Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

"Биллур оёқлар" Топ - 10лиги

Баҳо:
+ | -

Бир футболчи иқтидорли бўлиши мумкин, аммо кучли бўлиш учун унга яна бир қанча жиҳатлар керак. Энг кераклиларидан бири жисмоний ҳолат ҳисобланади. Неймар иқтидор масаласида Месси ва Роналду билан тенглаша олади, аммо айнан ўша таъкидлаган сифатнинг етишмаслиги унинг икки суперюлдуз қаторида бўлишига тўсиқ бўлади. Шунингдек, бундан 3-4 йил аввал Дембеле ва Мбаппе ҳам бир хил даражадаги футболчилар эди, аммо бирининг жароҳатларга ўта мойиллиги унга ҳар доим ҳалақит бериб келади. Бири кўплаб ўйинларда майдонга тушиб, катта ўйинларда ўзини кўрсатиб маҳоратини ошириб келса, яна бири лазаретда ёки ўз ўйида қандайдир майда-чуйда машғулотлар билан банд бўлади. Ҳозир сўнгги мавсумларда ўз жароҳати сабаб фаолиятини "ўлдириб" қўяётган айрим иқтидорларга тўҳталиб ўтамиз.

10. Самюель Умтити "Барселона"

2016 йилда Умтити "Лион"дан "Барселона"га 25 миллион евро эвазига келиб қўшилди. Аввалига кўпчилик ушбу трансферга шубҳа билан қаради, аммо унинг илк мавсумида бу шубҳалар ариди. У ёрқин ўйинлари билан тезда асосий таркибдан ўрин эгаллади, аммо 2017 йилда "Спортинг" жамоасига қарши ўйинда футболчининг олган жароҳати катта бахтсизликнинг бошланиши эди. Шундан сўнг футболчи тез-тез жароҳат олишни бошлади ва бора-бора асосий таркибдаги ўрнини ҳам бой бериб қўйди. Ҳозир француз ҳимоячи Каталония клуби учун керакчиз футболчилар қаторида ва катта эҳтимол ёзда бошқа клубга ўтиши мумкин. Аслида, у эндигина 27 ёшда ва бу вақтда у фаолиятининг айни чўққи палласига чиққан давр бўлиши лозим эди, аммо ҳаммаси ўзгача тус олди.

9. Томас Вермален "Виссел Кобе"

Навбатдаги ўриндан яна бир "Барселона"да тўп сурган ўйинчи ўрин олган. Томас АПЛнинг шиддатли ўйинларидан сўнг бироз сокинроқ чемпионат Ла Лигага келган Вермален бу янги жойга мослашиб кета олмади. Каталония клуби сафида 12 маротаба жароҳат олган Томас умумий 83 та ўйин ва 444 кунни жароҳати сабаб ўтказиб юборишига тўғри келди. Ўзи шундоғам захира ўйинчиси бўлиб қолган Томас жароҳатларидан сўнг охири нафақат "кўк-анорранглилар" сафидан балки, Евро футболдан ҳам кетишига тўғри келди. Айни дамда у Япониянинг "Виссел Кобе" клубида тўп тепмоқда.

8. Дани Карвахаль "Реал Мадрид"

"Реал Мадрид" клубининг етакчи ярим ҳимоячиларидан бири Дани Карвахальни ушбу рўйхатдан ўрин эгаллашига сўнгги пайтлардаги кетма-кет жароҳатлар сабаб бўлмоқда, аслида. Ўша "Реал" Европани зир титратган йилларда у бундай жароҳатлар олмас эди. Бу мавсум Дани Карвахаль Ла Лигада 13 та Чемпионлар Лигасида 2 та ўйинда майдонга тушди. Айни дамда "қироллик клуби"нинг қанотида бир қатор муаммолар вужудга келмоқда. Хаттоки ярим ҳимоячи Вальверде бу позицияда ўйнашига тўғри келди. Испаниялик ҳимоячи жуда ҳам керакли пайтда ўз жамоасига панд бермоқда, аммо "Реал"да бу борада ундан анча "кучли" футболчидар ҳам мавжуд.

7. Жек Уилшер "Борнмут"

Айни пайтда "Борнмут" сафида тўп тепаётган ярим ҳимоячининг жароҳатлари бутун фаолиятига катта зарба берди. Англия терма жамасида узоқ вақт тўп тепган, "Арсенал"да ҳам ўзининг ёрқин ўйинлари билан эсда қолган Уилшернинг иқтидори шунчаки, "синди". Карьераси давомида инглиз футболчи умумий 895 кунни лазаретда ўтказишга мажбур бўлган. У ҳозир 29 ёшда. Одатда, айрим футболчиларнинг гуллаган пайти шу ёшга тўғри келади. Уилшерни эса мен 29 ёшга кирган қария деб атаган бўлар эдим. Унинг ёшлиги эса аллақачон ортда қолган.

