Футбол оламида шундай футболчилар борки бир он чақмоқ каби порлаб, сўнг ўчишган. Уларни сўндирган нарса эса жароҳатлар! Йиллар давомида жароҳат исканжасида қолган юлдузлар бора-бора сўна бошлайди. Ҳақиқий истеъдодлар гуллаган даврини касалхонада ёхуд ресерв ўриндиғида ўтказишга мажбур бўлади. Қуйида бир нечта ана шундай жароҳатлар сўндирган юлдузларни санаб ўтамиз.
10. Марко Ван Бастен
Нидерландиялик истеъдоднинг ўйинини барча эслайди. 90 йилларда футболда ўзига хос тезлик ва услуби билан барчани ҳайратга солган Ван Бастен 28 ёшида катта футболдан кетишга мажбур бўлади. У элит даражадаги тўп назоратига ва майдоннинг исталган жойидан гол ура олиш қобилиятига эга эди. Афсуски, тўпиқдан олган жиддий жароҳати сабаб, унинг фаолиятига болта урилди. 1993 йилги Чемпионлар лигаси финалида «Милан» билан мағлубиятга учраб, яна қаттиқ жароҳатланади. Шундан сўнг ўнглана олмаган ҳужумчи футболни тарк этади. Қисқа фаолияти давомида учта Олтин тўп совринини қўлган киритган Ван Бастен барчани умрбодга ёдида қолган.
9. Филл Жонс
Жонс вақтида Сер Алекс Фергюссеннинг ишонган ўйинчиларидан бири эди. Аммо йиллар давомида ўзининг регрессияси туфайли футбол оммаси орасида мемларга сабаб бўлади. У спорт формасида бўлганида ва доимий майдонда ҳаракат қилган пайтлари «Юнайтед»га фақат ва фақат ғалабали юришлар тақдим этарди. Давомли жароҳатлар эса унинг ўзига бўлган ишончини ҳамда изчил ўйин тизимини йўқотишига олиб келган. Шу сабаб Жонс фаолияти кескин пасайиш билан якун топади.
8. Ледли Кинг
Кинг тимсолида жисмонан бақувват ва тезкор, қолаверса ақлий етук ҳамда узоқни кўра оладиган футболчи гавдаланади. «Тоттенхем» ҳимоячиси 1999 йилдан то ўзининг фаолияти якунланган 2012 йилга қадар баҳолиқудрат жамоаси билан бирга бўлди. Кўплаб ўйинларда муносиб қатнашиб, мухлислар эътиборини қозонди. Бироқ доимий тизза жароҳатлари ва соғлиқ билан боғлиқ муаммолар уни футболдан эрта кетишга мажбур қилди.
7. Марио Гётцe
2014 йилги Жаҳон чемпионати ва ягона гол... Ушбу гол муаллифи Гётце эди ва бу билан у Германияга узоқ кутилган тўртинчи чемпионликни келтирган. Дортмунднинг «Боруссия»сида порлаган юлдуз «Бавария»га кўчиб ўтади. Афсуски, у ерда доимий жисмоний муаммолар билан яхши ўйнай олмайди. Ортга, Дортмундга қайтган футболчига 2017 йилда миёпатия ташхиси қўйилади ва бу нарса уни катта футболда ўсиш жараёнини тўхташига сабаб бўлади.
6. Марко Ройс
Марко «Дортмунд»нинг яна бир ажойиб истеъдоди эди. 2010 йилларнинг ўрталарида у порлаган даврини бошдан ўтказди. Кейинги галда эса давомий жароҳатлар унга ўйнашга ва ўзини кўрсатишга имкон бермай қўйди. Трансфер нархи жуда ҳам баландлаган пайтида немис ўйинчисида муаммолар пайдо бўлади ва бу уни футболдан узоқлашишга мажбур қилади. Ройс ҳатто ҳозир ҳам ёрқин футбол юлдузи бўлиши мумкин эди. Аммо...
5. Эдуардо Да Силва
«Арсенал» кучга тўлган таркибга эга бўлган мавсумда Эдуардо клубнинг энг тезкор ва энергетик футболчиси эди. У 2008 йилда чап оёғининг тўпиғи қийшайиб синиши оқибатида ўз фаолиятини тугатишга қадам ташлаган эди. Ўша ўйин «Бирмингем» клубига қарши ўтказилган ва Эдуардога қарши қўполлик ишлатган Мартин Тейлор анча вақтга футбол баҳсларидан четлатилган, бироқ Да Силванинг фаолиятини бутунлай тугатилишига сабаб бўлиб қолганди. У 2010 йилда Лондон клубини тарк этишга мажбур бўлади.
4. Александр Пато
Милан шаҳри кўчалари ушбу инсон номини ҳеч қачон унутишмайди. «Милан»даги дастлабки 18 та учрашувида 9 та гол урган бразилиялик ўсмир йигит тезда барчани эътиборига тушади. Унинг «Барса»га қарши ЙЧЛда ўтказган ўйинини эслашнинг ўзи кифоя. Орадан кўп ўтмай унинг бошига ҳам жароҳат аталмиш ғавғо келади. Патонинг бутун куч-ғайратга тўлган даври соғлиғи билан курашда кечди. Бу эса унинг карьерасига таъсирини ўтказмай қолмади. Шу зайлда Пато ёш бўла туриб футболдан кетади.
3. Адриано
«Император» номи билан бутун дунёга қисқа давр мобайнида машҳур бўлиб кетган бразилиялик, «Интер»да Роналдодан кейинги ворис бўлиб қолган эди. Ҳатто Адриано ундан ҳам қобилиятлироқ эди. Италия ва бутун Европа бўйлаб янги юлдуз етишиб чиқаётгандек эди, гўё. Бироқ ундан қилинган умидларни бари барбод бўлди. Ундаги жароҳатлар ва отасининг ўлими футболдаги синишини «таъминлаб берди». Адриано бундай йўқотишларга чидай олмади бутун фаолиятида соғлиқ муаммоси билан курашди ва кўп ўтмай футболни тарк этди.
2. Овен Харгривс
Овен футболдаги энг сирли шахслардан бири эди. Канадалик инглиз йигити ўз фаолиятини Германияда бошлайди. Кейинчалик, «Манчестер Сити»га кўчиб ўтиб, Англияда машҳурликка эришади. Харгривс таянч зонасида ҳамма нарсага қодир футболчи эди. У жисмонан етук, тезкор, ақлли ҳамда тўп билан яхши муомала қила олган. Буни кўрган Фергюссен уни «МЮ»га таклиф этади ва 2008 йилда Харгривс «манкунянликлар» сафида ЙЧЛ кубогини қўлга киритади. Бироқ сал ўтмай тиззасидан олган жароҳати унинг майдондаги ҳаракатини чеклайди. Бир неча йилдан сўнг, футболчи 2012 йилда футболдан кетишга мажбур бўлади.
1. Жек Уилишер
2011 йилдаги Чемпионлар лигаси баҳсида бутун «Камп Ноу» аҳлини ўзининг такрорланмас ҳаракатлари билан лол қолдирган яримҳимоячи рақиб ўйинчиларини майдоннинг ҳар бир қаричида довдиратиб қўйган эди. Англия терма жамоаси аъзоси ва «Арсенал» яримҳимоячиси Жек Уилшер ўз вақтида кучли ўйин намойиш этган ва ўзининг ўта ақлли узатмалари билан жамоаси ғалабаларига сабаб бўлган эди. Яхши ҳаракатига яраша рақиб уни аямас, оёғининг исталган жойига зарбалар берарди. Олинган жароҳатлар унинг ривожланишига йўл қўймади. Тўпиғининг синиши эса, кўплаб ўйинларни ўтказиб юборишига ва заҳирага михланиб қолишига олиб келади. Мутлақо кўринмайдигандек туюлган нарса Жекнинг футболдан кетишига сабаб бўлди.
Инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси