Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

10 йил, айрим ҳолларда 15 йил – кичик муддатми?!

Баҳо:
+ | -1

Сиз тахминан 28-30 ёшлардасиз, камида 10 йил, балким 15 йилдан бери ҳар куни таомлар пиширасиз. Нима, шунча вақтдан бери картошкани фақат бир хил усулда арчиб, бир хил кубик шаклидагина тўғрай оласизми?!

10 йил ичида, ҳар куни, ҳатто орангутанни мияси ҳам шу картошка артишда қандайдир тажриба тўплаб, картошкани ошга сабзи тўғрагандай узун-узун ёки ҳеч бўлмаса учбурчак шаклида тўғрай олишни ўрганиб олса керак-а?!

Футболчилар кўп ҳолатларда, футбол билан 10-12 ёшдан бошлаб шуғуллана бошлашадилар ва тўпни оёғини қайси қисми билан қайси вазиятда қандай тепиш керак эканлигини 22 ёшгача ўзлаштириб олишлари керак, наздимда. 10 йил, айрим ҳолларда 15 йил — ҳазилкам вақт эмас-а?!

Хуллас, “АГМК”даги Мирғиёс Сулаймонов (30 ёш), Дилшод Жўраев (29 ёш), Жасурбек Умаров (23 ёш) – элементар узун пас “навес” қилишни ҳалигача билмайсизлар! 10-15 йилдан бери, фақат қисқа пас билан майдонда тўп тепиб юрибсизлар. Катта ареналарда, бундай касбий маҳоратсизлик ярқ этиб, “порлаб” кўринаркан.

Ҳудди шу муаммо Шоҳруҳ Гадоев (29 ёш), Сардор Раҳмонов (26)да ҳам бор. Юқоридагилардан фарқли равишда, Шоҳруҳ Гадоев оғир жароҳатдан кейин ўзини ёшликдаги гумбурлаб чиққан “олтин форма"сига қайта олмади ва ҳозирги зарбаларида оддий куч ҳам йўқ.

Сардор Раҳмоновни зарбаларида эса, аксинча куч ҳам бор, аниқ пас бера олиш маҳорати ҳам бор - лекин пас беришда хато қилишдан қўрқади. Холбуки, Сардор ўз вақтида ёшлар терма жамоасида ўйнаганида - узоқдан йўллаган кучли зарбалари ва узун паслари билан ҳам эсда қолган эди. Демак, Сардорда ҳозирда хато қилиш фобияси мавжуд.

Аслида, Сардор Раҳмоновнинг жисмоний потенциали яхши, бош билан ўйнаши аъло, бироқ ўйин пайтида вазиятни ўз қўлига олиб, узун пасларни хато бўлса ҳам ошириб ва дарвоза томон кучли зарбалар йўллаб туришидаги хатоликлардан қўрқуви – унинг бор маҳоратидан устун келиб, уни ўртамиёна ўйинчига айлантириб қўйган.

Сардорнинг асл маҳоратига тенг бўлган бошқа амплуадаги жамоадошлари Йован Жокич ва Ҳусниддин Ғофуровларда эса, шу қўрқув йўқ ва улар хато бўлса ҳам узоқдан зарба йўллашади, узун "навес"ларни қилаверишади ва якунда уларни нархлари ҳам, ўйин пайтида тўплаган фойдали коэффициент баллари ҳам юқори бўлаверади.

Қачонгача хато қилишдан қўрқиб тўп тепасан, Сардор?! Имкониятинг аслида МТЖда ўйнашга ҳам тортади!

Худди шундай узун ва аниқ пас беришни “Пахтакор”дан Сардор Собирҳўжаев (26 ёш) ҳам билмайди. Ишонмасангиз, биргина “Пахтакор”нинг охирги “Шаржа”га қарши ўйинини youtube'дан қидириб томоша қилиб кўринг. Сардор бутун ўйин мобайнида унга келган тўпларни олдинга калта ёки узун паслар билан ошириб, хавфли ва кескин вазиятлар яратиш ўрнига тўпни ҳар сафар орқага ҳимоячиларга, дарвозабонга узатаверди. Жамоа позицион ҳужум уюштириш ниятида тўпни Сардорга узатади, у эса тўпни қабул қилиши биланоқ ўз дарвозасига қараб ўгирилиб, ўша орқа томондаги жамоадошларига тўпни ерлатиб узатаверади. Мақсад, тўпни рақибга олдириб қўймаслик учун тўпдан тезроқ халос бўлиш. Жуда ҳам савиясиз ва примитив қарор. Бу ишни мен ҳам уддалай оламан. Бу ҳам уни хато қилиб қўймаслик мақсадида камчилигини беркитишни бир кўриниши. 10-15 йил - кичик муддат эмас, Сардор!

