Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Реал»га уч сония етмади

Баҳо:
+8 | -

«Реал»га кубок керак эмасди. Айнан ҳозир. Моуриньо қанақадир ҳисоб китоблар билан, керакли ҳисобни қайд этиб, ўша «Мерандес»лар ярим финалга чиқаётган бечора кубокка зор эмасди. Кубокнинг қиймати, ўтган йилгидан юз баробар паст эди, ишонинг. Айнан ҳозир...

Бир йилда саккизта «классико»ни юта олмаган «Реал» учун энг кераги бу ўзига нисбатан ишончни уйғотиш эди. Чунки, Ла-Лига-ку майли, Европа чемпионлари Лигасини ҳам ютиш учун «Барселона»ни айланиб ўтадиган йўл йўқлигини ҳамма билади. Хўш? Бор куч билан кубокка ёпишиш ва оқибатда мақсадга эришмаслик «Реал»ни ярим йўлда синдириши ҳеч гап эмас. Мана шу жиҳатдан Моуриньо жуда тўғри йўл тутди. «Барселона»га қарши ЎЙНАШни ихтиёр этдики, мен уни мана шу бошланғич таркиби учун ҳурмат қила бошладим. Ўша биз билган «Реал» «Барселона»га қарши фақат ўйнарди! Ҳисобдан қатъий назар.

Игуаин 12-сонияда Бенземанинг рекордини янгилаши мумкин эди. 17-дақиқада Роналду ўтган сафарги голини такрорлаши мумкин эди. Бундай ўйинларда омадсиз Ўзил дарвоза тўсинини нишонга олди. Рамос ҳатто чалқанчасига зарба берди дарвозага. Ажойиб.

Лекин биласизми, гап бунда эмас. Мен бу вазиятлар ҳақида гапирмаяпман. Кака, Ўзил, Роналду, Игуаиннинг бир пайтда майдонга туширилишининг ўзи «Реал» ўйнамоқчи эканидан далолат. Бизни 1:0 қониқтирадими, 3:2 ютсак, яхшироқми, бу ҳақида ўйлашгани йўқ, назаримда. Майдонга шундоқ чиқиб, дунёнинг энг кучли жамоасига ҳақиқий курашни тақдим этиш истаги биринчи голдан кейинги Роналдунинг юзлари афсус аралаш ифодасини топаётганди. Ишондим.

«Барселона» ўтган ўйиндаги таркибни заррача ўзгартирмаган бўлса, «Реал»да ўзгаришлар етарли бўлди. Алтинтўп ўрнини ўнг қанот ҳимоясида Арбело эгаллади. Бензема захирада қолди, ўрнига Кака ҳаракат қила бошлади. Марказдан эса Пепе олинди ва Ўзил илк дақиқалардан майдонда ҳаракат қила бошлади. Айтмоқчиманки, имкон қадар импровизаторларни кўпайтиришга ҳаракат қилинди. Юқорида санаб ўтган тўрт футболчининг бир вақтда майдонда ҳаракат қилиши эса, ўзига хос риск ҳам эди. Мабодо мезбонларнинг ўйини қавушиб қолса, позиционал ҳимояланишга ўрганмаган биратўла тўрт футболчининг бўлиши жуда ноқулай. Бунинг таъсиини камайтириш эса, кўпроқ суперактив ҳимоячилар билан бўлади. Анча хотиржам ҳаракат қиалдиган Карвальюнинг ўрнига Пепенинг қайтишини шу билан изоҳалаган бўлардим.

Илк ўттиз дақиқада «Реал» рақибини футболда нечта устунлик саналадиган бўлса барчаси бўйича ортда қолдираётганди. Фақат голдан бошқа. Лекин, биласизми...

«Реал»да ўйинни назорат қилиш режаси йўқ эди барибир. Яъни ўйинни ўнлаб эпизодларга бўлиб ўрганадиган бўлсак, ҳар бир эпизодни «Барса» бошлаётганди. «Реал»нинг вазифаси эса ўша ҳар бир эпизодни ўз фойдасига ҳал қилишдан иборат бўлди, холос. Шахматдаги контртактика каби, «Реал» бу эпизодларнинг барчасини ғалаба билан тугатаётган бўлса-да, режани «Барселона» тузаётганди. Бир ўхшамас, икки ўхшамас, барибир қачондир қайсидир эпизод мезбонлар фойдасига ишлашини тахмин қилиш қийин эмасди. Менимча.

Ниҳоят бу вазият содир бўлди. Сўнгги беш дақиқада. Месси охири ўзининг тезлик олиши учун майдон топа билди, тўп билан жарима майдонига яқинлашди. «Реал»нинг барча ҳимоячилари Мессига ёпиша кетдилар. Позицион хатодан эса Фабрегас ва Педро очиқ қолгандилар. Иньестанинг жароҳатидан сўнг, майдонга тушган Педро классиколаридаги навбатдаги голини киритди — 1:0.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, Месси Пепедан қасдини олишни истаб қолди ва огоҳлантирилди. Диарра иккинчи марта сариққа тортадиган қўполлик қилди, лекин иккинчи сариқни беришмади. Менимча, яхши бўлди. У бўлса, бу бўларди, деган гап-сўзлардан қутулдик. Диарра эса иккинчи голнинг иштирокчиларидан бирига айланди. Ўша қоида бузилишидан сўнг белгиланган жарима тўпи айнан унга тегиб, Алвешга бориб тушди. Алвешнинг зарбасини эса қайтариш қийин эди. Касильясга ҳам.

