекистон чемпионатлари тарихидаги ўзларининг энг яхши натижаларини такрорлашга эришдилар. Жуда қийин пандемия шароитида бўлиб ўтган суперлига ўйинларида Қўқонликлар мавсумни 5-ўрин билан якунлай олишди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг , 1992 йилдан бошлаб олий лига баҳслари ўтказила бошланди. Қўқонликлар олий лига ҳамда Ўзбекистон кубоги баҳсларида “Темирйўлчи” номи билан иштирок этишни бошладилар. Дастлабки мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказган “Темирйўлчи” , ўша йили чемпионатда 6-ўринни қўлга киритган бўлса, кубок баҳсларида финалга қадар етиб боришган. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон кубогининг финал ўйинида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасига ютқазиб қўяди. Ўша йилларда Қўқондаги ҳар бир ўйин мухлислар билан тўлиб-тошган стадионда бўлиб ўтар эди.

1993-йилда бўлиб ўтган иккинчи чемпионатда ҳам Қўқон жамоаси турнир жадвалида 6-ўринни қўлга киритади.

1994-йилги мавсумда эса жамоамиз Ўзбекистон чемпионатидаги  ўзининг энг юқори натижаси, 5-ўринни қўлга киритган. Геннадий Алексеевич Мотлах бош мураббий бўлган ўша мавсумда 30 та ўйин ўтказган “Темирйўлчи” 16 та ғалаба, 4 дуранг ва 10 та ўйинда мағлубият қайд этган. Тўплар нисбати эса 50-42 бўлган эди. 1994-йилги мавсмда жамоанинг голларига муаллифлик қилган футболчиларни ҳам эслатиб ўтмоқчимиз. Голлар муаллифлари: Мухтор Қурбонов – 15та, Муҳиддин Абдувалиев – 8та, Ойдинбек Алиев – 5та, Шуҳрат Раҳмонқулов – 5та, Азамат Ашурматов – 4та, Эрик Ермаков – 3та,  Эльвиддин Эюпов – 3та, Зоҳид Нурматов – 3та, Жамолиддин Тожибоев – 3та,  Хаитбой Ирисбеков – 1та.

1994-йилда жамоа бошқарувида Раҳматжон Эркабоев , жамоа бошлиғи Тоҳир Кападзе, ёрдамчи мураббий Юрий Великановлар фаолият олиб боришган эдилар.



Маълум муддат Қўқон шаҳрида футбол тўхтаб қолди. Республика чемпионатларида Қўқондан ҳеч қандай жамоа иштирок этмади. 2012-йил ўзбек футболининг 100 йиллиги арафасида Қўқон шаҳрига яна катта футбол қайтиб келди. Ўша вақтлардаги Фарғона вилояти хокими Шуҳрат Ғаниев, Қўқон шаҳар хокими Акрамжон Абдуллаев, “Қўқон спирт” АЖ раҳбари Хабибулло Абдуллаев, Ўзбекистон футбол федерацияси президенти, марҳум Мираброр Усмонов ҳамда Қўқонлик футбол фидоийси бўлган Бахтиёр ака Толиповларнинг ташаббуслари билан “Қўқон-1912” жамоаси Ўзбекистон чемпионатининг 1-лигасида ўз иштирокини қайта тиклади. 2014-йилги мавсумда Рустам Абдуллаев бошчилигидаги “Қўқон-1912” жамоаси 1-лига ғолиблиги ҳамда олий лигага йўлланмасини қўлга киритишди.



1994-йилги мавсумдан 26 йил ўтиб Қўқон жамоаси ўзининг Ўзбекистон чемпионатлари тарихидаги энг яхши натижасини такрорлашга муваффақ бўлди. Бу натижада клубимиз президенти Бахтиёр ака Толипов, жамоа бошлиғи Шуҳратжон Мўминов, вице-президент Виталий Ни ҳамда “Қўқон спирт”АЖ раҳбари Икромжон Абдуллаев  каби инсонларнинг хизматларини алоҳида таъкидлаган бўлар эдик.