Аслида, футболчини ўз жамоадошидан тўпни қабул қилиб олиб, имконият бўла туриб тўпни олдинги чизиқдаги шерикларига оширмаслиги ва тўпни деярли аксар ҳолатларда фақат ўз дарвозаси томонидаги шерикларига ошириши – шу футболчини шахсан мен учун паст тоифадалигидан далолат беради.

Ҳар куни 20 минутдан шу камчиликларни устида шуғулланилса ҳам, ўйин пайтида тезда узун ва аниқ пас беришни ўзлаштириш мумкин эди. Боз устига, интернет чиққанидан кейин, хорижий футбол усталарини маҳорат дарсларини топиб кўриб, қўллай олиш техникасини нозик жиҳатларини ўрганса бўлар эди. Бор йўғи 20 минутдан ўз устида ишланса, 10 йилда Синиша Михайлович даражасида бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда Драган Черан даражасида аниқ пас беришни ўзлаштирса бўлар эди.

Бу тилга олинган футболчилар, аслида Осиёнинг катта ареналарида чиқа олган футболчиларимиз, айримлари ҳатто МТЖга ҳам чақирилган.

Суперлигамиздаги бошқа футболчиларни шу камчиликлар призмасидан кузатсак, аҳвол футболни йиғиштириб, ёппасига боксга ўтиб кетишимизга сабаб бўлади.

Шукрки, ҳар холда боксчиларимиз, деярли ҳар вақт юрагимиздаги аламларни олтин ғалабалари билан малҳамлаб келишадилар.

Демак, ўзбек футболини элементар пас беришни ўргатадиган пойдевори ҳисобланмиш болалар мураббийларига катта эътибор қаратиш лозим экан. Бўлмасам, фонограмма футбол билан гуруҳ босқичидаёқ уйга қайтишга тўғри келаверилади.

Дарвозабонларимиз ҳақида умуман гапирмадим, бу мактаб бизда чалажон ҳолатда, афсус. Нега реакцияси яхши ва юрагида ўти бор АГМКдаги Валижон Раҳимов реакцияси ўртамиёна, полвонсифат Суҳроб Султоновга алмаштирилди?! Нега “Пахтакор” 3 йилдан бери битта нормал дарвозабонни топа олмайди?!

Узундан узун бу гапларни ёзишимга сабаб, ички чемпионатлари ҳаминқадар бўлган Ироқнинг “Ал-Қува Эйр Форс”ни “Пахтакор”даги ўзбекистонлик футболчиларига қарши жисмонан теппа-тенг курашиб, дурангни тортиб олишганию, Тожикистоннинг “Истиқлол”и айнан шу ўзбекистонлик футболчиларни якунда 3-2 ҳисобда доғда қолдиришди...

Билмадим, камида 2-3 авлодни алғов-далғов замонларда бой бериб қўйдик деган фикр бор.

Бор умид – Ҳожимуҳаммад Эркинов (19 ёш), Иброҳимхалил Йўлдошев (20 ёш), Диёр Холматов (18 ёш), Ойбек Бозоров (23 ёш), Ҳусайн Норчаев (19), Шерзод Насруллаев (22 ёш) каби ёшлардан энди. Тимур Кападзенинг “Олимпик” жамоаси таркибида ҳам мен ўйинларини ҳали кўрмаган айнан шундай маҳоратлари ёшига нисбатан эрта порлаган ўйинчилар борлигига ишонаман, ҳар холда Кападзе сутни қатиқдан ажрата оладиган мураббий.

Футболда ҳам театр, рассомчилик, опера санъати каби – бор маҳорат кенг оммага намойиш қилинади, бу давлат иши эмаски, қоғозда чиройли қилиб “чизиб” бериб, очко олиб мартабаларга эришиладиган.

Ўша гап, 10 йил, айрим ҳолларда 15 йил – кичик муддат эмас!

Фурқат Қурбонов.

Постскриптум: юқорида тилга олинган Тожикистонни “Истиқлол” жамоаси Саудияниен “Ал Ҳилол”ига Ар-Риёдда 0:1 ҳисобида ютқазиб туриб, якунда 4:1 бирга “қоқиб” қўйди! Ошинг бўлсин, “Истиқлол” Душанбе!

Киритилди: 10:30, 25.04.2021.
Ўқилди: 3307 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.