6. Дэниел Старридж "Трабзонспор"

Старридж Англиянинг "Ливерпуль", "Челси", "Манчестер Сити" ва "Вест Бромвич" клубларида тўп тепган. Шубҳасиз, у футбол тарихида энг кўп жароҳат олган футболчилардан бири ҳисобланади. Старридж Англия терма жамосида ҳам етарлича ўйинлар ўтказган. Аниқроғри, 26 ўйинда 8 та гол уришга муваффақ бўлган. Ҳозирда эса у Туркиянинг "Трабзонспор" клубида тўп тепмоқда. Гарчи, у ўта иқтидорли ва сермаҳсул бўлишига қарамай, у ўзида бор потенциални кўрсата олмаган, яъни жароҳатлар бунга йўл қўймаган.

5. Марио Гётце ПСВ

Жаҳон Чемпионати финалида гол урган ўша йигитчанинг келажакда топ даражадаги футболчи бўлишини кўпчилик кутган эди, менимча. "Боруссия Дортмунд"даги йорқин ўйинларидан сўнг одатдагидай уни "Бавария" ўз таркибига қўшиб олган эди. Сўнгра у яна Дортмунд клубига қайтди. Доимий жароҳатлардан сўнг Марио хатто ўзининг суюкли жамоасига ҳам сиғмай қолди. Айни дамда у Нидерландиянинг ПСВ клубида тўп тепмоқда. Бўлажак Месси деган тариф бир пайтлари унга нисбатан ишлатилар эди. Жуда кўплаб бўлажак Мессилар сингари у ҳам шунчаки "йўқолиб қолди".

4. Усман Дембеле "Барселона"

Усман Дембеле "Барселона" клубига 120 миллион евро эвазига келиб қўшилди. Унинг иқтидори ва салоҳиятиги гап бўлиши мумкин эмас, аммо футболчининг "бриллиант оёғи" унинг ҳар доим ҳам майдонда ҳаракат қилишига ҳалақит бермоқда. У соғлом бўлган пайтда жамоага катта ёрдам бера олади, бироқ бундай ҳодиса ҳар доим ҳам юз беравермайди. Ойнинг 15 ёруғ, 15 эса қоронғу жумласи унинг ҳолатига мос келади. Жароҳатлар унинг фаолиятига катта зарба бермоқда. Тобора унинг нархи ҳам, қадри ҳам пасайиб бормоқда.

3. Эден Азар "Реал Мадрид"

Эден Азар "Челси"дан "Реал"га катта мақсадларни кўзлаб келиб қўшилган эди. "Аристократлар" сафидаги супер мавсумлардан сўнг уни "қироллик клуби" 100 миллион евро эвазига ўз сафига қўшиб олган эди, аммо бельгиялик ҳеч қанақасига Лондон клубидаги ўйинларини кўрсата олмади. Ортиқча вазн муаммоси ва тинимсиз жароҳатлар футболчини қийнаб қўйди. "Эден Азар жароҳат олди" деган жумла янгиликларда тез-тез такрорланиб турадиган бўлиб қолди. Жаҳон даражасидаги топ ўйинчининг Мадридга сафари омадсиз кечмоқда ва балки, ўз нихоясига ҳам яқинлашиб қолгандир.

2. Гарет Бейл "Реал Мадрид"

"Тоттенхэм" клубидан Мадрид клубига келиб қўшилган Бейл фаолиятининг аввалида ёрқин ўйинлари билан жамоага яхши киришиб кетди. Сўнгра бирин-кетин жароҳатлар унинг фаолиятига салбий таъсир ўтказди. Уэльслик доимий захира футболчисига айланиб қолди. Мадрид клуби ҳам ундан қутулишнинг турли йўлларини қидирди. У "қироллик клуби"дан баланд маош оларди ва амалда жамоага унчалик фойдаси тегмас эди. "Қаймоқранглилар"нинг нияти охири амалга ошди. Ҳозир у собиқ жамоаси "Тоттенхэм"да тўп тепмоқда ва яхши ўйин намойиш этмоқда Шундай бўлса ҳам ундан Мадрид клубда кўп ишлар кутилганди, аммо жароҳатлар ҳамма режаларни йўқ қилди. Бейл 31 ёшда ва энди катта ишларни қилишга бироз кеч, чамамда.

1. Марко Ройс

Марко Ройс сўнгги йилларнинг энг иқтидорли ярим ҳимоячиларидан бири ҳисобланади. У Жаҳон Чемпионатидан бироз вақт олдин жароҳат олган ва хатто Евро-2016дан ҳам қуруқ қолган. Ҳар томонлама кучли ўйинчи, аммо тақдири ўта омадсиз. Иқтидорли футболчи бўлгани учун у ҳамон "Боруссия Дортмунд" сафида. Агар, жароҳатлар олавермаганида биз ҳозир Де Брюйне, Модрич, Ўзил каби кучли ярим ҳимоячилар қаторида уни ҳам эслаётган бўлар эдик. Ҳали ҳам уни иқтидор жиҳатдан улардан қолишади деб ўйламайман. Шунчаки, жароҳатлар унинг фаолиятига салбий таъсир ўтказди. У майдонда бўлган пайти иложи борича ўйинларидан роҳатланиб қолиш керак. Сабаби, бу ҳар доим ҳам содир бўладиган ҳодиса эмас.

 

                                                                        Худайқулов КАРИМ тайёрлади

 

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 16:46, 14.06.2021.
Ўқилди: 4201 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.