Бу сафар Европа Лигасининг финалига етиб келган клублар жаҳон футболида икки бошқа-бошқа даражага эга бўлган, кескин фарқли жамоалар. Тарихий жиҳатдан бу фарқ ўтган мавсум финалчилари ўртасидаги фарқданда йирик. Аммо айнан ўтган йили, тарих ва таркиб эътибори билан кучли дея баҳоланган “Интер” эмас, бу “мусобақанинг эгаси” дея тарифланган “Севилья” совринни қўлга киритган. Вазият ўхшаш. "Манчестер Юнайтед" дунёда энг кўп мухлисларга эга футбол клубларидан бири. “Вильярреал” эса энг камида бундай сифат билан мақтанолмайдиган жамоа. Аммо бу ердаги мураббий “мусобақанинг соҳиби” дея малакаланади. Ўйлашимча, бугун мураббийлар баҳсини кузатамиз.
Сульшер. Бугунги МЮнинг энг кучли чизиғи қайси? Дарҳол жавоб бериш қийин бўлган савол менимча. Мураббий яримҳимоядаги балансни тополгани, ҳужумда Марсьяль ва Рэшфорднинг беқарорлиги боис юзага келган муаммоларни ечолгани, дарвозада Де Хея-Хендерсон рақобатини юзага келтиролгани, ҳимояда Магуайрнинг етакчи бўлишига шароит яратиб бергани учун мақталиши лозим. Албатта, масалага бошқа томондан келсак, юқоридаги жараёнларни Фернандешнинг мукаммаллиги, Каванининг меҳнати, Хендерсоннинг иштиёқи, Магуайрнинг харизмаси билан изоҳлаш мумкин. Бироқ менимча, буларнинг барчаси бир вақтда ўртага чиқаётгани мураббийнинг хизматидандир. Табиийки, “Манчестер Юнайтед”нинг камчиликлари бор. Сульшер якунига етган АПЛ мавсумида топ клубларга қарши эҳтиёт бўлиб ўйнади. Шунинг учун бундай учрашувларда ноллар кўп. Бошқа томондан, агар режа бузилиб кетса рақамлар ортиб кетади ва бу МЮ фойдасига бўлмаслиги мумкин (“Тоттенҳэм” ва 1:6’га ишора). Шу боис норвегиялик мураббий бугун гарчи финал ва ўша топ-клубларга қарши ўйиндек залворли баҳс бўлсада биринчи рақам бўлиб ўйнашга интилади. Қўшимчасига бу бир ўйинлик ҳаёт-мамот масаласи.
Эмери. Ўта ақлли мураббий. Рақибга қараб ўйин туза билади. Натижага ўйин қуриши мумкин. Жамоаси фавқулотда ҳолатда интенсив ишлаши мумкин бўлган ҳужум чизиғига эга. Дани Парехо, Мои Гомес, Жерар Морено, Пако Алкасер, Саму Чуквезе ва Карлос Бакка. Ҳозир кўпчилик у яна ушбу мусобақа финалига чиққани, бундан аввал “Севилья” билан 3 маротаба, “Арсенал” билан бир маротаба ҳам бу ишни қилганини эслаяпти-ю, лекин аслида бу мавсум Ла Лига “Вильярреал” учун омадсиз якунланганини унутяпти. Клуб ўтган сафар ишончли тарзда 5-ўринни эгаллаган. Бу сафар 7-ўрин. Шу боис, Эмери бу сафар “Арсенал”даги каби финалга чиқибгина мақтовларга қолиши қийин. У ғолиб бўлиши лозим.
Бир сўз билан айтганда – ҳар икки жамоа максимал эътибор билан финалга етиб келяпти. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
УзРепорт ТВда бирга кўрамиз!
Ориф Толипов.