Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Азамат Абдураимов: "Куёвсиз ўтган расмий никоҳ, малайзияча тўй ва режадаги музей"

Баҳо:
+ | -
www.darakchi.uz

Машҳур футболчилар сулоласидан бўлишига қарамасдан, юксак мавқега фақат меҳнат ва билим билан эришиш мумкинлиги исботлаган Азамат Абдураимов ҳаётини ҳикоя қилишда давом этамиз. Ишончимиз комил, у билан боғлиқ қизиқ воқеалар эътиборингизни тортмай қўймайди...

ОТАМНИНГ ЎҒЛИ БЎЛМАГАНИМДА…

ЦСКА футбол жамоасидан Тошкентга йигирма ёшимда қайтдим. Негаки, "Пахтакор" футбол жамоаси ўйинчиси бўлиш менинг бир умрлик орзуим эди. Дадамнинг мураббийлиги остидаги жамоада ўйнаш осон кечмади. Негаки, футбол юлдузи бўлган отанинг футболчи фарзандидан атрофдагилар отаси эришган натижаларни кутади. Ўша пайтлар отамнинг исми туфайли футбол ишқибозлари мени майдонда қувонч билан кутиб олшарди. Аммо яхши ўйнай олмаган пайтимда ҳуштак чалиб обрўсизлантиришга уринишган ҳам. Бу руҳиятимга қаттиқ таъсир кўрсатарди. Абдураимов бўлмаганимда мени бунчалик нишонга олмасликларини яхши тушунардим.

Бугун дадам ўша пайтдаги мураккаб вазиятга бардош бериб, оёққа туриб олишимга имкон берганидан бениҳоя миннатдорман. Отам билан ўтган қисқа, аммо, мазмунли икки йил мен учун ҳақиқий мактаб бўлди. Сабаби, у мен учун биринчи ўринда ота эмас, талабчан мураббий бўлган. 1989 йили отам жамоа раҳбарлигини тарк этди. Мен эса худди шу йили жамоадаги энг кўп тўп урган ўйинчи сифатида тан олиндим. Бу ҳолат ютуқларим отамнинг қўллашига боғлиқ эмаслигини яна бир карра исботлади. Гап-сўзлар ўз-ўзидан тинди. Жамоамиз билан икки бора лига кубогини қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Спорт устаси бўлдим, футболда бу мақомга эришиш осон эмас эди.

"ҚИЗИҚҚОНЛИГИМ "ПАХТАКОР" БИЛАН БОҒЛИҚ ОРЗУМГА ЧЕК ҚЎЙДИ..."

1990 йил Россиянинг "Спартак" футбол жамоаси мураббийси Олег Романцев жамоасига таклиф қилди. Рози бўлмадим. Сабаби "Пахтакор" жамоасида олий лигага чиқиш энг катта орзуим бўлган. Шу йили Москвадан Фёдор Новиков исмли мураббий келди. Отамни бўлса энди бош мураббий эмас, жамоа раҳбари сифатида жамоага қайтаришди. Новиков мураббий сифатида яхши, инсон сифатида бўлса ўта ғаламис одам эди. Унга негадир доим отам ўрнини тортиб олмоқчидек туюларди. Иккиси чиқиша олмас, отам билан очиқдан-очиқ баҳслаша олмаган Новиковнинг баъзида нишони менга қаратилганди. Бир куни у билан қаттиқ тортишиб қолдим. Мавсум бошидаги Олег Романцевнинг таклифини эслаб унга қўнғироқ қилдим ва таклифи ўз кучини йўқотмаган бўлса жамоасига ўтишга рози эканлигимни айтдим. Гўшакда "Тезда етиб кел" жавоби янгради ва мен тез орада Москвага учиб кетдим. Минг афсус, "Пахтакор" билан боғлиқ орзуларим биргина инсон деб саробга айланганди. Ҳаётда қилган ишларимдан ҳеч қачон ачинмаган бўлсам-да, ўша пайт қизиққонлик қилиб барчасини ташлаб кетганимга ҳали-ҳануз ачинаман. Шунга қарамай тақдир менга Фёдор Черенков, Валерий Карпин, Игорь Шалимов, Александр Мостовой, Станислав Черчесов каби футбол юлдузлари билан бир жамоада ўйнашни насиб этганди. "Спартак"да рақобат жуда кучли бўлгани сабаб кўпинча захира ўйинчи сифатида ўйнардим. Аммо у пайтни ўзим учун катта мактаб, деб ҳисоблайман.

