Швейцария миллий жамоасининг Евро-2020даги тетик иштироки ҳеч кимни бефарқ қолдиргани йўқ. Таҳлилларга кўра, Владимир Петкович шакллантирган камтарин жамоанинг асосий сирларидан бири - бу ҳайратомуз барқарорлик. Диққат қилинг, швейцарияликлар қаторасига 4та йирик турнирда деярли бир хил таркибдан фойдаланишди. Мураббий ўша-ўша, натижа ҳам...
НАТИЖА БЎЙИЧАБАРҚАРОРЛИК
Яқин тарихга назар солсак, Швейцария миллий термаси охирги марта Евро-2012дан четда қолди ва ва шундан кейинги 4та йирик турнир (ЖЧ-2014, Евро-2016, ЖЧ-2018 ва Евро-2020)да ҳам бинойидек иштирок этди. Оддий эътироф этганда, эндиликда йирик турнирлар Швейцария термаси қатнашувисиз ўтмайдиган бўлиб қолди. Муҳими, швейцарияликлар охирги 4та мусобақада ҳам барқарор натижа кўрсатиш асносида ҳам эътиборга тушдилар.
1). ЖЧ-2014: гуруҳдан чиқишди ва 1|8 финалда мағлубиятга учрашди. Бразилияда уларга озгина омад етишмади - «овертайм» охирида, яъни 118-дақиқада гол қўйиб юбориб, Аргентина термасига йўл бўшатишди.
2). Евро-2016: гуруҳдан чиқишди ва яна 1|8 финалда омадсизликка учрашди. Бу сафар янада аламли тарзда - пенальтилар серияси натижасига кўра, Польша термасига имкониятни бой беришди.
3). ЖЧ-2018: гуруҳдан чиқишди ва 1|8 финалда енгилишди. Навбатдаги алам -Швеция термасига қарши кечган баҳсда швейцарияликларга «рикошет» ҳолатидан қўйиб юборилган гол панд берди (0:1).
4). Евро-2020: гуруҳдан чиқишди ва 1|8 финалда ниҳоят, ғалабани тантана қилишди. Ваҳоланки, Бухарестдаги баҳсда ҳам уларга яна озгина етишмаслиги ҳеч гап эмасди. Дейлик, Франция термасига қарши кечган баҳсда Владимир Петкович шогирдлари 1:0 ҳисобида олдинда бора туриб, пенальтидан фойдалана олишмади ва охирида «куйиб» қолишга яқин келишди. Яъни 80-дақиқада ҳам 1:3 ҳисобида ортда боришаётганди. Хуллас, Швейцария термаси бу сафар охирги дақиқаларда 2та гол уриб, ўйинни пенальтилар сериясига чўзди ва 1|8 финал тўсиғига доир омадсизлик анъанасига чек қўйди.
ТАРКИБ БЎЙИЧА БАРҚАРОРЛИК
Швейцария термаси Евро-2020нинг энг «қария» иштирокчиси эмасди. Дейлик, турнир стартида жамоа таркибидаги футболчиларнинг ўртача ёши 26,9ни ташкил этди. Диққат қилинг, қитъа биринчилигида қатнашган 24та жамоадан 18тасининг ўртача ёши бундан баланд эди. Шунга қарамай, Швейцария термасининг таркибга боғлиқ барқарорлиги ҳам жойида.
1). ЖЧ-2014: таркибда ҳозирда озгина унутилган Филипп Сендерос ва Гюкхан Инлер каби йигитлар бор эдилар, шунинг баробарида Евро-2020да қатнашган 8 нафар ёш футболчи ҳам Бразилияга борганди. Булар - Ян Зоммер, Адмир Меҳмеди, Марио Гавранович, Харис Сеферович, Гранит Жака, Рикардо Родригес, Фабиан Шер ва Жердан Шакири. Бу футболчиларнинг охирги турнирда бош ролларда намоён бўлишганини алоҳида айтиш жоиз.
2). Евро-2016: қитъа биринчилиги «заявка»сига Бразилия мундиалида қатнашган футболчилардан нақ 15 нафари киритилди. Ажойиб кўрсаткич.
3). ЖЧ-2018: Россия мундиалида иштирок этган 17 нафар футболчи 2 йил олдин Евро-2016да ўйнаганди (тўғрироғи, жамоа таркибида бўлган).
4). Евро-2020: Владимир Петкович бу сафар жамоа рўйхатида ЖЧ-2018 «заявка»сига тушган 14 нафар футболчига жой ажратди.
ЕТАКЧИЛАР БЎЙИЧАБАРҚАРОРЛИК
Статистик маълумот: Швейцария миллий жамоаси охирги 4та йирик турнирда жами 17та ўйин ўтказди - дастлабки 3тасида 4тадан ва охиргисида 5та. Жамоа сафида шу ўйинларнинг барчасида қатнашган футболчилар ҳам бор.
1). Жердан Шакири. Унинг ЖЧ-2010да ҳам 1та учрашув ўтказганини қўшимча қилиш жоиз.
