Кириш Регистрация

Игорь Сергеев: Учинчи уриниш – Қозоғистон!

Баҳо:
+ | -

Ушбу мавсумда актобеликлар фаоллик кўрсатишмоқда. Дастлаб «қизил-оқлар» мураббий танлашда футбол аҳлини ажаблантирдилар. Мавсумга яқинда «Жалгирис» билан Литвада чемпион бўлган беларуслик мутахассис Алексей Бага билан киришишди. Кейин табиийки, навбат трансферларга келди. Айни пайт «Актобе» етти нафар янги ўйинчи билан жамоани кучайтирди, уларнинг аксарияти муносиб тажрибага эга йигитлар: қозоғистонлик Юрий Перцух, Дидар Жалмукан ва Еркебулан Нургалиев, АПЛ вакили «Вулверхэмптон» клубининг собиқ футболчиси Тонго Думбия, собиқ «борисовчилар» Эрвен Мукам ва Боян Дубайич, шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев. Sports.ru қуйидаги мақолада айнан ҳамюртимиз ҳақида сўз юритди.

Қозоғистонда мазкур қўшни мамлакат футболчилари билан жуда яхши муносабатда бўлишади. Кўп йиллар давомида Улуғбек Бақоев ва Жаъфар Ирисметов чемпионатни «ёндиришди». Айтганча, Александр Гейнрих ва Темур Кападзе «Актобе» таркибида анча муваффақиятли ўйнашганини ҳам унутмаслик керак. «Қизил-оқлар»нинг янги ҳужумчиси табиийки, бу ерга кўчиб ўтишидан олдин улар билан маслаҳатлашган: «Дарҳол ва иккиланмасдан қарор қабул қилишга одатланмаганман. Бу ерда ватандошларим бир неча йил давомида ўйнашган. Улар мазкур жамоа, шаҳар, мухлислар ҳақида фақат илиқ фикрлар билдиришди», - деди Сергеев клуб матбуот хизматига берган биринчи интервьюсида.

Игорнинг фаолияти унинг ватани - Тошкентда, «Пахтакор»дан бошланган. Форвард асосий жамоага 17 ёшида клуб академиясидан ўтган ва шартнома тузган. Бироқ унчалик ҳам тез кўзга ташланмади.

Сергеев ўзининг биринчи тўлиқ мавсумини 2013 йилда ўтказган. Ўша йил ҳужумчи учун «Ҳамдўстлик кубоги» билан бошланди. Мусобақа давомида Қозоғистонни икки маротаба мағлуб этган Ўзбекистон термаси турнирда бешинчи ўринни эгаллади. «Плей-офф» ўйинида Сергеев Стас Павлов дарвозасини икки марта «силкитиб», қозоғистонликларни ранжитганди.

Кейин 20 ёшли футболчи миллий чемпионатида ҳам ўйнаш имконини қўлга киритди. «Пахтакор» таркибида Сергеев 20та ўйин ўтказган ҳолда, 5та гол уришга муваффақ бўлди.

Хориж клублари ҳам ўша пайтдан бошлаб ҳужумчини таъқиб қилишни бошлашди. Миллий терма жамоа ҳам назардан четда қолмади. Игорь Иорданияга қарши ўйинда Ўзбекистон таркибидаги дебютини ўтказди ва ке­йинги учрашувда дебют голини ҳам урди. Айни пайт ушбу форвард ҳисобида терма жамоа либосида 53та учрашув ва 15та гол мавжуд.

«Қайси жамоада бўлсам ҳам, доимо чемпионлик ва тўпурарлар рўйхатида етакчилик қилишга интиламан. Албатта, ҳамма хато қилади, мен уни тузатиш учун бор кучимни сарфлайман», - деганди Сергеев яна бир муваффақиятли мавсумдан сўнг.

Бир неча йиллар давомида ҳужумчи «Пахтакор» етакчиси ва қаҳрамонига айланди. 2016 йили Сергеев бошқа жамоага кўчиб ўтишга қарор қилди. Эҳтимол, ўша пайт Игорь ўзини Ўзбекистон чемпионати даражасидан ўтиб кетган, деб қарор қилгандир. Чунки бунгача у бир неча бор чемпион бўлган ва суперкубок билан кубокни ҳам олишга улгурганди.

