Кеча Равшан Ягудин ва Суннатилла Абдуллажонов 2021 йилги мавсумда «Бунёдкор» либосида тўп суриши ҳақида маълумот бергандик. Бугун яна беш нафар футболчи фаолиятини расман жамоа билан боғлади.
Тажрибали ҳужумчи Шаҳбоз Эркинов 2021 йилги мавсумда ҳам «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. 2020 йилги мавсум аввалида жамоамизга келиб қўшилган футболчи 6та голи билан «Бунёдкор»нинг ғалабаларига ўз ҳиссасини қўшди.
Шунингдек, «Бунёдкор» академияси тарбияланувчилари Билол Туплиев, Жаҳонгир Ўрозов, Асад Қаҳҳоржонов, Тоҳир Тўхтасинов билан ҳам шартномалар имзоланди. Айтиш керак, Билол Туплиев ўтган мавсум Иван Бошкович мураббийлик қилган, Тошкент шаҳар чемпионатида иштирок этган жамоамиз сафида тўп сурган. Жаҳонгир Ўрозов, Асад Қаҳҳоржонов ва Тоҳир Тўхтасинов «Бунёдкор» академиясида Миркамол Қосимов мураббийлигидаги 2004 йилги гуруҳнинг етакчилари, қолаверса, ўтган мавсум Тошкент шаҳар биринчилигида қатнашган «Бунёдкор U-18» жамоаси аъзолари ҳисобланган. Иван Бошкович ва Миркамол Қосимов шогирдлари энди ўринбосарлар аъзосига айланди ва бош мураббий Абдуҳамид Қодиров қўл остида тўп сурадиган бўлди. Айтмоқчимизки, «Бунёдкор» академиясидаги ўзига хос «занжир» сақланиб қолинди.
Ушбу тўрт нафар тарбияланувчи ҳали 18 ёшни қаршиламагани сабабли Регламентга кўра, уларнинг ота-онаси иштироки ва гувоҳлигида шартнома имзоланди.
МАЪЛУМОТ УЧУН
ШАҲБОЗ ЭРКИНОВ
Туғилган санаси: 16.07.1986 йил
Туғилган жойи: Тошкент шаҳри
«Пахтакор» футбол мактаби тарбияланувчиси
Амплуаси: ҳужумчи
ФАОЛИЯТИ
2003-2004 йиллар «Пахтакор» (ўринбосарлар)
2005 йил «Сўғдиёна»
2006 йил «Шўртан»
2007 йил «Пахтакор»
2008 йил 1-давра «Сўғдиёна»
2008-2010 йиллар 1-давра «Пас» (Эрон)
2010-2011 йиллар «Шўртан»
2012 йил «Пахтакор»
2013 йил АГМК
2014-2015 йиллар «Навбаҳор»
2016 йил 1-давра «Машъал»
2016-2017 йиллар «Насаф»
2018 йил «Бухоро»
2019 йил «Қўқон-1912»
2020 йилдан «Бунёдкор»