ЧЕТ ЭЛ ЖАМОАСИГА ЧИҚҚАН БИРИНЧИ ЎЗБЕК ЛЕГИОНЕРИ

1992 йил Собиқ Иттифоқ бўлиниб кетди. Бу ёғи нима бўлиши номаълум эди. "Спартак" жамоасининг афсонавий шахси Николай Петрович Старостин ҳузурига чақиртириб: "Бангладешга уч ўйинчини таклиф қилинаётганлиги ҳақида гапириб қолди. Сергей Новиков ва Борис Кузнецов қаторида боришни истайсанми?",- деб қолди. Қувондим албатта. Чунки мен шу пайтгача чет эл жамоасига чиққан ўзбек легионер ўйинчиларидан биринчиси эдим. Бангладеш жуда бой мамлакат бўлмаса-да, у ерда биз учун қулай шарт-шароит яратилганди. Уй, алоҳида ҳайдовчи ва машина измимизга берилганди. Жамоамиз номи "Муҳамедан" бўлиб, пайғамбарга атаб номланганди. Худди "Пахтакор" ўзбеклар учун ҳалқ жамоаси бўлганидек ўз ишқибозларига эга эди. Бангладеш чемпионатида жамоадаги энг кўп тўп урувчи ўйинчи бўлдим.

ОЛТИН ГОЛ

1994 йил Малайзиянинг "Паханг" жамоасига таклиф қилиндим. Жамоамиз президенти Малайзия футбол федерацияси президенти эди. Унинг отаси бўлса Осиё футбол федерацияси президенти. Отаси вилоятимиз султони бўлса, ўғли вилоят шаҳзодаси саналарди. Шу йил омадли воқеаларга бой келди. Бангладеш жамоаси билан кубок ютиб олдик. Ниҳоят, оила қурдим ва энг муҳими, шу йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон терма жамоаси билан Осиё чемпиони номига сазовор бўлдик. Японияда ўтган ушбу ўйинда жамоамиз Кореяликлар билан ўйнади ва 1:0 ҳисоби билан ғолибликни қўлга киритди. Ҳал қилувчи олтин голимни бўлса, ўзбек футболи тарихидаги энг зўр гол деб тан олишди. Оиламиз асрнинг энг зўр футболчилар оиласи деб номланди.

"УЙЛАНИШ ҲАМ ШИДДАТЛИ БЎЛГАН..."

Уйланиш ҳам шиддатли бўлган

Малайзия билан бир йиллик шартнома тузаётиб зарур хужжатларни ҳозирлаш учун Тошкентга келдим. Отам "бир йил ёлғиз яшайсанми, кел сени уйлантириб қўямиз", - деди. Бир нечта дўстларининг келинликка муносиб қизлари борлигини айтиб менга учрашувга чиқишимни айтди. Биринчи учрашувдаёқ қизни ёқтирдим. Ўн кун ичида фотиҳаланиб Малайзияга учиб кетдим. Шунда отам қатъиян деди:

- Ўғлим, мана 28 га ҳам кирибсан. Уйланиш фурсати келди.

- Кимга уйланаман дада? Кўз остига олганим йўқ-да.

- Дўстларимнинг қизлари бор, келинликка муносибларини бир кўр-чи…

Биринчи учрашган қизимни ёқтирдим. Ўн кун ичида фотиҳаландим. Режамизда чемпионатнинг биринчи круги орасидаги танаффусда Тошкентга қайтиб уйланишим ва рафиқамни ўзим билан бирга олиб кетишим мўлжалланганди. Малайзияга учиб кетдим. Ўзига тўқ жамоанинг измимга берган икки қаватли уйи, машина море ғизлик. Икки ой ичида бегона юртда бир ўзим жинни бўлаёздим. Отамга қўнғироқ қилганимда аҳволимни гапириб бердим. Дадам бунга жавобан бўлажак қудасини маслаҳатга чақиртирди. Иккала улфат отамлашиб ўтирганида вақтни зое ўтказмаслик керак деган қарорга келишади. Айтилган гап, отилган ўқ. ЗАГСхонага бориб уйдан келинни бир баҳона билан чақиртиришади. Эгнидаги бор либосда гап нимада эканлигини билмай етиб келган келиннинг ўша куниёқ никоҳи қайд этилади. Менинг ўрнимга аризага дадам қўл қўяди. Қуда бўлган икки ошна энди келинни уйига қайтариб юбориб, байрамни давом эттиришади. Бир кун ўтиб отам қўнғироқ қилди:

- Ўғлим…табриклайман сен уйландинг.

- Ростанми? Яхши бўпти, унда тезда бу ерга етиб келинглар.

Уйланишим ҳақидаги хабар жамоамизга раҳнамолик қилувчи шахзодагача етиб келди. У тўй ҳаражатларини зиммасига олишни таклиф қилди. Ягона шарти, Малайзия одатларига кўра уйланишим керак эди. Бу мен учун ҳам қулай, ҳам қизиқ туюлиб таклифига кўндим.

