Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткаси Денис Истомин АТР тоифасига кирувси Сан-Хосе мусобақасининг финалига чиқди. Мукофот жамғармаси 531 минг доллар турадиган турнирнинг ярим финалида ҳамюртимиз АТР рейтингида ўзидан юқори турган франциялик рақиби Жюльен Бенеттони (34-ўрин) 3 сет якунига кўра мағлубиятга учратди.
Денис дастлабки сетни 6:3 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Иккинчи сет эса тай-бреккача борди ва унда Бенеттонинг қўли баланд келди. Ҳал қилувчи сет ҳам Истоминнинг устунлиги билан якун топди — 6:3. Энди ўзбекистонлик теннисчи финалда канадалик Милог Раонич (32-ўрин) билан баҳс олиб боради.
Таъкидлаш лозим, агар Денис Истомин финалда ғалаба қозонса, АТР тоифасига кирувчи мусобақада ўзининг илк совринини қўлга киритади. У бунгача "Челенжер" тоифасига кирувчи қатор мусобақаларда ғолиб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, Денис финалга қадар АҚШлик Сэм Куэрри (5:7, 6:3, 7:5), яна бир мезбон Майкл Рассел (6:2, 6:2), Энди Роддик (6:2, 6:4)ни мағлубиятга учратди. Айниқса, жаҳоннинг собиқ биринчи рақамли ракеткаси, ҳозирги кунда рейтингда 17-ўринни эгаллаб турган Роддик устидан ишончли ғалаба ҳамюртимизга ишонч берди.
— Менга бу ердаги кортлар ёқади. У менинг ўйинимга мос тушади. Роддик - жаҳоннинг собиқ биринчи рақамли ракеткаси. У билан ўйнаш қийин. Рейтингда юқори кўтарилиш учун кўп ишлаяпман. Мен ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламан, — дейди Истомин Роддик устидан қозонилган ғалабадан кейин.
— Ушбу мавсумни жуда яхши бошладим. Финалга чиққанимдан хурсандман. Жуда яхши жисмоний формада эканимни ҳис қиляпман. Албатта, кортга фақат ғалаба учун чиқаман, аммо финалда рақибими Милош яхши ўйинчи. Ишончим комил, эртага эртага қизиқарли ўйин бўлади", деди ҳамюртимиз.
Эслатиб ўтамиз, Истомин ҳозир кунда АТР рейтингида 61-ўринни эгаллаб турибди.