Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Бахтиёр Ашурматов: «Стадиондаги тўрнинг тешиги катта бўлганига бизнинг футболчи айбдор эмас»

Баҳо:
+ | -

Coca Cola суперлигасининг 5-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Машъал” учрашувидан сўнг ижтимоий тармоқларда бу ўйин ҳақида жуда кўп муҳокамалар бўлди. Аниқроғи ўйиндаги Мўмин Мелиев томонидан киритилган гол анча “машҳур” бўлди. Кимлардир хакамларни яна кимдир Мелиевни , бошқалар мезбонларни, ўзларини айбдор қилишмоқда. Ўйиндан сўнг ҳар икки жамоа бош мураббийлари матбуот анжуманида ўз фикрларини баён қилишди. Орадан бироз вақт ўтди. Хулоса қилишга барчада вақт етарли бўлди. Биз ўша учрашув ва ўйиндаги биринчи гол ҳақида яна бир марта фикрларини билдиришларини сўраб, "Қўқон-1912" бош мураббийи Бахтиёр Ашурматовга мурожаат қилдик.

"Аввало шуни айтишим мумкинки, жамоамиз ҳар бир ўйинда мухлисларни хурсанд қилиш учун, яъни ғалаба учун майдонга тушади. Муборакка ҳам мана шу мақсадда борган эдик ва мақсадимизга эришдик. Муборакда бизни дуранг ҳам қониқтирмасди. Ўйиндан олдин йигитларга ғалаба учун охиригача курашиш ва ғалабага ишониш хақида кўрсатма бергандик. Ўйинда футболчиларимиз жуда кўп вазиятлар яратишди. Йигитлар 90 дақиқа мобайнида ҳалол ишладилар, борларини бериб фақат ғалаба учун ўйнашди. Ўша барчанинг эътиборига тушган вазиятда Мелиев ўзининг вазифаси , яъни гол уриш учун ҳаракат қилди. Дарвозага зарба йўллади ва тўп дарвозанинг ичида турганини кўрди. Табиийки гол урдим деб хурсандчиликни бошлаб юборди. Унинг атрофида турган рақиб футболчилари ҳам, дарвозабон ҳам менимча ҳамма гол бўлди деб ўйлади. Рақиб футболчилари ҳам 100 фоиз гол бўлмади деб айтиша олмади. Бу вазият қанақадир секундлар ичида рўй берди. Ҳакамлар ҳам майдон марказини кўрсатишди. Ўйин давом этди. Орадан маълум вақт ўтгач ўша вазиятда тўп дарвозага ён томондан кирганлигини такрорий лавхаларда кўрган “Машъал” вакиллари гол хато бўлганлигини айтишни бошлашди. Бу биз учун кутилмаган ҳолат бўлди.

