Анталияда тинмай ёғаётган ёмғир натижасида "Пахтакор"нинг "Вердер"га қарши ўртоқлик учрашуви бекор қилинган. Бу ҳақда "Пахтакор" расмий сайти хабар бермоқда.
Учрашув ташкилотчилари 8 январда ҳам худди шундай об-ҳаво бўлиши кутилаётганлигини такидлаб ўтдилар. "Табиатнинг бу каби инжиқлиги туфайли жамоамиз Европанинг кучли клубига қарши беллашиб кўриш имкониятидан маҳрум бўлди", деб ёзади "Пахтакор" расмий сайти.
Энди "Пахтакор" Туркиядаги йиғин доирасида фақат учта ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Аммо ноқулай об-ҳаво шароити сақланиб қоладиган бўлса, у ўйинларнинг ўтказилиши ҳам хавф остида қолиши мумкинлигини "Пахтакор" расмий сайти алоҳида қайд этиб ўтган.