Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ушбу мавсумда «кетмони учмаётган» грандлар

Баҳо:
+ | -

2020/21-йилги мавсум бошиданоқ тақвим жамоалар учун зич келиши маълум эди. Пандемия сабаб оддий дам олишга ҳам, тўлиқ тайёргарлик кўриш учун ҳам вақт муаммо бўлиши ва бу жисмоний томонлама баъзи жамоалар қийин аҳволга тушиб қолиши кутилган эди. Ҳозир кўпгина чемпионатлар 20-турни ҳам тугатишди, демак, жамоаларнинг жисмоний ҳолати, ярим мавсум давомида кўрсатаётган ўйини ва бошқа ҳолатлар юзасидан тегишли хулосаларни чиқариш мумкин. Кучли бешлик чемпионатларида баъзи жамоалар мавсумни шундай бошлашдики, кўрсатаётган ўйинидан бу йилги ўз чемпионатининг асосий даъвогари сифатида эътироф этилди, аммо қандайдир сабабларга кўра ҳозирда жадвалда ўртамиёналар қаторида турибди. Ҳозир биз сизларга мавсумни яхши бошлаб, кейинчалик ўз ўйинини йўқотиб қўйган жамоалар ҳақида сўз юритамиз.

"ЧЕЛСИ"

"Челси" янги мавсумга тайёргарлик кўраётган пайтидан бошлаб, 2020/21 мавсум чемпионлигига асосий даъвогар сифатида кўрилаётган эди. Улар бир қанча ажойиб трансферларни амалга оширганлиги, жамоа мухлислари бир неча йилдан бери хоҳлаётган АПЛ чемпионлигини қўлга киритадигандек кўринди. Кутилганидек, "аристократлар" мавсумни яхши бошлашди. "Кўклар" АПЛда ҳам, Чемпионлар лигасида ҳам мавсумнинг биринчи ярмида ажойиб ўйинлар кўрсатишди. Премьер-лигада 8 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия кўрсатишган бўлса, Чемпионлар лигасида "Севилья"ни ортда қолдириб, гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритишди.

Аммо, 2020-йил охирида лондонликлар тўхтаб қолишди. "Челси" ғалабаларни мағлубиятлар ва дурангларга алмаштириб, мунтазам равишда очко йўқотувчи жамоага айланиб қолди. Турнир жадвалида ҳар турда пастроққа тушиб бораверди. Жамоанинг кўрсатаётган бу ўйинидан, Френк Лэмпард мавсум охиригача Лондонда қолмаслиги, деярли аниқ бўлиб улгурган эди. Мураббий эҳтимол 200 миллион фунтдан ортиқ пул сарфлаб, амалга оширилган трансферларда баъзи бир хатоларга йўл қўйгандир ёки жамоанинг барқарор ўйин кўрсатишда баъзи ишларни амалга оширмагандир. Ҳа, албатта бу мураббийлик салоҳиятига боғлиқ. Мутахасисларнинг фикрига қараганда, Лэмпардга бир нечта жиҳатлар етишмади. Яъни, тажриба, вақт, футболчилар билан мулоқот қилишда тўғри ёндашув. Яқинда жамоа рулига келган Томас Тухелнинг мураббийлик салоҳияти "Челси"нинг барқарор ўйин кўрсатишига қанчалик ёрдам бериши номаълум, аммо ундаги тажриба орқали жамоа юқори ўринлар учун курашиши аниқ.

"ТОТТЕНХЭМ"



"Шпорлар"нинг чемпион бўлиши учун ҳар йили нимадир етишмайди. Улар Премьер-лигада иккинчи ўринни эгаллашган, Чемпионлар лигаси финалигача чиқишган, аммо асосий соврин, чемпионлик кубогини қўлга киритишга келганида қоқилиб қолмоқда. Жозе Моуриньо келиши билан ҳамма нарса ўзгариши керак эди. Мутахассиси бошчилигида "Тоттенхэм" Лига кубоги финалига қадар етиб борди ва Европа лигасида ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади. Аммо ҳар қандай инглиз жамоасининг мақсади, Премьер-лига чемпионлигидир. Лондонликлар кундан кунга чемпионлик пойгасида чўкиб боряпти. Жорий мавсум "Тоттенхэм" учун жуда яхши бошланган эди. Премьер-лиганинг 1-турида "Эвертон"га ютқазиб қўйган "шпорлар" ички чемпионатда мағлубиятсиз 11 учрашувни ўтказди ва бир қанча муддат АПЛ турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб туришди. Кўпчилик "Тоттенхэм"ни Англия чемпионлиги учун асосий даъвогар сифатида қарашди, аммо жамоа маълум вақтдан сўнг ўз ўйинини йўқотиб қўйишни бошлади. Моуриньо жамоаси омадсиз давр декабрь ойининг ўрталарида "Ливерпуль"га қарши ўйинда бошланди. Лондонликлар "Энфилд"да "Ливерпуль"га 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Шундан сўнг, "шпорлар" мунтазам равишда очко йўқотиб келишмоқда. Эндиликда Лондон клуби пешқадамдан 14 очко ортда қолиб, Премьер-лига жадвали 8-ўринни эгаллаб турибди. Чемпионликдан умидини узган "Тоттенхэм" буёғига фақат Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашиб кўрса керак.