Иккинчи бўлимда «Реал» ўзгарди, дейиш қийин. Лекин энди эпизодларни голга айлантиришнинг уддасидан чиқа олмади. Голлар қандай киритилганини кўрдингиз, аввал Ўзил Роналдуни яккама яккага чиқарган бўлса, кейин Бензема жарима майдони ичида мезбон ҳимоячиларни доғда қолдирди – 2:2. Айтганча, Роналду кетма-кет учинчи классикода гол киритмоқда.

Ана энди жуда катта нарсалар тикилганди. Қайтараман, бу тикилган бойликлар ичида ўша Испания кубоги мингинчи даражали нарса эди. Айни дамдаги ғалаба керак эди. Айниқса «Реал»га. Нима бўлгандаям, урушни «Барселона» ютган бўлса-да, бугунги жанг «Реал» фойдасига ҳал бўлди. Ишонмайсизми?

Ўйин бошланмасдан олдин ушбу жамоалар ҳақида фикрингиз қанақа эди? Шахсан мен 3:0 ҳисобида мезбонлар ғалабасини тахмин қилгандим :-). Хўш? Яъни бугунги ўйин сўнгги «классико»лардан кейин, ушбу жамоаларнинг нисбатан кучи ҳақида юзага келган фаразларни инкор қила олди. «Реал» «Барселона»га қарши ўйнай олишини исботлади. Ана энди, қачондир бу жамоалар яна тўқнаш келиб қолса, кўпроқ бугунги учрашув эсланади ва шундан келиб чиқилади. Агар «Реал» ўртадаги фарқни сақлаб қолиб, Испания чемпиони бўлиб қолса, Моуриньо ҳам, «Реал» мухлислари ҳам, ўша бир бало-ю нол ҳисобидаги ғалабаларни эмас, айнан мана шу – аслида мақсадга эришилмаган ўйинни уялмасдан рўкач қила олади... ва ҳақли бўлади! Ахир ғалаба билан эмас, бу ғалабага қанчалик ҳаракат қилганинг, қанчалик лойиқ бўла олганинг билан эришасан эътирофга. Тўғрими?

Ҳа, яна қизил карточка кўрдик. Пепе ҳалиям пепелик қиляпти. Сариқлар, жарималар... Аммо бу сафаргиси ҳақиқий эркаклар баҳси, эркаклар эмоцияси эди. Ғалабага бўлган кучли истак. Мухлисларда ҳам айнан шу эмоцияни уйғота оладиган даражада. Футбол шу учун ўйналмасмиди? Сизни билмадим-у, шахсан мен сўнгги 4 йил ичида бунақа «классико» кўрмагандим. Умуман қачон кўрганимни ҳам эслай олмаяпман шу тобда. 

«Реал»га битта гол етмади. Жамоа ҳужумчиларининг маҳоратидан келиб чиқсак, бу гол ҳар қандай ҳолатда ҳам киритилиши ҳеч гап эмасди. Ҳозирги «Барселона»нинг «отаси» Йоҳан Круиффнинг бир гапи бор — гол уриш учун 3-4 сония кифоя қилади. Бугун «Реал»га ўша 3-4 сония етмади, дейиш мумкин. Бошқа ҳеч нарса.

Ҳар икки жамоа мухлисларини ғалаба билан табриклайман. 

Қ.АСЛАНОВ

БАРСЕЛОНА – РЕАЛ МАДРИД 2:2 (2:0)
Голлар: 1:0 – Педро (43), 2:0 – Дани Алвес (45), 2:1 – Роналду (68), 2:2 – Бензема (72).

БАРСЕЛОНА: Хосе Пинто, Абидаль, Пике, Пуйоль, Дани Алвес, Бускетс, Хави, Иньеста (Педро, 30), Фабрегас (Алькантара, 70), Санчес (Маскерано, 78), Месси.
РЕАЛ МАДРИД: Касильяс, Коэнтрау, Рамос, Пепе, Арбелоа, Алонсо, Кака (Кальехон, 61), Л. Диарра (Гранеро, 52), Ўзил, Игуаин (Бензема, 61), Роналду.
Огоҳлантиришлар: Л. Диарра (27), Рамос (33), Месси (45), Касильяс (45), Роналду (54), Коэнтрау (81), Гранеро (89), Пуйоль (90), Пепе (90).
Четлатиш: Рамос (87)
Бош ҳакам: Фернандо Тейшейра Витьенес

Манба: stadion.uz
Киритилди: 04:09, 26.01.2012.
Ўқилди: 19153 марта.
Фикрлар: 83 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.