Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Ван Дейк «қайноқ» ўйинлардан умидвор

Баҳо:
+ | -

Ўтган мавсум жиддий жароҳат туфайли деярли ўйнамаган Виржиль ван Дейк яна сафда. Бу «Ливерпуль» устози Юрген Клоппни роса хурсанд қилаётгани тайин. Қолаверса, нидерландиялик ҳимоячи яқинда «қизиллар» билан шартномаси муддатини узайтирди ва энди 2025 йилнинг ёзигача «Энфилд Роуд»да қолади. Маълумот учун, у янги мавсум стартидан олдин клубда ҳамкорлик битимини янгилаган 4-футболчи бўлди. «Ливерпуль» расмий сайти шу баҳона Виржилни суҳбатга чорлади.

- Виржиль, аввало, янги шарт­нома билан табриклаймиз. Ҳозирда айнан нималарни ҳис қиляпсиз?

- Ҳамкорликни давом эттиришдан хурсандман ва бундан фахрланаман. Оилам ҳам ғурурланмоқда. Хуллас, ҳозиргача бажарган машаққатли иш бесамар кетмаяпти. Муҳими, клубдаги келажагимга ишонч билан қараяпман. Умид қиламанки, улкан зафарларимиз ҳали олдинда.

- Шартнома муддатини узайтириш масаласида бир тўхтамга келишда қийналмадингизми?

- Йўқ, асло. «Ливерпуль» сафига қўшилган биринчи кунданоқ мухлислар, жамоадошларим ва клуб ходимлари меҳрини яққол ҳис қилдим. Ҳамма мени  бирдек қўллаб-қувватлади. Шу муносабат ўлароқ, жамоанинг бир қисмига айланишим мумкинлигини тушундим. Ҳаммаси кутилганидан-да яхши кетаётганди, афсуски, аввалги мавсум ритмни бузди. Очиғи, барчасини яна эсга олишни асло хоҳламайман. Асосийси, бу ерда ўтказган вақтдан чинакамига завқландим, кейинчалик ҳам шундай бўлишини истайман. Албатта, мухлислар билан бирга имкон борича кўпроқ шодланишни хоҳлайман.

- «Ливерпул»га 3,5 йил олдин келгандингиз. Ҳозир Ливерпулда ўзингизни худди уйдагидек ҳис қилаётгандирсиз...

- Ҳа, албатта. Айнан жамоадошларим, клуб ходимлари ва мухлислар туфайли янги муҳитга мослашишда муаммо сезмадим, нисбатан қисқа фурсатда ҳаммасига кўникдим. Албатта, бунда мени ниҳоятда илиқ кутиб олишгани таъсири бор.

- Ортда қолган вақтда «Ливерпул»га муносабатингиз нечоғли ўзгарди? Бу ерга келишдан олдинги тасаввурларингиз тўғри чиқдими?

- Ўйлайманки, кўпчилик «Ливерпул»нинг қандай клуб эканлигини билади. Лекин жамоа нақадар катта ва буюклигини теран англаш учун унинг ичига тушиш керак. Демоқчиманки, барчасини ўз кўзингиз билан кўришингиз бошқача, барибир. Албатта, «Ливерпуль» билан шартнома тузишдан олдин ҳам жамоанинг даҳшатли мухлислар армияси ҳақида эшитган, унинг нақадар фидоий эканлигини билганман. Лекин дейлик, АҚШда олиб борилган ўқув-машғулотлар йиғини чоғи жамоа мухлислари географияси мен ўйлагандан анча кенглигини тушундим. Ҳаммаси шунчаки, фантастик даражада, мухлисларимизни ниҳоятда яхши кўраман.

- Фабиньо, Алиссон ва Трент-Александр Арнольд ҳам яқинда клуб билан янги шартнома туздилар...

- Бу йигитлар жамоанинг муҳим аъзолари, савияли футболчилар. Шундай экан, уларнинг янги битим остига имзо чекишгани - яхши янгилик. Бу жумладан, клуб учун ҳам муҳим лаҳзадир.

- Кайфият қандай, тўлиқ куч билан ўйнашга тайёрмисиз?

- Австрия ва Франция йиғинларида қатор ўртоқлик учрашувлари ўтказилди ва уларда майдонга тушдим. Ўйлайманки, муаммо ортда қолди ва энди тезроқ юқори спорт формасини тикласам, бас. Менимча, янги мавсумда аксарият ўйинлар «қайноқ» ўтади. Шундай экан, бор куч билан тўп суриш талаб этилади.

- Жамоа мухлисларига нима дейсиз?

- Ўйинлардан завқланинг, бизни бутун мавсум давомида олдингидек, қўллаб-қувватланг. Сизларни соғиниб қолдик. Қандай ўйнашимиз сизларга ҳам боғлиқ, албатта.

- Янги мавсум учун шахсий мақсадларингиз...?

- Иложи борича кўпроқ ўйнаб, аввалги маромга қайтиш. Яхшиямки, фаолиятимда кўп жароҳатланган эмасман. Умид қиламанки, ўтган мавсумдаги ҳолат ягона бўлиб қолади. Табиийки, узоқ вақт майдон четида қолган футболчининг тўлиқ тезлик олишига маълум вақт керак бўлади. Муҳими, организмимни, қанча юклама олишим кераклигини яхши биламан. Қолганини мавсум давомида кўрамиз.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:00, 25.08.2021.
Ўқилди: 2344 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.