"РЕАЛ МАДРИД"

Зайниддин Зидан "Реал"ни ҳар йили медаллар қўлга киритишга ўргатиб қўйди. Франциялик мураббий жамоада иш бошлагандан сўнг, "қаймоқранглилар" Чемпионлар Лигасида уч марта ва икки марта УEФА Суперкубоги, Испания Суперкубоги, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва Ла-лигада ғолиб чиққан. Ўтган мавсумда жамоа Чемпионлар Лигасини эрта тарк этишди, аммо Испания чемпионлигини қўлга киритишди. "Реал Мадрид" бу йилги Суперкубок ва Испания кубогидан чиқиб кетишди. Ла-лигада ҳам биринчи ўриндаги "Атлетико"дан 5 очко ортда бормоқда, аммо "матрасчилар" ҳамшаҳаридан иккита ўйин кам ўтказишган. Зидан шогирдларининг ЕЧЛда ҳам имкониятлари унчалик юқори эмас, гарчи мусобақада фаворит ҳисобланса-да, аммо мадридликларнинг имконияти анча паст. Аммо Зиданнинг тақдири жамоанинг Чемпионлар лигасидаги ўйинига боғлиқ. Гарчи "Реал Мадрид" кўп жабҳаларда қийин кунларни бошидан кечираётган бўлса-да.

Ёзда "қироллик клуби"ни нафақат мураббий, балки жамоанинг узоқ йиллик етакчиси Серхио Рамос ҳам тарк этиши мумкин. "Эл-капитано"нинг кетиши "қаймоқранглилар"га французни ишдан бўшатишдан кўра кўпроқ таъсир қилиши мумкин. Испанияликнинг майдонда йўқлиги нафақат мадридликлар ҳимоявий ўйинига, балки жамоавий руҳга ҳам путур етказиши мумкин.

"АТАЛАНТА"



А Сериянинг ўтган икки мавсумида "Аталанта" турнир жадвалида совринли ўринлардан жой олган. Бу вақт ичида бергамоликларни деярли бутун дунёда ёқтириб қолишди. Ҳаммасидан ҳам Гасперини жамоасининг Чемпионлар лигасидаги ажойиб ўйинлари сабаб мухлислар кўнглидан жой олишди. Аммо жорий йилги мавсумдаги "Аталанта"нинг натижалари қониқарли эмас. А серияда 21-турдан сўнг, 37 очко билан 7-ўриндан жой олишган. Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи ўринларга қадар масофа унча катта эмас, аммо жадвалда етакчилик қилаётган Милан жамоаларидан ташқари, "Ювентус", "Рома", "Лацио" ва "Наполи" жамоалари ҳам ЕЧЛ йўлланмасига асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади.

Ушбу мавсумда "Аталанта" бир текисда ўйин намойиш эта олмаяпти. Бергамо жамоасининг аутсайдер жамоаларга қарши ўйинларда очко йўқотиши, мавсум якунида бўладиган ҳисоб-китоб пайтида афсус чекиб қолишига сабаб бўлиб қолиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, Чемпионлар лигасида қатнашиш учун даъвогар бўлган жамоанинг бундай ўйин кўрсатиши, мухлисларини ҳам хафа қилиши мумкин. Ҳар қандай турнирда муваффақият калити бу — барқарорликдир. "Аталанта" атиги бир неча йил ичида Италиядаги энг яхши клублардан бирига айланди. Агар жамоа қолган ўйинларда яна олдинги каби ўйинларини намойиш этмаса, кейинги йил ЕЧЛда қатнашиши ҳам сўроқ остида бўлиб қолади. Бу йил ҳам "Аталанта"да кучли учликка кириш имкони бор, бундан ташқари жамоа ҳали ҳам Чемпионлар лигаси ва Италия кубогидаги иштирокини давом эттирмоқда.

"БОРУССИЯ ДОРТМУНД”

Мана 8 йилдирки, бутун футбол олами Германия чемпионлиги учун курашда кимдир "Бавария"га қарши жиддий курашадган жамоанинг пайдо бўлишини кутишмоқда. Юрген Клопп "Боруссия" Дортмундни тарк этганидан сўнг, мана неча йилдирки мюнхенликлар чемпионликни ҳеч қайси жамоага бермай келмоқда. Бундеслигада "Лейпциг" "Бавария" билан рақобатлашишга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо "буқалар"нинг ҳам салоҳияти Мюнхен жамоасини тахтдан туширишга етмаяпти. Ҳамма "Бавария" билан ички чемпионатдаги курашни "Боруссия" Дортмунд жамоасига юклайди. Аммо неча мана йилдирки, "арилар"нинг ҳам ишлари жойида эмас. Ўтган мавсумда "Боруссия" Германия чемпионатида 2-ўринни эгаллади. Жорий йилги мавсум жадвалида эса, 20-турдан сўнг 6-ўринда жойлашган. "Бавария" билан орадаги фарқ 12 очкони ташкил қилмоқда. Дортмундликлар бу йил ҳам чемпионликка эмас, Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашаётган жамоадек таассурот уйғотмоқда. Йўлланма учун Бундеслигада "Боруссия"нинг кўплаб жиддий рақиблари бор. Айни дамда Германияда Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун кураш қизғин давом этмоқда. Балки, дортмундликлар чемпионлик учун курашни давом эттирар, аммо оптимист фикрлайдиган одамлар бу жуда-жуда қийинлигини билишса керак. Ҳа, биз олдинги "Боруссия" Дортмунд жамоасининг ўйинларини соғиниб қолдик.

Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.

Киритилди: 19:00, 10.02.2021.
Ўқилди: 6277 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.