2012 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг тўрт жамоаси қитъа миқёсидаги мусобақаларда иштирок этади.
Ўзбекистон чемпиони “Бунёдкор”, вице-чемпион “Насаф” ва Ўзбекистон Кубоги соҳиби “Пахтакор” ОФК Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этса, 2011 йилги Ўзбекистон чемпионати якунлари бўйича 4-ўринни эгаллаган Фарғонанинг “Нефтчи” клуби ОЧЛ саралаш плей-офф финал раундида қатнашади. Агар фарғоналиклар БААнинг “Аш-Шабоб” клуби тўсиғидан ўта олишса, Чемпионлар Лигаси “D” гуруҳидан, мағлубиятга учраса ОФК Кубоги “D” гуруҳидан ўрин олишади.
Ўзбекистон учун тақдим этилган 3+1 кўринишидаги ушбу квота фақат бир йил амал қилади. ОФК 2013 йилдан бошлаб клублар ўртасидаги қитъа мусобақалари, жумладан, Чемпионлар Лигаси ва ОФК Кубоги квоталари учун 2015 йилга қадар амалда бўладиган янги критериялар жорий этади ҳамда мусобақаларда иштирок этувчи мамлакатлар ва уларнинг иштирокчилари сони ҳар икки йилда янгидан белгилаб борилади. Шу муносабат билан 2012 йилда қитъа футбол конфедерацияси ташкилотга аъзо мамлакатларда яна инспекция ўтказади. ОФКнинг профессионал футболни ривожлантириш лойиҳаси мутахассислари худди 2011 йилда бўлгани каби Ўзбекистонга инспекцион сафар уюштиради.
Текширув давомида ОФК инспекторлари ЎФФ ва ПФЛ раҳбарияти билан учрашишади; юқори дивизионнинг янги жамоалари, 2011 йили Осиё Чемпионлар Лигаси критерияларига жавоб бера олмаган жамоалар, уларнинг расмийлари, уй стадионлари, машғулот майдонлари, умуман, бутун инфратузилмаси билан танишиб чиқишади. Шунингдек, уй стадионлари, машғулотлари таъмирланган ёки ўзгарган клублар ҳам инспекция қилинади. 2012 йилги сафар давомида тўпланган маълумотлар асосида ҳисобот тайёрланиб, у кўриб чиқиш учун ОФКнинг тегишли қўмиталарига тақдим этилади.
ОФК қитъа Клуб мусобақаларида иштирок этиш учун Янги критерияларни 2012 йилнинг 23 март куни ОФК Ижроия қўмитаси қабул қилганидан сўнг эълон қилади. Инспекция натижалари бўйича якуний қарор 2012 йилнинг ноябрь ойида қабул қилинади.
ОЧЛдаги 3+1 квотани сақлаб қолиш учун ПФЛ ОФКнинг барча талабларини бажариб, ОФК инспекторлари ҳисоботининг ижобий ёзилишига эришиши керак.