Кечадан буён ижтимоий тармоқларда бу вазиятга турлича муносабатлар билдирилди ва билдирилмоқда. Бу футбол – футболда бундай холатлар кузатилиб турилади. Буюк Марадонанинг қўл билан урган голи, “Байер” хужумчиси Кисслингнинг “Хоффенхайм” дарвозасига урган голи ва шунга ўхшаш кўплаб голларни мисол қилиш мумкин. Одамлар мени ва гол урган футболчимизни “фейр-плей”га амал қилмаганликда айблашмоқда. Ваҳоланки, биз ҳам масаланинг асл моҳиятини ўйин тугагандан кейин такрорий лавҳаларни кўргандан кейин билдик. Ўйин пайтида стадионда VAR бўлганида гол бекор бўлар эди ва ҳеч ким эътироз билдира олмаган бўларди. Мисол учун, "Бунёдкор" билан ўтган турда бўлган ўйинимизнинг 94-дақиқасида тўп жарима майдони ичида рақиб ўйинчисининг қўлига тегди. VAR бўлганда пенальти тепишимиз аниқ эди. Биз қимматли икки очко йўқотдик, лекин рақиб ўйинчисига нимага “фейр-плей”га амал қилиб тўп қўлингга текканини айтмадинг демадик ёки хакамга эътироз билдирмадик. Хатони ўзимиздан изладик. Агар ҳамма “фейр-плей”га амал қилиб тўп қўлимга тегди, ўйиндан ташқари ҳолатдан гол урдим деб ростини айтганда бизни ҳакамларга иш ҳам қолмасди. Мўжизавий гол деганимга ҳам ўша Кисслингнинг голи ёки бунақа голлар ўн йилда бир киритилишини, меҳнатимизга яраша Аллоҳнинг бизга кўрсатган меҳрибончилигини назарда тутиб айтгандим. Чунки юз марта, беш юз марта атайлаб тепилса ҳам тўп тўр тешигидан бунақа тарзда ўтмайди. Мен ҳам ўша вақтда мухлислар ёки бошқа инсонларнинг гапи билан бир қарор чиқаришим жуда қийин эди. Сайтларда чиқаётган мақолалар, твитларга, танқидларга, Мўмин Мелиевга бўлаётган босимларга ва Хомяковнинг ўйиндан кейин билдирган фикрларига ўз муносабатимни билдиришни лозим деб ўйлайман. Хомяковни жуда ҳурмат қиламан. Яхши мураббий, яхши инсон. Хомяков захира ўриндиғидан гол бўлмаганлигини аниқ кўрдим деган, лекин нимага “фейр-плей”га амал қилишимизни ўша вазиятда эмас, кимлардир такрорий лавҳаларни кўриб аниқ гол бўлмаганлигини айтганидан кейин талаб қилган. Агар дарҳол гол бўлмаганлигини ишонч билан айтганда биз бу вазиятни олдини олишимиз мумкин эди. Гол бўлган вазиятда ўртадаги ҳакам кўрмаган, ёрдамчи ҳакам кўрмаган, вақти келса тажрибали ҳакамларимиз VAR ёрдамида 10 дақиқа вақт кетказиб ҳам аниқ бир қарорга кела олмаётган вазиятда мен такрорий лавҳани кўрмасдан туриб қандай қилиб гол бўлган ёки бўлмаганлигини аниқ айтишим мумкин эди? Мисол учун, “Навбаҳор” - “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги учрашувда ҳакам олти дақиқа вақт сарфлаб ҳам аниқ қарор чиқариши қийин бўлди. Биз гол урган вазиятда ростини айтаман биринчи гол бўлмади деб ўйладим. Захира ўриндиғида ўтирганлар хурсанд бўлишганда улардан сўрадим. Гол бўлдими? Ҳа тўп дарвоза устунига тегиб дарвозабондан қайтиб дарвозага кирди дейишди. Кейин Мўмин олдимга келганда ундан ҳам сўрадим. У ҳам ҳа ака гол бўлди деб айтди. Жамоамиздаги хар бир футболчи билан ака-укадек бўлиб кетганман. Мелиев иймонли, эътиқодли ва ҳалол йигит. Мўминга ўз укамга ишонгандек ишонаман. Шу сабабли ўша вазиятда Мелиевнинг ўзи ҳам гол бўлди деб ўйлаганига ҳеч қандай шубҳам йўқ. У ўша вазият ҳақида ўзининг берган интервьюсида батафсил гапириб берибди. Шу сабабли Мўминга ортиқча босим қилмаслик керак. Твитларда Мўмин гол бўлмаганлигини айтиб қаҳрамонга айланиши мумкин дейилган. Ишончим комил, агар Мўмин гол бўлмаганлигини 100 фоиз билганида у ростини айтарди ва қаҳрамонга айланарди. Голдан кейин саккиз дақиқаларча ўтгандан кейин Хомяков олдимга келиб гол бўлмаган экан, гол ўтказиб юборинглар деб айтди. Мен унга гол бўлгандан кейин ўн дақиқа вақт ўтиб кетди. Мен такрорий лавҳани кўрмасдан туриб қанақа қилиб гол қўйворинглар, деб айтаман дедим. У яна гол қўйворишимизни талаб қилганида нимага менинг футболчиларим бошқаларнинг хатоси учун жавоб бериши керак деб айтдим. Ҳар хил мақолалар чиқариб мени Арвеладзе ёки Бьелса каби қарор чиқариши мумкин эди, мўжизавий қарор бўларди деяётганлар, хато гол ҳисобланган вақтдан ўн дақиқа ўтиб “фейр-плей”га амал қилиб гол ўтказиб юборган бирорта жамоа ёки мураббийни топиб беринглар-чи?! Арвеладзе — мард инсон. Лекин Арвеладзе: “гол ўтказиб юборинглар”, деган вазият билан, бизнинг ўйиндаги вазиятлар бутунлай бир-биридан фарқ қиладиган вазиятларку! Айтайлик, рақиб футболчилари тўхтаб қолганда биз гол урганимизда биз гол ўтказиб юбормасак ва танқид қилинсак арзирди. У вазиятда эса футболчимиз якка курашда ғолиб бўлиб, дарвозабон билан бирга-бир чиқиб зарба берди ва тўп дарвоза ичида.

