«Тоттенхэм» ушбу ёзда «Аталанта» марказий ҳимоячиси Кристиан Ромерони 50 миллион еврога сотиб олди. Бугунги кунда 23 ёшли аргентиналик футболчи ўз позициясида дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири ҳисобланади.
Паратичининг биринчи «мўъжизаси»
Кристиан Ромеро трансфери «шпорлар»нинг сўнгги йиллардаги энг яхши битимларидан бири бўлиши керак. Бу келишувга эришишда клубнинг янги спорт директори Фабио Паратичи катта аҳамият касб этди. У ўз вақтида «Ювентус»нинг спорт директори сифатида ҳам ишлаган ва бу нарса янги келишувни амалга оширишда муҳим роль ўйнади. Масалан, аргентиналик футболчи «Барселона»нинг шорт листидан ҳам ўрин олганди. Лионель Мессининг шахсан ўзи Кристианни сотиб олишни клуб раҳбарларидан сўраган. Каталонияликлар музокаларнинг охирига етиб боришолмади. «Шпорлар» эса қатъиятли бўлишди ва ўз мақсадларига эришишди.
Паратичининг имзоси иккала клуб имзолаган шартномада ҳам кўриниб турибди. Томонлар бир йиллик ижара ва келгусида беш йиллик шартнома имзолаш борасида келишиб олишди. Лондонликлар бу ёзда бергамоликларга умуман пул тўлашмайди, лекин агар футболчи Лондонда яхши ўйнаса, мавсум охирида уни сотиб олиш вариантини фаоллаштиради.
Томонлар трансфер нархини узоқ вақт келиша олишмади. Июль ойида «Аталанта» футболчининг нархини бир ҳафта ичида 40 дан 50 миллион еврога оширди. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг нархи 35 млн. Бироқ, Бергамо жамоаси кўпроқ сумма сўраши олдиндан аниқ эди. Чунки бу ёшдаги футболчиларнинг потенциали юқори баҳоланади.
Талаб юқори бўлган позиция
Бугунги кунда, амалиёт шуни кўрсатиб турибдики, катта клублар бу позицияда яхши ўйин кўрсатадиган футболчига каттароқ нарх таклиф қилишяпти. АПЛ мисолида қарайдиган бўлсак, «Арсенал» Бен Уайтни «Брайтон»дан 58,5 миллион еврога сотиб олди, гарчи у биргина мавсумда порлаган бўлса ҳам. «Ливерпуль» эса «Лейпциг»дан Иброҳим Конатени сотиб олиш учун 40 миллион евро сарфлади.
Премьер лиганинг энг қиммат ички трансферлари рейтингида иккинчи ва тўртинчи ўринларни марказий ҳимоячилар эгаллайди. Улар Ҳарри Магуайр («Лестер»дан «Манчестер Юнайтед»га 87 миллион евро) ва Виржил ван Дейк ( «Саутгемптон»дан «Ливерпуль»га 85 млн еврога).
Англияда бу позициядаги футболчилар тахминан беш йил олдин қимматлаша бошлади. Беш йил олдин 2002 йилдан бери сақланиб келган трансфер нархи рекорди ўзгарди. 2002 йилда «Манчестер Юнайтед» 24 ёшли Рио Фердинандни «Лидс»дан 46 миллион еврога сотиб олиб АПЛ рекордини қайд этганди.2016 йилда эса «Манчестер Сити» Жон Стоунзни «Эвертон»дан 56 миллион еврога сотиб олиб ушбу рекордни янгилаганди. Ўшандан бери марказий ҳимоячилар трансфер бозорининг энг талабчан позициядаги футболчиларга айланди. Худди шу тенденция доирасида, 2017 йилда «Тоттенхэм» ёш футболчи Девинсон Санчесни «Аякс»дан 42 миллион еврога сотиб олди, аммо колумбиялик футболчи ўз нархини оқлай олмади ва бу ёзда «шпорлар» футболчидан қутулиш ниятида.
Янги «юлдуз» бўлиш имконияти
Аргентиналик футболчи ҳақиқатан ҳам ўз нархига арзийдиган футболчи. Ўтган мавсум охирида Ромеро А Сериянинг энг яхши ҳимоячиси деб топилди. Ҳимоячиларга кўп нарса боғлиқ бўлган чемпионатда бу жуда юқори кўрсаткич ҳисобланади. «Аталанта» футболчиси ўтган мавсумда яккакурашларда рақиблардан энг кўп маротаба тўпни олиб қўйган. Умуман олганда, 23 ёшли аргентиналик «Ювентус» ва «Интер»нинг тажрибали вакилларини ортда қолдирди, шу жумладан ўтган йили «шпорлар»нинг асосий трансфер мақсади бўлган Милан Шкринярни ҳам.
Ромеро халқаро миқёсда ҳам яхши натижаларга эришди. Июль ойида Кристиан Аргентина терма жамоаси билан Жанубий Америка кубогида қатнашди ва жамоага 1993 йилдан буён кутилган ғалабани тақдим этди. Аргентинанинг турнирдаги энг кучли чизиғи ҳам айнан ҳимояда бўлди. 7 ўйинда улар атиги 3 гол ўтказиб юборишди, Ромеро қатнашган ўйинларда эса умуман гол ўтказишмади. Кристиан Америка Кубоги–2021да асосий таркибда уч марта майдонга тушди, шу жумладан, финалда Бразилияга қарши.
Ҳимоячи яккакурашларнинг 75 фоизида ғалаба қозонди ва ҳар бир ўйинда фақат битта ноаниқ пас берди, бу эса рақибларга хавфли вазият яратишга имкон бермади. Натижада Ромеро ҳатто мусобақанинг рамзий жамоасига кирди!
Алдервейрелднинг вориси
Кристиан Ромеро сотиб олинган ёзги трансферлар вақтида ҳимоя марказини янгилаш «Тоттенхэм» учун устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Яқин-яқингача «шпорлар» Англия чемпионатида энг кучли ҳимоя чизиғига эга жамоалардан бири эди, лекин сўнгги икки йил ичида унинг олдинги кучидан асар ҳам қолмади.
2015 йилдан бери «Тоттенхэм» ҳимоясини Алдервейрелд ва Вертонген жуфтлиги кучайтириб келарди. Бироқ Чемпионлар Лигаси 2018/19 финалидан сўнг иккала футболчининг ҳам формасида пасайиш кузатила бошлади. Ўтган ёзда Вертонген 33 ёшида Лондон клубини тарк этди, энди бўлса 32 ёшли Алдервейрелд ҳам «шпорлар» билан хайрлашди: биринчиси «Бенфика»га, иккинчиси «Дуҳайл»га кўчиб ўтди. Кристиан Ромеро «Тоттенхэм»га Алдервейрелднинг вориси сифатида ўтди.
Аргентиналик клубнинг нуфузли тўртинчи рақамини қабул қилиб олди. Охирги олти йил, айнан Тоби ушбу рақамни эгаси бўлгани футболчининг жиддий режалари ҳақида гапиради. «Янги Вертонген» эса «Севилья» ҳимоячиси Жюль Кунде бўлиши кутилмоқда, лекин унга бошқа даъвогарлар ҳам етарлича. Агар клуб француз футболчисини олиб келишни уддалай олмаса, Эрик Дайер катта эҳтимол билан Ромеро билан тандемда ўйнайди.
Аргентиналик умидли футболчи АПЛга мослашиб, юлдуз даражасига чиқа оладими, йўқми буни фақат вақт ва унинг майдондаги ҳаракатлари кўрсатади.
Руслан Максимов тайёрлади.