2). Рикардо Родригес. Қойилмақом натижа.
3). Гранит Жака ҳисобида 16та ўйин бор - у охирги баҳсдагина майдонга тушгани йўқ.
4). Харис Сеферович эса орада 1та учрашувни ўтказиб юборди.
5). Ян Зоммер 13та учрашувда қатнашди. У Евро-2016дан буён жамоанинг биринчи рақамли дарвозабони.
6). Фабиан Шер 12та ўйинда майдонга тушди.
7). Админ Меҳмеди охирги 4та турнир ҳисобидан 10та ўйинга эга.
ЕТАКЧИЛАР ҲАРАКАТИБЎЙИЧА БАРҚАРОРЛИК
Зоммер, Родригес, Жака, Шакири ва Сеферович ҳанузгача етакчи футболчилар қаторидалар, жамоанинг асосий юлдузлари ҳам шу йигитлар. Яна Шер чакки эмас, фақат унинг ўйнаш-ўйнамаслиги кўпинча Родригес позициясига боғлиқ. Етакчиларнинг Евро-2020даги кўрсаткичлари ҳам эътиборга молик.
1). Жердан Шакири - 3та гол, 1та самарали узатма
2). Харис Сеферович - 3та гол
3). Марио Гавранович - 1та гол
4). Гранит Жака - 1та самарали узатма
5). Ян Зоммер - ажойиб «сэйв»лар, пенальтилар сериясидаги қаҳрамонлик.
Рикардо Родригес ҳам ушбу рўйхатга кирарди, агар французларга қарши баҳсда пенальтидан унумли фойдаланганида.
МУРАББИЙ БЎЙИЧАБАРҚАРОРЛИК
Бош мураббий лавозимида барчаси жуда оддий. Владимир Петкович 2014 йили Отмар Хитцфельд ўрнини эгаллади ва 7 йилдан буён Швейцария терма жамоасида бамайлихотир ишламоқда. Футболчилар унинг талабларини жуда яхши билишади. Петкович жамоаси ортда қолган даврда 4та катта турнирда муносиб қатнашишдан ташқари, Европа Миллатлар лигаси ярим финалига қадар етиб борди ва 3-ўрин учун кечган ўйинда Англия термасига фақат пенальтилар серияси бўйича ютқазди. Муҳими, мураббий таркибга ёшларни жалб қилишни ҳам унутаётгани йўқ. Айни пайт жамоа сафида 22 ёшли Рубен Варгас бор, у ҳозирча ўринбосар ролида. Петкович жамоанинг Евро-2020 учун кенгайтирилган таркибига ҳимоячилар Бечир Омеразич (19 ёш), Жордан Лотомба (22 ёш) ва Эрай Жемерт (23 ёш)ни ҳам қўшганди. 24 ёшли марказий ҳимоячи Нико Элведи яна бир неча йирик турнирда қатнашиш салоҳиятига эга. Ундан атиги бир ёш катта ҳимоячи Мануэль Аканжи ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ярим ҳимоячилар - Денис Закария ва Жибриль Соу, шунингдек, ҳужумчи Брель Эмболо тенгдошлар (24 ёш). 26 ёшли ўнг қанот ҳимоячиси Кевин Мбабу ҳам навбатини кутмоқда.
Умуман, Швейцария термасининг кучи - жамоавий ҳаракат. Жака, Шакири ва Сеферович авлоди вакиллари ҳали тарихни ёпмоқчи эмаслар. Дарвозабоннинг ёши муаммо эмас, фахрий Зоммер спорт формасини меъёрида ушлаб туришни яхши билади. Ҳимоячилар - 30 ёшдан кичиклар. Ярим ҳимоя учун Европанинг кучли 5та лигасида бинойидек тўп сура бошлаган футболчилар етарли. Ҳужумда эса Эмболо ўзини кўрсатишга улгурди. Хуллас, Петкович тажрибали фахрийларни аста-секин янги ижрочилар билан алмаштириб бориши мумкин. Швейцария термаси ЖЧ-2010дан кейин Йоан Журу, Стефан Лихтштайнер, Валон Беҳрами ва Блерим Жемайли каби етакчилар ўрнини оғриқсиз тўлдириш асносида таркибни ёшартириш жараёнини бошдан кечирган ҳам...
ЖЧ-2022 старти вақтида Швейцария миллий жамоасининг етакчи футболчилари неча ёшда бўлишади? Уларда қаторасига 5-йирик турнирга бориш имконияти борми? Албатта, бор! Мана, ўзингиз баҳо беришингиз мумкин: Харис Сеферович, Рикардо Родригес, Гранит Жака ва Фабиан Шер 30 ёшда бўлишади. Жердан Шакири ҳамда Админ Меҳмеди 31 ёшни қаршилашса, Ян Зоммер 34 ёшга тўлади. Марио Гаврановичда ҳам Қатар мундиалига бориш имконияти йўқ эмас - у 33 ёшда бўлади.
Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади