Coca Cola Суперлигаси 14-тури доирасида АГМКга қарши баҳсдан олдин "Локомотив" футболчиси Ғулом-Ҳайдар Гулямов клуб матбуот хизматига ўз фикрларини билдирди.
- Олдинда кутиб турган АГМКга қарши баҳс ҳақида нималар дея оласиз?
- Ўз майдонимизда "Насаф"ни мағлуб этганимиздан кейин ўзимизга бўлган ишонч ошди.
Чунки "Насаф" кучсиз жамоа эмас, доимий равишда совринли ўринлар учун курашиб келади.
Таркиби ёш бўлгани учун футболчилар кучга тўла. Шундай жамоани биз мағлуб эта олдик.
Ўз навбатида АГМК ҳам шундай жамоа. Бир неча йиллардан буён таркибни барқарор ушлаб
туришибди ва юқори ўринлар мақсад қилинмоқда. Таркибнинг асоси тажрибали футболчилардан иборат.
Шу боисдан қизиқарли ўйин бўлишини кутяпман.
- Ҳазил савол. "Насаф" асосий ҳужумчиларимизсиз мағлуб этилганди. Шу тариқа АГМКни ҳам ютса бўладими?
- Мураббийлар ҳар хил бўлади. Кимлардир ғолиб жамоани ўзгартиришни истамайди. Кимлардир эса
ўйингача тайёр бўлганларни майдонга ташлайди. Темурхўжа тайёр бўлса уни ташлаш керак
ёки Марат ҳам шундай. Ўтган баҳсда биз ҳимояланаётган пайтимиз Азизнинг жуда кўп
ёрдами тегди. АГМКга қарши баҳсда ҳам мураббийларнинг кўрсатмаларини кутамиз. Улар
барча йўл-йўриқларни беришади. Аммо захирада ким қолиб кетса ҳам уни жамоа учун керак
бўлмаган футболчи дея олмайман.
- Ҳар бир учрашувда ғалабаларга эришиш ва очколарни қўлга киритиш учун нима қилиш керак?
- Барча баҳсларда ўзимиз истаган ўйинни кўрсата олишимиз керак. Максимал равишда очко
йиғган тақдиримизда ҳам рақиблар очко йўқотиши мумкин. Ундан ташқари, асосий
рақобатчиларимизни ютишимиз керак бўлади. Биз биринчи, иккинчи ёки учинчи ўринлар учун
курашяпмизми, демак, айнан уларни мағлуб этишни билишимиз даркор. Юқоридагиларга кўп
мағлуб бўлаётганимиз учун биз турнир жадвалининг ўрта поғоналарида бўлиб турибмиз.
Биринчи даврада АГМК, "Пахтакор", "Навбаҳор" каби жамоалар билан учрашувларда бироз
омад етишмади. Агарда иккинчи даврада уларни юта олсак, турнир жадвалида юқорилашимиз
мумкин.