Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«Элга келган тўй»дан қутулиб бўлмайди ёхуд ногирон Копа Америка

Баҳо:
+ | -

Яқин кунлар ичида футбол оламидаги нуфузли воқеликлардан бири - Копа Америка мусобақаси старт олади.

Бироқ унинг тақдири ҳанузгача сўроқ остида турибди. Расмий жиҳатдан ушбу турнир Колумбия ва Аргентина мамлакатларида ўтиши керак эди. Бироқ Колумбиядаги апрель бошидан бери кузатилаётган турли оммавий «чиқиш»лар бу мамлакатдан мезбонлик ҳуқуқининг олиб ташланишига сабаб бўлди.

Бунинг устига Аргентинадаги коронавирус ҳолатлари кундан кунга жиддийлашиб бормоқда. Энди вазият ҳатто мусобақага мезбон излаш ҳолатигача борди. Бу йўлда КОНМЕБОЛ АҚШ, Эквадор ва Чили вариантларини пухта ўйлаб кўрмоқда.

Хўш, энди аҳволи қалтислашган севимли Копа турнирининг тақдири нима кечади?

Ушбу воқеа энди турнирнинг кўплаб аспектларига салбий таъсир кўрсатса ажаб эмас. Ташкилотчилик режаларида ҳам бир қатор ўзгаришлар бўлиши турган гап. Мамлакат президенти Иван Дук Васкес вазият юзасидан ўз қарашларини ифодалади. Хўш бу муаммога сабаб аслида нима?

Бутун бошли катта мусобақанинг бирданига ўтказилмай қолиниши учун қандай омиллар тўсиқ бўлди? Буни юқорида номи келтирилган президентнинг яқин ҳафта ичида ўтказган баъзи бир ислоҳотлари билан боғлаш мумкин. Эълон қилинган қўшимча солиқ ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги реформалар халқ орасида кескин норозиликларни келтириб чиқарди, минглаб одамлар кўчада эркин намойишларни бошлаб юборди. Ўзи шундоқ ҳам коронавируснинг юзага келган кетма-кет тўлқинларидан азият чеккан аҳоли учун энди бу каби қарорлар ҳар қанақасига ортиқча сезилиши шубҳасиз. Оқибатда Васкес янги қонунларга бироз ўзгартиш киритди. Аниқроғи бунга мажбур қилинди. Бироқ бу йирик «калонна»ларни тинчлантира олмаяпти. Иш ташлашлар кескин суратда давом этади...

"Солиқлар реформаси тўғрисидаги янги қонун чиққач бу паст ва ўрта табақали қатлам ўртасида кескин норозиликларни келтириб чиқарди. Энди бу катта бир ижтимоий муаммога айланган", - дейди журналист Хулиан Гутьеррес.

"Қўзғолоннинг дастлабки тўлқинини ўта шиддатли кечганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Оммавий намойиш оқибатида воқеага полиция аралашгани учун нақ 50 киши вафот этган. Бироқ расмий баёнотларга кўра негадир бу рақамлар икки баробар кам қилиб кўрсатилди. Бунга қўшимча равишда 168 киши бедарак йўқолиб, 800 таси жиддий жароҳат олган. Аммо, Колумбияда бу каби қўзғолонлар биринчи марта кузатилмаяпти. Бундан бир неча йиллар аввал кўз кўриб қулоқ эшитмаган намойиш бўлган эди", - дея эслайди Гутьеррес.

Ҳар сафар ҳам бу каби тўлқинлар шафқатсиз тарзда бостириб келинган, ҳукумат ва халқ позициясида баланс йўқолганганини сезиш қийин эмас. Бу албатта футболга таъсир қилмай қолмаслиги аниқ эди. Айни пайтда турли матбуот нашрлари томонидан Копа Америка турнирининг фақат Аргентинада ўтказилиши ҳақидаги рост-ёлғон гаплар болалаяпти. Бироқ мамлакат футбол федерацияси президенти Фернандо Хорамильо буни кескин инкор этди. У ички лигани тўхтатиш қарорига мутлақо қарши.

Олдинроқ "Атлетико Насьональ", "Индепендьенте Санта-Фе" ва «Ла Экидад» жамоаларининг ички мусобақаларни якунлаб қўйиш учун Парагвайга жўнатиш ғояси илгари сурилганди. "Бизнинг мамлакатда футболни тўхтатиб қўйиш қанча вақтга бўлишидан қатъий назар мухлисларнинг ҳиссиётини ўлдиради. Фақат бир ёқлама қарор чиқармаслик керак. Аввал ҳам бу каби турнирларни бунданда ёмонроқ вазиятларда ўтказиб олганмиз. Ҳавотирга ўрин қолмаслиги керак", дейди Фернандо.

