Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Азамат Абдураимов: "Футболдан журналистикага, антиқа интервью, 34 йил кутилган бахт..."

Баҳо:
+ | -
ФОТО: darakchi.uz

Азамат Абдураимов... Бу инсон ҳақида анча-мунча маълумотга эга бўлдингиз. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, ўйлаймизки, қуйидаги ҳикоя ҳам сизни бефарқ қолдирмайди...

ОЙНИНГ ЎН БЕШИ ЁРУҒ БЎЛСА...
1996 йилда Ўзбекистонга қайтиб, яна "Пахтакор" футбол жамоасида ўйнай бошладим. Мен билан бир қаторда бу ерга Игорь Шквирин, Миржалол Қосимовлар ҳам келишди. "Пахтакор" қайта тиклангандек эди. 1997 йили совринни, 1998 йилда эса Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритдик.
Афсус, ҳаётда ҳамма нарса ҳам сиз-у биз ўйлагандек бўлмас экан. Кимнингдир ҳаёти барбод бўлганида у ёки бу томонни айблаб бўлмас экан. Бунинг учун ҳар иккала тараф ҳам жавобгар. Тақдирми, ишқилиб, бизда ҳам худди шундай бўлди. Турмушимиз поёнига етиб, ажрашдик. Жанжал-тўполонсиз, оддийгина келишган ҳолда қизимни олиб қолдим. Ўша пайтда Алиа тўрт яшар эди. Катталардек жиддий бўлиб қолган қизалоғим қандайдир ўзгариш рўй берганини тушунгандек жим юрарди. Худди доим ёнида юрган онаси бирдан ғойиб бўлиб қолганига ҳайрондек... Барибир сўрамасди. Бувимнинг иродаси унда ҳам бор экан. Сира йиғламасди. Мен учун энг яқин инсонларим бўлган онам ва холам Алиани оқ ювиб, оқ тарашди. Рафиқам ҳозир ўз оиласи билан чет элда яшайди. Фарзандлари ҳам бор. Алиа билан асосан Интернет орқали гаплашиб туришади. Она-боланинг учрашиб туришларига бир кун ҳам тўсқинлик қилмаганман, илиқ муносабатлари сақланиб қолган.

ФУТБОЛ БИЛАН ВИДОЛАШУВ
2002 йилда "Пахтакор" жамоасида хайрлашув ўйиним бўлди. Бундай тантаналар ўзбек футболи учун янгилик эди. Биринчилар қаторида дўстона футбол маросимини футболчи Шуҳрат Мақсудов Фарғонада ўтказганди. Бу ўйинга дўстларимдан ташқари, Осиё ўйинларида биргаликда чемпион бўлган жамоадошларим ва Россиядаги қариндошларимни ҳам таклиф қилдим. Айнан футбол ишқибозлари учун уюштирилган бу томошада ҳисобнинг аҳамияти йўқ эди. Шу сабабли иккала жамоада ҳам галма-галдан тўп сурдим ва уч маротаба гол уришга муваффақ бўлдим. Ўйинни 5:5 ҳисоби билан якунладик. Ташкилий ишлар, таклиф қилинган артистлар томонидан уюштирилган концерт ҳаммага манзур бўлди. Сценарийни болаликдаги дўстим Баҳодир Зокиров (Ботир Зокировнинг ўғли) билан биргаликда ёздик. Дастурда санъаткорларнинг чиқиши ҳам бор эди. Концертдаги сўнгги қўшиқ стадионга ғира-шира қоронғилик туша бошлаганида янграр, бу пайтга келиб томошабинлар аста тарқалаётганди. қўшиққа мушакбозлик томошаси қўшилиб кетди. Жамоадошларим билан қўлларимизни бир-биримизнинг елкамизга ташлаганча қўшиққа жўр бўлдик. Куй садосига монанд тўлқин каби чайқалардик, кўзларимиздан эса ёш оқарди. Шунда ҳозиргина кетишга чоғланган томошабинлар турган жойларида қотиб, бизга маҳлиё бўлиб қолганларини кўрдим. Назаримда ўша куни ҳамма тўлқинлангандек...
ЎПКАМНИ ТЎЛИБ НАФАС ОЛАВЕРАРДИМ
Умринг давомида, кўзингни очганингдан то уйқуга кетгунингча футбол билан шуғулланасан. Унга борлиғингни, кучингни сарфлайсан ва... куни келиб айни кучга тўлган пайтингда кетишга мажбур бўласан. Энди ўзингга бошқа иш излашга тўғри келади. Сен бўлсанг, футболдан бошқасини билмайсан. Айни дамда ўзингни қўлга олганча, бошқа ишда йўл топа олишинг муҳим. Бу пайтда мен ҳам ўзлигимни топишга урина бошладим. Мини-футбол жамоасида ўйнаш учун таклиф ҳам қилиндим. Бошида терма жамоада ўйинчи, сўнг бош мураббий сифатида ишлай бошладим. Бир қанча вақтдан кейин футболнинг ашаддий ишқибози бўлган тадбиркор дўстим Жаҳонгир Усмонов "АРДУС" футбол жамоасини яратди. Албатта, мени таклиф қилди. Кейин шу жамоада мураббийлик қилдим. Бир йил ичида жамоамиз чемпион бўлди. Бу — менинг илк мураббийлик ютуғим эди. Шу сабабли унинг қадри бошқача...