Форвард Хитой Суперлигаси турнир жадвали ўрталарида юрган «Бейжин Гуоан»га йўл олди. Аммо Хитойда тўпурар-ҳужумчи ўзини кўрсата олмади. 14 ўйинда у фақат бир мартагина рақиб дарвозасига йўл топди.

Кейинги мавсумни Сергеев яна «Пахтакор»да ўтказди. Тошкент жамоаси чемпионатда фақат учинчи бўлди, аммо ҳужумчига ўзига бўлган ишонч (у ҳар иккинчи учрашувда гол урди) ва барқарорлик қайтди. Футболчилардаги бундай хусусиятларни эса ҳужумчининг ўзи қадрлайди: «Менга кўплаб ҳужумчилар ёқади. Левандовски ва Бензема ҳаракатларидан қойил қоламан, айнан уларни дунёнинг энг яхши ҳужумчилари деб ҳисоблайман. Улар нафақат мунтазам гол уришади, балки доимо барқарор футбол намойиш этишади».

2018 йилда Сергеев яна ўз кучини хорижда синаб кўрди. Бу сафар у БАА чемпионатининг унчалик катта бўлмаган клуби - «Ал-Дафра»ни танлади. Ўзбек футболчиси бу ерда ҳам узоқ қолмади - яна битта гол билан чекланди ва «Пахтакор»га қайтди.

«Пахтакор» - менинг уйим. Ўзимни бошқа жамоада тасаввур қила олмайман. Бу ерга қабул қилинганимдан хурсандман. Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман ва яна жамоага фойда келтирмоқчиман», - деганди ҳужумчи қайтганидан кейин.

Қайтиш муваффақиятли чиқди. Икки ярим мавсум давомида Сергеев 38та гол уриб, ўз номини «Пахтакор» тарихига абадий ёздириб қўйди. Тошкент клубидаги 180та ўйин давомида Игорь 101та тўп киритди. Айни пайт у «Пахтакор»нинг барча даврлардаги энг яхши тўпурари саналади.

Сергеев Қозоғистонга ўзбекистонлик суперюлдуз мақомида келди. Маҳаллий чемпионатда унга тенг келадиган йўқ эди, аммо хорижда у ҳали муваффақиятга эришмаган. Эҳтимол, Бага унинг учун тўғри сўзларни топа олардир, айниқса, Игорнинг ўзи беларуслик мутахассис билан ишлашдан мамнун: «Алексей Анатольевич саводли. У нимани хоҳлашини ва унга қандай эришишни билади. Ҳеч бўлмаганда - у тўғри ўйлайди. «БАТЭ»нинг ҳам, «Жалгирис»нинг ҳам ўйинларини томоша қилдим. Ўйлайманки, унинг футболи менга мос келади».

Қозоғистонга кўчиб ўтиш Сергеев учун «Пахтакор»дан бошқа жойда ўйнаш учун учинчи уринишдир. Дастлабки иккитасини муваффақиятли деб бўлмайди, аммо Қозоғистон чемпионатида барчаси бироз бошқача. Бу ерда Сергеевга мослашиш анча осон кечади. Ҳеч бўлмаганда, тил ва руҳий тўсиқлар бўлмайди.

Игорь голни ҳис қилиш қобилиятига эга чинакам спортчи. Қаҳрамонимиз яхши зарбага эга, иккинчи қаватда ҳам яхши ўйнайди. «Пахтакор»да шериклари уни жарима майдончасидан қидиришарди ва вазиятни ҳал қилиши учун Сергеевга атиги бир нечта тегиниш етарли эди.

Игорь Ўзбекистонда имкони бўлган барча нарсани ютди. Энди у бундай финтларини Қозоғистонда такрорламоқчи: «Мен ҳужумчиман, вазифам - рақиб дарвозасини ишғол қилиш. Мен гол ураман, биз ғалаба қозонамиз. 100 фоиз боримни беришни режалаштирмоқдаман. Қозоғистонда ҳам кўплаб совринларни ютишга ҳаракат қиламан! Биз шаҳарга аввалги шон-шуҳратини қайтариш учун биргаликда интиламиз».

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:30, 19.04.2021.
Ўқилди: 5327 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.