Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Ракурс: Жароҳат жабрдийдаси

Баҳо:
+ | -

Ёдингизда бўлса, Евро-2020 ғолибига айланган Италия термаси чорак финалда Бельгия жамоасини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратганди. Ўша учрашувда «скуадра адзурра»нинг асосий чап қанот ҳимоячиси Леонардо Спинаццола жароҳат олганди.

*** Бунга қадар у деярли барча учрашувларда (Уэльсга қарши баҳсдан ташқари) бошланғич таркибдан жой олганди.

*** Австрия билан ўйинда самарали узатмани амалга оширди.

*** Еврода икки марта учрашувнинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлди.

*** Турнирдаги энг яхши дриблингга эга ҳимоячилар бешлигига кирди.

Спинаццола Бельгия билан ўйинни охиригача етказа олмади. 79-дақиқада майдонни кўзда ёш билан тарк этишга мажбур бўлди. Унинг ўрнини Эмерсон эгаллади.

Ўйиндан кейин ғамгин ҳолат вужудга келди. Журналист Фабрицио Романо Спинаццоланинг узоқ муддатга сафдан чиққани ҳақида хабар берди. Бу муддат бир йилгача чўзилиши мумкин.

Спинаццола деярли 9 йилдан буён профессионал футболда. Сўнгги беш йил мобайнида 15 марта турли шикастланишларни бошдан кечириб, ўйинларни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Шу беш йилнинг 400дан кўпроқ кунида соғлиғи билан боғлиқ муаммога йўлиққан. Фаолиятидаги сўнгги беш йилнинг (энг гуллаган давр) деярли бешинчи қисмида.

Мушаклардаги шикастланиш, сон, тизза, болдир жароҳати ва бошқа муаммолар. Энди ушбу статистикага яна бир катта рақам битилади. Энг оғир жароҳат уч йил аввал кузатилганди. 2018 йилнинг мартида Спинаццоланинг тиззаси лат еди, кейин эса хочсимон тўқималарини операция қилдирди. 2018 йилнинг мартида сафдан чиқиб, майдонга 2019 йилнинг январида қайтди. Даволанаётган пайти қувончли воқеани бошдан кечирди: 2018 йилнинг май ойида ўғил фарзандли бўлди.

Спинаццола «Ювентус»га қайтганидан ўзида йўқ хурсанд эди ва футболга тезроқ қайтишни ният қилганди. «Бундай жароҳатлар сабр ва тўғри тикланиш жараёнини талаб этади, - дейди у. - Агар жараённи тезлаштириб, бир ой эртароқ қайтишга тўғри келганда, эҳтимол, бу янада кўпроқ муаммо туғдирармиди».

Спинаццола 2012 йилдан буён «Ювентус»га тегишли, аммо сўнгги 7 йилни ижара асосида бошқа клубларда ўтказди. 2019 йилнинг июлида қаҳрамонимиз 29,5 миллион евро эвазига «Рома»га ўтди, лекин у ерда ҳам жароҳатлар тинчлик бермади - бир ўнлаб ўйинларни ўтказиб юборди.

2020 йилнинг қишида у «Интер»га ўтиши мумкин эди, лекин тиббий кўрикдан ўтолмади. Ҳаттоки, Спинаццоланинг бир оёғи иккинчисидан калтароқ эканлиги ҳам айтилганди. «Муваффақиятсиз трансфер менга мотивация бағишлади. Ўшандан буён кўп нарсани ўзгартирдим. Стоматологни алмаштирдим, ҳар куни машқ қиляпман, мушакларимни чиниқтиряпман, баъзан ўйинлардан кейин ҳам чарчоқ нималигини билмайман», - деганди Спинаццола. У «жароҳатларга мойил» ёрлиғидан қутулишни жуда хоҳларди: «22та ўйин ўтказиб, термада тўп сураётган футболчига нисбатан бундай ибора ишлатилишини ёқламайман».

Нега у стоматолог ҳақида гапирди? Доктор Даниэле Пуццилли шундай ҳикоя қилади: «Тиш қисилишида камчилик борлигини аниқладик, бу эса қадни текис тутишда муаммоларни келтириб чиқарарди. Шу тариқа мушаклар жароҳатларига мойилликка сабаб бўлган». Спинаццола тиш қисилишидаги муаммони бартараф этиш учун машғулотлар ва уйқу пайти махсус трейнер тақади. Бу усул мушакларини қайта тиклашда ҳам асқотди.

Умуман, жароҳатлар Спинаццолани ўсмирлик давридан таъқиб этар, ҳатто фаолиятининг якунланишига сабаб бўлиши ҳам мумкин эди. 14 ёшида «Сиена» сафида шуғулланаётганда тўпиғи шикастланди. Қаҳрамонимиз академиядан уйга қайтишни хоҳлади. Бироқ онаси керакли пайтда зарур тавсияни бера олди: «У яхшилаб ўйлаб кўришим лозимлиги, зеро футболчи бўлиш учун бошқа бундай имконият туғилмаслиги мумкинлигини таъкидлади. Яхшиямки, ўшанда унинг сўзларига қулоқ тутган эканман».

Буни қарангки, Евро арафасида ҳам турнирга бориши сўроқ остида турган, чунки баҳорнинг сўнгги икки ойида Спинаццола атиги тўртта ўйин ўтказганди. Лекин барибир, Евронинг ўзида ҳам тўртта учрашувда майдонга тушишга улгурди ва уларнинг тенг ярмида «энг яхши» мақомига эришди.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:08, 18.07.2021.
Ўқилди: 3077 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.