Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

«Сити»нинг садоқатли суянчи...

Баҳо:
+ | -

Шу йилнинг 8 февраль санасида «Манчестер Сити»нинг энг кекса ва мўътабар мухлисаси Вера Коэн оламдан ўтди. Бу хоним олис 1933 йилдан бери «шаҳарликлар»нинг яхши-ёмон кунларида доимо ҳамфикр бўлганди. Ўшанда 16 ёшли Вера курраи заминдаги тарихий ўзгаришлар гувоҳига айланган: Германияда ҳокимият Адольф Гитлер тасарруфига ўтган, АҚШ ва Собиқ Иттифоқ ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилган, Буюк Британия космосни тадқиқ этиш ниятини эълон қилганди.

Веранинг стадионга илк ташрифига ундаги қизиқиш сабаб бўлди. У таҳсил олган мактаб «Мейн Роуд» ёнида жойлашган бўлиб, трибуналардаги фанатлар ҳайқириқлари яққол эшитилиб турарди. Ана шу қизиқиш охир-оқибат бир умрлик муҳаббатга айланди.

1932|1933 йиллар мавсумини «Манчестер Сити» 16-поғонада якунлади. Лекин бир йилдан ке­йин ёш мухлисасига Англия кубогини тортиқ этди. 1937 йилда Вера суюкли жамоасининг дастлабки чемпионлигига ҳам гувоҳ бўлди. Табиийки, тарихий зафар «шаҳарликлар»нинг барча мухлисларига чексиз қувонч бағишлади. Ўша мавсумни «МЮ» «қора» гуруҳда ниҳоясига етказгани ғалаба нуфузини икки бараварга ошириб юборганди.

«Манчестер Сити» ўз тарихида қўлга киритган 26 совриндан фақат биттаси Коэн хонимнинг гувоҳлигидан бебаҳра бўлган - жамоа илк бора Англия кубогига сазовор бўлган 1904 йилда Вера ҳали ёруғ дунёга келмаганди. Аммо кейин у доимо «шаҳарликлар» билан ҳамнафас бўлди, 1998|1999 йиллар мавсумида суюкли жамоаси учинчи дивизионда тўп сурганида ҳам «Мейн Роуд»ни тарк этмади.

Турмуш ўртоғи иш туфайли рафиқаси билан стадионга кела олмай қолган паллаларда, Верага унинг синглиси Ольга Халон ҳамроҳлик қиларди. Верадан 5 ёшга кичикроқ бу аёл ҳам «Манчестер Сити» мухлисаси ҳисобланади.

«Шайх Мансур келганидан кейин бизда ажойиб ўйинчилар пайдо бўлишди. Яя Туре - доимо фақат олдинга интиладиган кучли футболчи, Давид Сильва - юксак савия соҳиби, Серхио Агуэро - афсона. Эдерсон? Балки мени ҳаётдан ортда қолган, деб ўйларсиз, аммо татуировкаси менга ёқмайди» - «шаҳарликлар»нинг ҳозирги вакилларига Халон хоним шундай таъриф берди.

2012 йилда «Сити» 44 йиллик танаффусдан кейин чемпионлик шоҳсупасига кўтарилганида ҳам опа-сингиллар стадионда эдилар.

Учрашувнинг сўнгги сонияларида узоқ кутилган ғалаба келтирувчи тарихий голни амалга ошириши билан Серхио Агуэро «Этиҳад»даги қувончли ҳайқириқларнинг бош қаҳрамонига айланди. «Бу манзарани тасвирлашга сўз бойлиги камлик қилади. Ҳамма бирданига майдонга ёпирилди. Ёнимда ўтирган бақувват йигит мени маҳкам қучоқлаб, ўпиб олди», - дея хотирлайди Холен хоним ўша тантанали оқшомни.

Вера бувининг 100 йиллик юбилейига «Манчестер Сити» байрам дастурхонини тўшади. Коэн хонимга тақдим этилган «Сити»нинг 100-рақамли футболкасини барча футболчилар ўз дастхатлари билан безатишди. Орадан икки ой ўтгач, Венсан Компани садоқатли мухлисалар ҳузурига ташриф буюрди. Қариялар бельгиялик футболчини чой ва уйда тайёрланган пишириқлар билан меҳмон қилишди. Маълум бўлишича, Вера буви нафақат футбол, балки ширинликлар тайёрлаш бобида ҳам улкан тажриба соҳибаси экан. 2001 йилдан бери қандолатчилик соҳасида жамғарган 23000 фунт стерлингни Вера Коэн марҳума қизи Женифер қўним топган Манчестер ибодатхонасига эҳсон қилди.

«Бувижоним чиндан ҳам тенги йўқ афсона эдилар», - дейди Коэн хонимнинг набираси Дэвид Голдсмит. 2018 йилнинг сентябрь ойида бутун футбол олами бунга гувоҳ бўлди. Коэн ҳамда Халон хонимлар «Этиҳад»да «шаҳарликлар»ни «Фулхэм»га қарши беллашувга олиб тушдилар. Ольга буви Фернандиньонинг, Вера эса Давид Сильванинг қўлини ушлаб олишганди.

«Майдонга тушиш чоғида Давидга менинг севимли ўйинчим эканлигини айтдим. У менга бўса билан жавоб қайтарди. Кейин ундан сўрадим: «Бугун мен учун гол ура оласанми?» Давид истагимни бажо келтирди», - деганди кекса мухлиса. Испаниялик футболчи ўша оқшом АПЛдаги 50-голини нишонлади, «Сити» эса 3:0 ҳисобида зафар қучди. Кампирлар беҳад бахтиёр эдилар.

Бироқ сюрприз шу билан адоғига етиб қолмади. Ўйиндан кейин Хосеп Гвардиола мўътабар мухлисалар билан суҳбатлашди. Қариялар жамоадаги самарали фаолияти учун Пепга миннатдорчилик изҳор этдилар. «Гвардиола ўйинчилар салоҳиятини тўла-тўкис юзага чиқариш вазифасини уддалай олмоқда. У - тенгсиз мураббий! Умид қиламанки, Хосеп доимо биз билан бирга бўлади. Ахир мен жамоанинг ўтмишдаги ҳолатидан жуда яхши хабардорман. Илк бора стадионга келган пайтимда, ҳатто табло ҳам йўқ эди - ўйиндаги ҳисобни оддий мактаб доскасига ёзиб қўйишарди», - деганди Коэн хоним.

Гвардиоланинг «шаҳарликлар»га абадий устоз бўла олмаслиги табиий ҳол. Аммо ҳозирча ўз вазифасини аъло даражада адо этмоқда. Навбатдаги чемпионликни расмийлаштириш учун унинг шогирдлари яна икки учрашувни ўз фойдаларига ҳал этишса, бас. Афсуски, Вера буви бу қувончли дамларга етиб кела олмади. Лекин синглиси Ольга ҳамон жамоа билан ҳамнафас. «Сити» яқинда бир асрлик маррани забт этган қария мухлисани ранжитиб қўймаслик учун бор куч-маҳоратини аямайди. Вера ва Ольгага ўхшаган садоқатли аёллар ибрати «Сити»нинг тарихи йўқ, дея жар солаётган калтафаҳм телбаларга қарши қақшатқич зарба бўлиши аниқ.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:07, 26.04.2021.
Ўқилди: 3026 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.