Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Жаҳон бўйича энг кўп мухлисларига эга клуб қайси (Топ-5)

Баҳо:
+ | -

Қуйида дунё бўйлаб энг кўп мухлисларига эга клублар бешлигини эътиборингизга ҳавола этамиз. Рўйхат ижтимоий тармоқ саҳифаларидаги обуначилар сони бўйича тузилмоқда.

5. «Челси» (86.8 миллион)

«Аристократ» клуби ўз номидан ҳам англашиниб турибдики, жуда катта маблағга эга бизнесменлар томонидан бошқариб келинади. Шунга яраша ҳолатда ҳам «Челси» Премьер-лига тарихи бўйича энг стабил жамоалардан бири ҳисобланади. Биз бу клубда деярли инқирозли даврларга гувоҳ бўлмаганмиз. «Кўклар» Англиядаги энг сермаҳсул жамоалар қаторида туради. Улар шу пайтгача 30дан ортиқ катта-кичик совринларга эга чиқишган, 5 марта Премьер-лига совринини қўлга киритишган. Ушбу натижа эса мусобақанинг рекордчиси ҳисобланган «МЮ» (13)дан кейинги иккинчи кўрсаткич ҳисобланади. Бундан ташқари улар бир марта Европа Чемпионлар лигаси турнирида ҳам ғолиб чиққанидан хабарингиз бор.

Сўнгги йиллар ичида жамоага асосий ишқибозларни жалб этиб турувчи машҳур футболчилар «Челси»ни тарк этишди. Лекин Френк Лемпард шаккллантираётган янги авлод вакиллари бемалол Азар, Виллиан, Дрогба сингари юлдузларнинг ўрнини муносиб тўлдиришмоқда. Жамоага янги жалб этилган харидлар - Вернер, Силва, Ҳавертц ҳамда Зийешлар ҳисобига «Челси» ушбу рўйхатда «Ман Сити», «ПСЖ» ва «Бавария» сингари кучли клубларни ортда қолдирди. Ҳозир «кўклар»нинг ижтимоий тармоқдаги умумий обуначилари сони 86,8 миллион. Бунинг турли саҳифалар бўйича тақсимоти эса қуйидагича:

Фейсбук - 48.3 миллион лайклар

Твиттер - 15.1 миллион обуначи

Инстаграм - 23.4 обуначи.

4. «Ювентус» (96.6 миллион)

Туринликлар Италиянинг энг сермаҳсул клуби ҳисобланишади. Улар шубҳасиз, халқаро мусобақаларда мамлакатнинг футбол имиджини кўрсатиб берувчи байроқдор жамоа ҳамдир. «Ювентус» ташкил топган йилидан бошлаб умумий 68 та титул ютишга муваффақ бўлган. Улардан 36 таси А Серия бош совринлари ҳисобланиб, бу натижа Аппенин яриморолидаги исталган клубдан энг яхши кўрсаткич дегани. Шунингдек, «зебралар» 13 марта мамлакат кубоги, 8 марта суперкубогида зафар қучиган. Чемпионлар лигасида жамоа 9 марта финалларда иштирок этиб уларнинг фақатгина иккитасида ғалаба қозонган холос.

Лекин шунга қарамай ушбу клубнинг яқин йиллардаги мухлисларини оширган ва брендини оммалаштирган фактор фақатгина бир инсонга тегишли. Бу - Криштиану Роналду эффекти деб номланади. Роналду Италияга кўчиб ўтгач, у жамоа ўйинидан ҳам кўра кўпроқ ички ва ташқи бизнесига жуда кучли таъсир ўтказиб келмоқда десак янгилишмаймиз. Мисол тариқасида «Ювентус» 2016/17 йилги мавсумлар оралиғида ўз футболчиларининг жами 850 мингга яқин футболкаларини жаҳон бозорида сотган бўлса, жамоага Криш келганидан сўнг фақат унинг футболкасининг ўзи  бир кун ичида 520 минг марта сотилган. Шундан ҳам билиб олсак бўладики, «бьянконерилар»га ишқибозлик қилувчи кишиларни сайёрамизнинг исталган бурчагидан топиш қийин эмас. Ҳозирча «Реал»нинг ярим армиясини ўзи билан эргаштира олган Роналду кетма-кет икки марта А Серияни ютди. Агар ЕЧЛда ҳам бу иш уддаланса, «Ювентус» рўйхатимизнинг яна ҳам тепароқ қисмидан жой олиши мумкин. Ҳозирча эса жамоанинг мухлислар тақсимоти қуйидагича:

Фейсбук - 42.5 миллион лайклар

Твиттер - 11.3 миллион обуначи

Инстаграм - 42.8 миллион обуначи.