"ЖУРНАЛИСТИКАНИНГ НОНИНИ ҲАМ ЕГАНМАН..."
Ҳа, мен футболчи эдим. Аммо журналистикадан ҳам таҳсил олганман-ку! Аста-секин асл мутахассислигимга ўтиш мени ўзгача иштиёқ билан ром эта бошлади. "Терра" радиосининг “Чемпионлар Азамат Абдураимов билан” муаллифлик эшиттиришида ҳар ҳафта футбол янгиликларини шарҳлаш учун таклиф қилинишим мен учун ғайриодатий ва қизиқарли бурилиш бўлган. Кейинроқ радиодастуримни кенгайтириб, футбол янгиликларидан ташқари, спортнинг бу турига алоқадор бўлмаган шахсларни таклиф қила бошладим. Яъни, эстрада ва саҳнани забт этган ёрқин юлдузларни чақириб, улар билан футбол мавзусига доир қизиқарли суҳбатлар ўтказардим. Шу сабабли муаллифлик дастурини яна бир йил муддатга чўзишди.
"Спорт" телеканалида "Бодрое утро" кўрсатувининг шанба дастури "Футбол клуби" деб номланарди. Бир йил давомида бу кўрсатувга бошловчилик қилдим. Илк бор журналистика соҳасида шогирдлик бўлдим. Футболдан мутлақо бехабар бўлган журналист Нилуфар Сотиболдиевага футбол сирларини ўргата бошладим.
Шунда футбол ва санъатни узвий боғлаб турувчи омил мавжудлигини аниқ билдим. Бу — ҳар иккисида ҳам ором олганча, шуҳрат мевасини еб ётмай, парвозни бир меъёрда ушлаб тура олиш керак. Барчасига етишдим, деб ўйладингми, тамом! Шу заҳотиёқ пастга қулайсан. Сенинг ўрнингга эса забт этгувчи янги юлдуз келади.

ҚЎЛТИҚТАЁҚ ТАЯНИБ ОЛИНГАН СУҲБАТ
Мураббийлар учун олий мактабда ўқишга Москвага кетдим. Таҳсил билан бир қаторда Москвадаги "Отечественный футбол" журналида бош муҳаррир сифатида ишлай бошладим. Журналистик фаолиятим туфайли кўпгина юлдузлар билан яқиндан суҳбатлашишга муваффақ бўлган ўша даврни илиқ хотирлайман. Булардан жаҳон футболининг энг ёрқин юлдузи Кака, Андрей Шевченко, Зеедорф, Олег Романцев, Ренат Дасаев... Ҳозирги Россия Олимпия уюшмаси президенти (ўша пайтдаги вице-премьер) Александр Жуков билан режалаштирилган суҳбат эса ҳаммасидан ҳам антиқа бўлганди. Иккимиз бир пайтлари бир жамоа ўйинчиси бўлганмиз. Суҳбат ҳақида келишаётганимизда футболда шикастланиб, оёғим синишини билмаганман. Минг истиҳола билан Жуков билан суҳбатлашиш учун бир журналист қизни жўнатдим. У бўлса қатъий оҳангда фақат менга интервью беришини айтибди. Шифокорни амаллаб кўндирдим-у, қўлтиқтаёққа таяниб йўлга тушдим. Мени бу аҳволда кўрган Жуков ҳайратдан донг қотиб қолди. Кейин "Билганимда сени овора қилмасдим. Аммо мендан қўлтиқтаёққа таяниб интервьюга олган биринчи журналист бўлдинг", деб кулди.

