Дортмунднинг "Боруссия" клуби ярим ҳимоячиси Шинджи Кагава Bilde нашри журналистларига берган интервьюсида жамоадан кетиш нияти йўқлигини айтиб ўтди. 2013 йилнинг ёз ойида шартномаси тугайдиган футболчи, уни яна узайтиришга қарши эмаслигини таъкидлади.
"Мен Дортмнундда ажойиб мавсумлардан бирини ўтказмоқдаман. Бу ерда нафақат кўрсатаётган ўйинимдан, балки бу ердаги шарт-шароитлардан ҳам, яшаш тарзимдан ҳам мамнунман. Ўйлайманки, шартномамни узайтириш борасидаги масалалар кўпга чўзилмайди. Бизда ажойиб жамоа бор. "Боруссия" доим кучлилар орасида юришини, нафақат Германияда, балки европа майдонларида ҳам ўзини кўрсатишини истайман. Бунинг учун ўз ҳиссамни қўшишга тайёрман"- дйди япониялик футболчи.
Ўз навбатида, олинган маълумотларга қараганда, "Боруссия" клуби раҳбарияти ҳам футболчини қўйиб юбормоқчи эмас. Тез кунларда Кагавага янги шартнома таклиф этилади. Кагава ҳозирда "Боруссия"нинг энг етакчи футболчиларидан бирига айланиб улгурди. Марио Гётце жароҳат олиб сафдан чиққач, Юрген Клопп айнан Кагавани жамоа ўйини бошқарувчиси сифатида кўраётганини таъкидлаб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, японялик ярим ҳимоячига европанинг бир қатор номдор клубларидан таклифлар тушган. "Манчестер Юнайтед", "Арсенал" ҳамда "Ювентус" жамоалари футболчи борасида Дортмунд клуби билан музокаралар олиб борган. Унинг таҳминий трансфер нарҳи эса 10-12 миллион евро сифатида баҳоланган.














