Ўзбекистон жаҳон даражасидаги футболчиларни етказиб бермоқда. Жаҳон даражасидаги ҳакамлар бўлган. Хўш, нега жаҳон даражасидаги мураббийларимиз йўқ?
Суперлига даражасида мураббий бўлиб ишлаш учун албатта Про лицензиясини қўлга киритиш керак. Мураббий мана шу босқичгача бўлган машаққатли йўлни нафақат бир неча йил ичида босиб ўтади, балки бунинг учун 100 миллион сўмдан кўпроқ пул сарфлаши керак бўлади.
Афсуски, бунча пул ҳаммада ҳам йўқ. Кўплаб клублар бу борада ёш ва иқтидорли мураббийларни қўллаб-қувватлашни истамайди, яъни, уларни ўқитиш учун пул сарф қилишдан қочади. Савол: бунча пул асосан кимларда бор? Албатта собиқ футболчиларда, яъни, бутсасини михга илишга яқин турган футболчиларимизда.
Бутсасини михга илаётган футболчиларимизни ҳурмат қилганим ҳолда айтишим керакки, уларнинг аксари фаолияти давомида асосан футбол билан банд бўлади ва бу давр ичида тузукроқ билим олишга интилмайди, дунёқарашини кенгайтириш устида деярли ишламайди. Шу сабаб ҳам футболни яқинда якунлаб, мураббий бўлиб фаолият олиб бораётганларнинг жуда катта қисми бизда антифутбол ўйнайди. Яъни, натижа учун сифатли футболни бир четга суради, унинг илми шундай бошқасини кўтара олмайди. Буни статистика ҳам аниқ кўрсатиб бериши мумкин. Улар орасида бепул тақдим этилаётган технологиялардан фойдаланишни истамайдиганлари ҳам бор.
Энг ёмон томони шундаки, бизнинг мураббийлар ўқитилаётган Про лицензиясини УЕФА каби ташкилотлар тан олмайди. Миллий терма жамоамиз учун нима сабабдан хорижий мутахассис яхшироқ эканини иложи борича осонроқ тушунтиришга ҳаракат қилдим. Биз билган ўша Гвардиола, Зидан, Манчини, Липпи, Тухель ёки шулар қаторидаги бошқалар ҳам ўз вақтида футболчи бўлган. Аммо улар буткул бошқа жамият, бошқа қадриятлар билан улғайган ва умуман бошқа талаблар билан таҳсил олган. Яъни, бугунги даражасига шунчаки эришмаган. Ёки Моуриньо сингари футболга бошқа тарафдан кириб келган кишиларда шу соҳада қадамлар ташлаш учун имкониятлар бошқачароқ бўлган. Биз буни чуқур таҳлил қилишимиз ва ўрганишимиз керак.
Диёр Имомхўжаев.