ЎТТИЗ ТЎРТ ЙИЛ МЕНИ КУТГАН БАХТИМ
2008 йилда Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоасига мураббий сифатида қайтдим. Ниҳоят, севган машғулотим билан банд бўлиш фурсати келганидан енгил тортдим. Ўша йили жамоамиз соврин олиб, чемпионликни қўлга киритди. Шунча йиллик танаффусдан кейин оила қуриш ҳақида ҳам ўйлай бошладим. Москвада жиддий муносабат қуриш ниятим бўлмаган. Негаки, у ерда ўзбек аёлини учрата олмасдим-да... Ўзи бир марта тўсатдан уйлангандим. Бу сафар масалага жиддий ёндошиш керак, деб ҳисобладим. Бу ёқда қизим ҳам "Дада, тезрок уйланинг, менинг опа бўлгим келяпти" деб тинч қўймасди.
Ниҳоят масалани кўндаланг қўйди: "10 сонли ўйинчисиз, 10.10.10 санасида уйланасиз, бўптими?" Унинг гапидан кейин анчадан буён интернетда гаплашиб, ёқтириб юрган танишим Умидани қизим билан таништиришга қарор қилдим. Умида билан футбол ҳақида суҳбатлашар, аммо иккимиз ҳам турмуш қуриш ҳақида оғиз очмасдик. У пайтда Самарканддаги футбол жамоасида мураббий бўлиб ишлаганим учун иккаласини уйинга таклиф қилдим. Мен туфайли футболга қизиқиб қолган Умида қизим билан тил топишиб, дўстлашиб кетди. Ўйланиб қолдим, қизим билан доим катталардек гаплашиб ўрганганман. Аммо, севган инсоним қизимни қабул қилмаса, унга ҳеч қачон уйланмаслигимни билардим. Қизим қароримни маъқуллади: "Дада, у жуда яхши аёл, ундан яхшисини тополмайсиз!" Энди қизим учун бувиси ва менга айтолмаган гапларни эшитиб, тушунадиган сирдош топилганди. Уларнинг аҳиллигини кўриб салгина қизганардим ҳам... 10.10.10 санасида никоҳ ўқитдик, бир ойлардан кейин тўй қилдик. Рафиқам билан ёшимиз ўртасидаги фарқ 11 йил. Унинг айтишича, мени 34 йил кутган экан...

"ФУТБОЛДА ЎЙИНЧИ КАШФ ЭТИШНИНГ ЗАВҚИ БОШҚАЧА!"
Ҳужумчи бўлганим учун мураббий сифатида ҳам жамоани ҳужумкорлик руҳида тарбиялашни афзал билардим. Бундан ташқари, жамоани якдил механизм сифатида қабул қиламан. Биттаси хато қилдими, бошқаси ёрдамга келиши, томошабиннинг футболга бўлган шавқини шу билан уйғота олиши муҳим. Мен учун футбол ҳақиқий санъат. Уни қўлдан келганча тушунтириб, ўйнашга ўргатишнинг завқига ҳеч нарса етмайди. Жамоага илк келган кезларим Баҳодир Насимов деган ўйинчини кўрсатиб, уни дарҳол ҳайдашимни таъкидлашди. Шошмадим. “Ҳайдашга ҳар доим ҳам улгураман, бир оз кузатай-чи?” дедим. У қобилиятли, аммо йўналтирилмаган ўйинчи эди. Жисмоний машқ, ўйнаш техникасини ўргатиш муаммо эмас, лекин футболчига керак жойда фикрлай олиш истеъдодини уйғотиш, жойлаштириш мушкул. Баҳодирга умид боғлаб ишлай бошладим. Баъзида мағлубиятига кўз юмиб, ўйинга қўяверардим. Шукрки, у умидимни оқлади. Йилнинг энг зўр ўйинчиларидан бўлди. Сўнг Баҳодирни Ўзбекистон терма жамоасига тавсия қилдим. Бир қанча вақтдан кейин эса Россиянинг "Рубин" футбол жамоасига ўтиб кетди. Фахрландим, бошқа юрт жамоаларига доим "Пахтакор" ёки "Бунёдкор"дан ўйинчи кетарди. Энди бўлса Самарканддаги киши билмас жамоа ўйинчиси... Буни аввало, Баҳодирнинг шахсий ютуғи, деб биламан. Ўсмирлар жамоасида ўйнайдиган бир ўйинчи эътиборимни тортди. У фақат дублда ўйнарди. Тезкор, руҳан кучли эканлигини сездим ва жамоамга олиб, футбол сирларини ўргата бошладим. Уни ўйинга қўйишимга ҳамма қарши эди, мен эса қулоқ солмадим. Аввалига ўсмирлар терма жамоаси, сўнг Олимпия терма жамоаси, ундан кейин миллий терма жамоа... Ҳеч кимга керак бўлмаган ўйинчи бирдан кашф этилганди.

ХУЛОСА
Мураббийлик фаолиятининг нозик томони шундаки, ўйиндаги ютуқ жамоаники, мағлубият эса мураббийники. Ҳаёт шундай экан... Инсон ҳаёт учун курашиши керак, йиқилдими, туриб йўлида давом этиши шарт.

Нигора СОЛИҲОВА суҳбатлашди

Манба: www.darakchi.uz
Киритилди: 13:30, 12.01.2012.
Ўқилди: 30734 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.