Бироқ мамлакат раҳбари Дукнинг режалари бошқачароқ. Дастлаб у масалани стадионга томошабинларнинг киритилмаслиги билан ечмоқчи эди. Бироқ кейинчалик тартибсизликлар борган сари кучайиши оқибатида мусобақанинг ўзи ҳам сўроқ остида бўлиб қолди. У 2001 йилги воқеларнинг такрорланишидан қўрқувда, таваккал қилишни истамайди.

Гап шундаки, ўша йили ҳам "кофе етиштирувчилар" қитъанинг нуфузли турнирини ўзларида қабул қилишлари керак эди. Шу аснода юзага келган оддий фуқароларга террористларнинг ҳужуми натижасида ҳукумат ва тинч аҳоли катта талофат кўрган. Бунга жавобан Аргентина мусобақада иштирок этишдан бош тортди, Бразилия турнирга 3-таркибини жўнатди. Турнирнинг асосий фаворитига айланган Колумбия эса бир амаллаб чемпион бўлган. Аммо бунинг асоратларини ҳар бир мухлис ҳозиргача унута олмайди.

"Ҳанузгача ўша йили нима бўлганини барча барча минутларигача эслайди: вайрона шаҳарлар, олов остидаги стадионлар...
Кўплаб ареналарнинг эшиклари дарғазаб мухлислар тўлқини билан «блокланганди». Натижада футболчи ва делегация аъзоларига озиқ-овқат етказиб беришда катта қийинчиликларга учраганмиз. Чиқиндилар уюмини эса шунчаки таърифлаб бўлмас эди. Ҳозир ҳам кўриб турганингиздек, Калидаги тартибсизликлар энг юқори чўққисига чиқиб улгурган. Бу ер энди ҳар қандай мусобақа ва анжуман учун энг хавфли ҳудудга айланди.

Ушбу шаҳарда гуруҳ босқичининг 3 та учрашувлари ўтказилиши керак эди. Айни дамдаги ҳолатдан келиб чиқсак, 1 ой ичида мавжуд инфратузилмани тўлиқ реконструскция қилиш умуман имконсиз. Вазиятга қараб қарор чиқарамиз", - дейди мамлакат президенти.

Албатта, бу каби ҳолатларда футбол ва шунга ўхшаш тадбирлар ҳар қандай муҳимлик даражасидан қатъий назар сиёсий ва ижтимоий масалалар фонида ҳал қилинади. Хоҳлаймизми йўқ, бу ерда давлат раҳбарларининг тутган позициясига кўп нарсалар боғлиқ. Шундай экан, "элга келган тўй"дан кутилмаган фожеалар ясаб юбормаслик керак.

"Ҳар бир колумбиялик сингари мен ҳам мамлакатимизда бу каби йирик турнирларнинг ўтказилиш тарафдориман. Бу ҳар биримиз учун шараф. Бироқ айни пайтда футболдан ҳам муҳимроқ масалаларимиз мавжуд. Халқ дарғазаб кайфиятда. Бундай пайтлар ҳеч ким футболни хаёлини бир ерга жамлаб томоша қила олмайди. Одамлар ўз тақдирлари учун курашмоқдалар. Вирусдан ўлганлар сони кундан кун ортиб бормоқда. Бундай вазиятда таваккал иш қилиш ярамайди", - дейди «Атлетико» бош мураббийи Фернандо Суарес.

Мусобақа нузомида фавқулодда ҳолатлар сабабли унинг келажагини ноябргача қайта муҳокама қилиш банди бор. Бироқ ўзи шусиз ҳам 2020 йилда ўтказилиши керак бўлган турнир мана энди қайтадан ташкил этилмоқда. Катта эҳтимол унинг мезбонлиги Аргентинанинг якка ўзига қолиб кетади.

Аммо ушбу давлатдаги назоратни ҳам бир текисда деб бўлмайди. Кундан кун ўрнатилаётган коронавируснинг турли антирекордлари мухлислар онгида яна шубҳа аломатлатирини қолдираётган бўлса ажаб эмас. Аммо энди КОНМЕБОЛ бу борада кескин туриб олган. Ҳар куни барча хавфсизлик чоралари шай ҳолатда кўрилмоқда. Мусобақанинг қай тартибда ўтказилишини эса яқин ҳафталар оралиғида билиб оламиз.

Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади

Киритилди: 23:18, 27.05.2021.
Ўқилди: 5556 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.