Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов сўнгги вақтларда кенг муҳокама сабаб бўлаётган опа-сингил шахматчилар Нафиса Мўминова, Хулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди, дея хабар қилмоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.
«Вазирликда бу масалани муҳокама қиляпмиз. Албатта, бизга бундай спортчилар керак. Биз уларни қайтаришимиз лозим, Ўзбекистон фарзанди Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилиши керак.
АҚШ федерацияга ўтиб кетган спортчини ортга қайтариш режада борми? Ҳа, албатта», — дейди Равшан Эрматов.
Эслатиб ўтамиз, Мўминовлар оиласининг кенжа фарзанди Гулруҳбегим Тоҳиржонова айни вақтда АҚШда таҳсил олмоқда ва у АҚШ шахмат федерацияси аъзосига айланган.
Аввалроқ бу янгиликдан кейин опа-сингиллар ва шахмат федерация ўртасида совуқчилик борлиги маълум бўлганди.