«Бунёдкор» футбол клуби делегацияси ўзининг иккинчи хорижий йиғинини ўтказиш учун Туркиянинг Анталияга етиб келди.
Сайтимизда аввалроқ ҳам хабар бериб ўтган эдик, «Бунёдкор» делегацияси жой олган самолёт Истанбулга қўнгач, режага кўра, «Отатурк» аэропортида бир соат транзит ҳудудда бўлиб, Анталия томон парвоз қилишлари лозим эди. Бироқ Истанбулда ноқулай об-ҳаво ҳукмрон бўлиб, аэропорт ҳудудини қалин қор қоплаши натижасида 2 февраль кунги рейсларнинг барчаси бекор қилиниб, янги жадвал тузиб чиқилди. Шунинг учун «Бунёдкор» футбол клуби делегацияси Истанбулда етти соатга яқин қолиб кетди.
Узоқ кутишлардан сўнг жамоа «Отатурк» аэропортидан Анталияга парвоз қилди. Аэропортда жамоанинг яқин икки ҳафта мобайнидаги қароргоҳига айланган «Blue waters» меҳмонхонаси вакиллари кутиб олишди.
Кўркам ва шинам «Blue waters» меҳмонхонасида ҳозирги кунда бир неча мамлакатларнинг жамоалари истиқомат қилишмоқда. Улардан бири Қозоғистоннинг амалдаги чемпиони — Қарағанданинг «Шахтёр» клуби. Юртимиз мухлисларига «Машъал» ва «Насаф» клубларидаги фаолияти орқали танилган клуби бош мураббий Виктор Кумиков билан «Бунёдкор» вакиллари кўришиб, фикр алмашишди.