Кетма-кет учинчи йил Ўзбекистон кубоги финалига йўлланма олган АГМК қаторасига учинчи бор "Пахтакор" билан ҳал қилувчи манзилда тўқнашмоқда. Мазкур мусобақада бунга қадар бир жамоаларнинг кетма-кет уч маротаба финалда учрашиши 2007-2009 йилларда "Пахтакор" ва "Бунёдкор" ўртасида кузатилган. АГМК ва "Пахтакор" ўртасидаги қаторасига учинчи финал мазкур мусобақа тарихидаги иккинчи кўрсаткичга айланмоқда.
Қизиқ тарафи, АГМК ва "Пахтакор" Ўзбекистон кубоги тарихида фақатгина финалларда тўқнашмоқда. Мусобақанинг бошқа босқичида ҳозиргача АГМК ва "Пахтакор" қарама-қаршилиги гувоҳига айланмаганмиз.
Ҳозирга қадар Ўзбекистон кубоги доирасида икки марта тўқнаш келган ушбу жамоалар ўйинида бир АГМК ҳал қилувчи баҳсда ғолиб (3:1) чиққан бўлса, бир бор "Пахтакор" финалда (3:0) ғалабани тантана қилган. Бўлажак финал учрашуви ушбу жамоаларнинг мазкур мусобақадаги учинчи учрашувига айланади. Учинчиси ҳам финал.
АГМК ва "Пахтакор" ўзаро барча мусобақаларда 29 маротаба дуч келган. Ўзаро ўйинлардаги устунлик "Пахтакор" тарафида: 21 ғалаба. АГМК эса 5 маротаба ғалаба қозонган ва 3 ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати: 21-58.
АГМК ва "Пахтакор"нинг Ўзбекистон кубоги доирасидаги ўйинлари:
2018 йил.
Финал.
АГМК - "Пахтакор" 3:1
Фарғона шаҳри, "Истиқлол" стадиони.
Голлар: Жокич (16-пенальти, 57), Пиримов (90) - Гонсалвеш (54-пенальти)
2019 йил
Финал
"Пахтакор" - АГМК 3:0
Тошкент шаҳри, "Локомотив" стадиони.
Голлар: Черан (31, 61-пенальти, 77)
2020 йилги Ўзбекистон кубоги финал ўйини 20 декабрь куни соат 15:00да Наманган шаҳридаги "Марказий" стадионда бошланади.
Бўлажак ўйинга ташриф буюринг ва финал учрашуви муҳитини яратишда фаол бўлинг! АГМК Олмалиқ шаҳридаги мухлисларини ва Наманганлик маҳаллий футбол ишқибозларига чиройли футбол тақдим этишга ва унутилмас онларни улашишга ҳаракат қилади! Келинг, томоша қилинг ва Намангандаги тарихий финал қатнашчисига айланинг!
Умид қиламизки, бўлажак финал Ўзбекистон кубоги тарихидаги унутилмас ўйинлардан бирига айланади. Зеро Наманганда футбол, айниқса финал учрашуви ўзгача муҳитда ўтишига шубҳа йўқ. АГМК жамоаси барча футбол мухлисларини стадионга чорлайди!