Майли кейинги ҳолатга ҳам тўхталиб ўтсам. Хомяковдан кейин олдимга Дилявер Ваниев келди. Биз гаплашаётганимизни трансляция пайтида ҳам кўрсатиб ўтишибди. Ҳозир лабларнинг қимирлашига қараб нима гапирилганлини аниқласа бўладиган замон. Агар ким ишонмаса бизнинг гапимиз қандай кечганини аниқласа бўлади. Ваниев “ўртоқ, гол бўлмабди, гол ўтказиб юборинглар” деди. Мен унга “дўстим дуранг қилиб беришимизни ҳоҳлаяпсанми, голдан кейин ўн дақиқа ўтиб кетди. Футболчиларимга қандай гол ўтказиб юборинглар деб айтаман” дедим. “Футболчиларим ва бошқа инсонлар хозир гол ўтказиб юборсак қандай тушунишади”, деган жавобни бердим. Ваниев “лекин гол аниқ нотўғри киритилибди гол ўтказиб юборинглар” деди. Мен унга: “агар сен нотўғри гол урилганига 100 фоиз ишончинг комил бўлса, майли фақат ўйин охирида гол ўтказиб юборамиз” дедим. Чунки жамоам ҳозир гол ўтказиб юборса голдан кейин руҳланиб, яхши кайфиятда ўйнаётган жамоамнинг кайфияти тушиб дурангни ҳам ушлаб қолиши қийин бўларди. Шундан кейин Ваниев олдимдан кетди. Айтмоқчи бўлганим, ўйин охирида гол ўтказиб юборганимиз ҳар хил гап сўзларга сабабчи бўлиши мумкин бўлса-да, биз “фейр-плей”га амал қилишга тайёр эдик. Худога шукрки, биз иккинчи голни ҳам киритдик ва ўйин охиригача рақиб жамоа томондан бошқа ҳеч ким олдимизга бошқа келмади ва ўйин сўнгидагол ўтказиб юборишимиздан маъно қолмади. Энг хурсанд қилгани ўйиндан кейин Машъал раҳбари Илхом Қурбонов олдимга келиб “сизларга хеч қандай этироз йўқ, ўйин учун раҳмат деб миннатдорчилик билдирди. Мен ҳам “Машъал” жамоасига кейинги ўйинларда омад тиладим.

Фикрларим охирида ҳаммамизга Худо инсоф беришини, футболимиз ривожланишини, терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқишини, футбол журналистларимизнинг қийин ишларида уларни яратганнинг ўзи қўллаб-қувватлашини, ҳакамларимиз камроқ хато қилишларини, водий жамоалари ҳам чемпионлик учун кураша оладиган даражага тезроқ чиқишларини, Ўзбекистондаги ҳамма футбол мухлислари футболчилар бахтига, яқин инсонлари бахтига доимо соғ-саломат бўлишларини чин дилдан тилаб қоламан", — деди Ашурматов.

Манба: https://t.me/FCKOKAND
Киритилди: 08:50, 13.04.2021.
Ўқилди: 4044 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.