Тарихий натижани Бахтиёр Ашурматов бошчилигида мураббийлар штаби, Зоҳид Нурматов, Даврон Файзиев, Муҳиддин Абдувалиев, Андрей Баклановларнинг номлари билан боғлайдиган бўлдик. Мавсум бошида жамоани қабул қилиб олган Бахтиёр Ашурматов ўзининг қандай салоҳиятга эга мураббий эканлигини исботлай олди. Ашурматов “Қўқон-1912” жамоасининг барча аъзоларини бир оила каби бирлаштира олди. Қўқонлик футбол мухлислари энди Бахтиёр Ашурматовдан янада янги марраларни кутишмоқдалар ва бунга ишонмоқдалар. Ҳа Ашурматов Қўқонлик футбол мухлисларининг ишончини қозона олди.

Жорий мавсум “Қўқон-1912” жамоасининг барча футболчилари катта матонат кўрсатишди. Барчангизга маълумки 2020-йил пандемия туфайли бутун дунёдаги инсонларни ,шу жумладан футбол жамоаларини ҳам қийин аҳволга солиб қўйди. Мана шундай шароитда “Қўқон-1912” футболчилари мавсумнинг сўнггига қадар барча ўйинларда чиройли ва мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатиш учун ўзларида куч топа олдилар. Жамоа етакчилари Мурод Холмуҳаммедов, Суҳроб Бердиев, Александр Мерзляков, Қувондиқ Рўзиев каби футболчилар бу борада барчага намуна бўлишди.

“Қўқон-1912” жамоаси бу йилги мавсумда 13 та ўйинда ғалаба, 3 та ўйинда дуранг ва 10 та учрашувда мағлубият қайд этишди. Тўплар нисбати 35-28 . Жамоамиз сардори Мурод Холмуҳаммедов рақиблар дарвозасига 12 та гол киритиб мавсум тўпурарига айланди. Қолган голларга қуйидаги футболчилар муаллифлик қилишди. Филип Райевац-3та, Бобир Акбаров, Шоҳназар Норбеков, Қувондиқ Рўзиев, Александр Мерзляков, Сардор Азимов ва Муҳаммаданас Хасановлар 2 тадан, Суҳроб Бердиев, Хамидилло Абдухамидов, Якуба Бамба, Иван Йосович, Собит Синдаров, Отабек Ҳайдаров ҳамда Иқболжон Маликжоновлар биттадан голга муаллифлик қилишди. Жамоамизнинг битта голига ўз дарвозасини ишғол қилган “Қизилқум” жамоаси футболчиси Олег Толмасов муаллиф бўлди.

Жамоанинг ютуқларида мураббийлар ва футболчилар билан елкама-елка хизмат қилган жамоа шифокорлар гуруҳи Бобурхўжа Абдазов, Халилбек Абдураҳмонов, Улуғбек Ҳамдамов, жамоа маъмури Маъмуржон Мансуров, оператор Маруфжон Мўминов, “Марказий” стадион ходимлари ҳамда клуб тизимидаги барча инсонларнинг хизматлари катта бўлди.

Жамоамиз футболчилари бундай юқори савиядаги футбол кўрсатишларида албатта Қўқонлик футбол мухлсиларининг ҳам жуда катта ҳиссалари бор. Шу ўринда ҳар қандай шароитда ҳам биз билан бирга бўлган, футболчиларимизни қўллаб турган азиз мухлисларимизга ўзимизнинг чексиз миннатдорчилигимизни изҳор этиб ўтамиз.

Олдинда “Қўқон-1912” жамоасини Ўзбекистон кубоги баҳслари кутиб турибди. Жамоа ўз тарихида кубок баҳсларининг финалига қадар етиб боришни уддалаган. Биз Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги футболчилар кубок ўйинларидаги тарихий натижани ҳам такрорлай олишларига ишонамиз ва бу йўлда уларга куч-қувват ҳамда омад тилаймиз !

Акрамжон Мамадалиев. “Қўқон-1912” жамоаси матбуот хизмати раҳбари.

Манба: https://t.me/FCKOKAND
Киритилди: 18:17, 04.12.2020.
Ўқилди: 3137 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.