МАЛАЙЗИЯЧА ТЎЙ

Яқинларим билан ёнимга учиб келган рафиқам ва мен малайзиялик вилоят султони қурган масжидда никоҳландик. Эгнимда отам Тошкентдан келтирган ўзбекча тўн, бошда дўппи. Рафиқам келинларга хос атлас кўйлакда. Барчанинг кўз ўнгида аёлимга малайзияликлар тилида мурожаатнома ўқидим. Унинг мазмуни эса аёлимни бир умр ардоқлашим, садоқатли ва меҳрибон турмуш ўртоқ бўлишга ваъда беришим ҳақида эди. Ресторанда шодиёнанинг давоми кутаётганди. Келин-куёв иккимизга малайзия ҳалқи удумига кўра шох ва маликаларники каби олтин либослар кийдириб тахтиравонга ўтқазишди. Қоидаси бўйича меҳмонлар келин-куёвнинг барча истагини бажо айлаши керак экан. Қаршимизга ҳушбўй шарбат ва лиммо-лим атиргул япроқлари билан тўлдирилган идишни келтиришди. Иккимиз кафтимизни тепага қаратиб ўтиришимиз, ҳар бир меҳмон тилак айта туриб шарбатни кафтимизга суртиши, пойимизга гул япроқларидан тўкиши керак экан. Тантана телевидение томонидан суратга туширилишидан ташқари газеталардан ҳам мухбирлар келганди. Тўйимизнинг эртасига рафиқам Малайзияда мендан ҳам машҳурроқ қаҳрамонга айланди. Негаки биз Малайзия удуми бўйича уйланган биринчи ўзбек жуфтлик эдик. Атрофдагиларни аёлимнинг асл миллати нима эканлиги қизиқтирар, уни ҳатто супермаркетга ҳаридга кирсак тўхтатиб бу ҳақда сўрашарди.

"МЕН ОТА БЎЛДИМ!"

1995 йил Саудия Арабистонининг "Ал-Ваҳда" футбол жамоасида ўйнагани таклиф қилишди. Бу ерда футбол ўйнайдиган ўзбекистонлик биринчи футболчи сифатида шартномани имзоладим. Ҳамма учун муқаддас саналган бу жойда бир йилдан ортиқ яшаш насиб қилган. Шу йилнинг 4 март куни ота бўлдим. Ширингина қизалоқ. Очиғи, ўзим кўпроқ ўғил эмас, қизим бўлишини ҳоҳлагандим. Футболчилар сулоламизда ўғил болалар етарли, демак, меҳримни тўла бера олишим учун қиз бола туғилиши керак, деб ҳисоблардим. Унга бувимнинг исмини бериб, "Алиа" дея чақира бошладик. Исм инсоннинг тақдирини белгилаши рост экан. Бувамнинг вафотидан кейин катта бир ташкилотда ишлайдиган бувим олти нафар фарзандини бир ўзи вояга етказган. Бувимнинг феълидаги қатъият ва ташкилотчилик хислати қизимга ҳам кўчган. Ҳозирда у мактаб фаолларидан, медаль билан битириш арафасида.

ҚАДРИЯТЛАР БИЗ УЧУН МУҲИМ

Саудия Арабистонидаги жамоада футбол ўйнаб, Макки Мукаррама, Мадинаи Мунаввара ва ҳатто пайғамбаримиз кўмилган ерларни зиёрат қилишга мушарраф бўлдим. Қизиғи, араблар ўзбекларни алломамиз Имом Бухорийга таассуб қилган ҳолда "бухорийлар", деб аташар экан. У ерда жуда кўп ватандошларимиз билан учрашдим. Улар ватанини кўзда ёш билан эсга олиб Ўзбекистон ҳақидаги кичик янгиликларни ҳам қувонч билан эшитишарди. Негаки, юртимиз мустақил бўлмасидан илгари улар учун ватанига қайтиш муаммо туғдирарди-да. Шулар қаторида Машраб ака исмли тадбиркор билан дўстлашдим. У кишининг уйида қимматбаҳо гиламлар-у машиналар бўлганига қарамай, оиласи учун қадрли бўлган музей ҳайратда қолдирди. Музейда фарзандларининг болалигидан бошлаб катта бўлгунига қадар хотирлайдиган буюмлар, масалан, пайпоқча ва кийимчалари сақлаб қўйилган. Худди шундай музейни уйимда бунёд қилишни ният қилиб қўйдим. Ҳозир уйимда ниятимни амалга оширишга лойиқ мен учун қадрдон кунларни эсга солувчи бир қанча буюмлар бор. Қизимнинг менга битган мактуб ва откриткалари, байрамларда кийган оқ кўйлакчаси, ўйинда олган совринларим… Қадриятларни эъзозлашга келажак авлодни ҳам ўргатишимиз муҳим, менимча.

(Давоми бор)

Нигора СОЛИҲОВА суҳбатлашди

Манба: www.darakchi.uz
Киритилди: 12:29, 11.01.2012.
Ўқилди: 39509 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.