"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Уле-Гуннар Сульшер билан Англия терма жамоаси устози Гарет Саутгейтнинг ротация борасидаги қарашлари ўхшаш экан.
Гўёки, ҳаммаси жойида, статистикада ҳаммаси нормал кўринади - кўп футболчилар ўйнаган, ёшларгаям, захирадагиларгаям етарлича имкон берилгандек. Аммо аслида, бу мураббийлар ўйинчиларни иккига ажратиб олишади ва муҳим ўйинларда таркибни алмаштиришдан қўрқишади. Муҳим ўйинлар учун одатда биргина асосий таркиб бўлади.
Сульшер ўтган йилги «Севилья» билан ярим финалда ҳеч кимни захирадан туширмаганди, «Вильяреал» билан финалдаям деярли шундай бўлди, фақат пенальти тепиш учун охирги дақиқаларда ўйинчи алмашди.
Саутгейтнинг Евродаги таркибига қарасангиз, асосан бир таркиб бор. Темир асосий - 9 футболчи, Маунт, Сака ва Трипьер схемага қараб алмашиб туришади, захирадан фақат Грилиш ва Ҳендерсонга ишонч билдирилади. Бўлди.
Германия, Дания ва Италияга қарши ўйинларда бир хил - худди шундай бўлди. Чехия билан каби ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган ёки Украина каби кучсизроқ рақибларга эса, Санчо ҳам асосийда ўйнаши, Рэшфорд ҳам 119-дақиқадан эртароқ, ҳатто Кэлверт-Люин ҳам туширилиши мумкин. Аммо Италия бутунлай ташаббусни қўлга олиб, Англия умуман ўйнай олмаётган пайтда ҳам Саутгейт футболчи алмаштириш ҳақида ўйламайди.
Фарқ шунда. Манчини тўлиқ барчани майдонга туширди, захира футболчилар ҳам жиддий паллаларда ёрдамга келишди, ўзларини таркибнинг ажралмас бўлагидек ҳис қилишди. Англиянинг том маънодаги иккинчи таркиб ўйинчилари эса, аксинча панд беришди. Ишончни оқлай олишмади, демадим, чунки ўша ишонч йўқлигида эди гап.
Қаҳрамон Асланов.