«Манчестер Юнайтед (139.8 миллион)

Бирор бир клубга мухлислик ҳақида гап кетганда биринчилардан бўлиб хаёлимизга "МЮ" келиши шубҳасиз. Уларнинг фан клублари жаҳон бўйлаб ташкил этилиш сони бўйича ҳам энг юқори ўринларда туради. Клуб тарихида фаолият олиб борган машҳур афсона номларининг ўзи ҳам бу ерда тарозининг тошини босиб туради. "Қизил иблислар" ўз тарихлари давомида жами 66 та катта-кичик турнирларда ғолиб чиқишган. Уларнинг 13 таси Премьер-лига, 12 таси Англия кубоги, 21 таси мамлакат суперкубоги, 3 марта ЕЧЛ ҳамда бир марта Европа лигаси, шунингдек, бир учрашувдан иборат бўлган майда кубоклар.

Тўғри, ушбу рўйхатимизда клуб балки бундан ҳам юқорироқ ўринда туриши ҳам мумкин эди. Бу албатта табиий. Чунки "Кантар медиа" томонидан ўтказилган суриштирувлар натижасида 2012 йилдан кейин "МЮ" ижтимоий тармоқларини кузатувчилар сони кескин камайиб кетган (8 йил ичида 400 миллион қўшилган холос). Алекс Фергюсон давридаги жамоанинг кузатувчилари сони эса аллақачон 1 миллиарддан зиёд бўлгaни аниқланган. Лекин шунга қарамай турли даражадаги мураббийлар ва фурболчилар остида клуб бренди у қадар ўз даражасидан пастламади. Барибир кучли футбол сиёсатшунослари ва менежерларнинг майдон ташқарисида кўрсатаётган жонбозликлари ҳар қандай ҳолатда ҳам клубнинг узоқроқ вақт мобайнида эътибор марказида бўлиб туришига хизмат қилади. Бугунги кунда Манчестер клубига бефарқ бўлмаган ишқибозларнинг тақсимоти қуйидагича:

Фейсбук - 73.2 миллион лайклар

Твиттер - 25.7 миллион обуначи

Инстаграм - 36.9 миллион обуначи.

2. «Барселона» (254.7 миллион)

Кутилганидек, Каталон клуби рўйхатнинг юқори қисмларидан бирида жойлашган. Бунга асосий сабаб қилиб «Олтин тўп»ни энг кўп ютган футболчининг жамоада ўйнаётганлигини мисол қилиб олсак ҳам бўлади. Бунинг устига жаҳон бозоридаги энг йирик компаниялар билан ҳам олиб бориладиган узоқ йиллик битим шартномалари клуб брендини борган сари оммалашиб боришига ёрдам бермоқда. Бугунги кунда «кўк-анорранглилар»га ишқибоз қилувчилар сони 3-поғонадаги «Манчестер Юнайтед»дан деярли икки баробар кўп.

Эслатиб ўтиш керакки, биз фақат 3 та топ ижтимоий тармоқнигина ўз ичига олувчи мухлислар сонини ҳисоблаб чиқмоқдамиз. Аслида «Барселона» ўйинларига бефарқ бўлмаган кишилар сони дунё бўйича 257 миллиондан ортиқлигини унутмаслик керак. Уларнинг ичида 160 миллиондан зиёдроғи Лионел Мессининг шахсий саҳифасига тўғри келиши аслида ажабнарли ҳол. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра клубнинг айни дамдаги норасмий ҳисоб-китобида 500 миллиондан зиёд киши мавжуд. Қисқача тақсимот эса қуйидагича:

Фейсбук - 103.1 миллион лайклар

Твиттер - 61.8 миллион обуначи

Инстаграм - 89.8 миллион обуначи.

1. «Реал Мадрид» (259,2 миллион)

Ушбу рўйхатда ким ғолиб бўлишини катта эҳтимол кўпчилик олдиндан тахмин қилган бўлса керак. Дарҳақиқат, «қироллик клуби» футбол оламидаги энг даромадга бой тижорат клуби ҳисобланади. «Қаймоқранглилар» жами 66 та катта-кичик совринларни қўлга киритган бўлиб уларнинг сони бизнингча, барча жамоа мухлисига ёд бўлиб кетган бўлса ажаб эмас. Ҳозирда клубнинг дунё бўйлаб умумий ишқибозлар армияси фақат интернетнинг ўзидаги ҳисоб-китобларга кўра 259 миллиондан зиёдни ташкил этади.

Клубни Криштиану Роналду ва Гарет Бейл сингари машҳур номлар тарк этганидан кейин графикада пасайиш кўзга ташланди. Лекин жамоа ҳали ҳам азалий рақиби «Барселона»дан бу борада яққол устунлигини намойиш этиб турибди. Демак, «Реал»да мухлислар тақсимоти қуйидагича:

Фейсбук - 111 миллион лайклар

Твиттер - 56.8 миллион обуначи

Инстаграм - 91.4 миллион обуначи.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 15:01, 19.12.2020.
Ўқилди: 20064 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.