Stadion.uz жорий мавсум Чемпионлар лигасида ғалаба қозонишга асосий даъвогар жамоалар хусусида фикр юритади.
Чемпионлар лигаси гуруҳ босқич баҳслари тез орада 14 cентябрда старт олади. Томошабин ва жамоалар орасида кўплаб қизиқарли қарама-қаршиликларни тақдим этган қуръа ташлаш маросими аллақачон якунига етиб улгурди. Қуйида ушбу турнир бош соврини учун асосий 5 даъвогар клуб хусусида фикр юритамиз.
«Манчестер Сити»
«Шаҳарликлар» учун ЕЧЛнинг сўнгги манзили кетма-кет уч йилдан буён чорак финал бўлиб қолаётган эди. Бироқ ўтган мавсум ушбу қора анъанага барҳам берилди. Жамоа ўзи учун қайғули босқични енгиб ўтишнинг уддасидан чиқди ва турнир финалига қадар етиб борди. Плей-офф босқичида Хосеп Гвардиола шогирдлари аввал Мёнхенгладбах, сўнгра Дортмунднинг «Боруссия» клубларидан ўтиб, кейин «ПСЖ» қаршилигини синдиришди.
Финал учрашувида «Сити» «Челси»га минимал ҳисобда ютқазганидан хабарингиз бор. Баҳсда «шаҳарликлар» Манчестернинг мовий қисми мухлислари орзусини амалга оширишга жуда яқин эдилар, лекин уларга Лондонлик рақиблари жиддий тўсқинлик қилишди.
Шубҳасиз, жорий мавсум ҳам «Сити» яна Чемпионлар Лигаси фаворитларидан бири бўлиб қолаверади. Жамоа раҳбарияти Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлиш ғоясидан воз кечмайди ва ҳар йили бу мақсадга эришиш учун кўпроқ ҳаракат ва мақсад олиб боради. «Манчестер Сити» ҳеч қачон марказий ҳужумчи борасида якуний қарорга кела олмаган, Пеп учун ҳужум жараёнида барча зона вакиллари бирваракайига олдинга ўтишлари шарт.
Бир қолипга солинган йигитлар ҳеч қачон мураббийдан устун бўла олмайди ва прессингда тенгма-тенг иш олиб боради. «Астон Вилла»дан харид қилинган вингер Жек Грилишнинг 100 миллионлик трансфери Премьер-лига рекорди сифатида қайд этилди. Ушбу омил ҳам Гвардиола жамоасини бемалол турнирнинг фаворитлари қаторига қўша олади.
Зеро Пеп ундан максимал даражада фойдалана олади. Умуман олганда «Сити» анча мувозанатли таркибга эга ва ўйинчилардаги ички руҳият оптимал формада. Жамоа «шалпангқулоқ» кубок учун бу сафар ҳам жиддий курашиб кўради.
«Челси»
Томас Тухель бошчилигидаги «Челси» барча гувоҳ бўлганидек, ярим йил ичида жиддий ўзгаришларни бошдан кечирди. Кўпчилик дастлаб бунга ишонмаган эди. Аммо мутахассис дарҳол ишга кириша кетди.
Немис «кўклар»ни Премьер-лиганинг 10-поғонасидан кучли тўртликкача қайтара олди ва жамога Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига йўлланмани тақдим этди. Плей-оффда лондонликлар «Атлетико», «Порту» ва «Реал»ни ортда қолдиришганидан хабарингиз бор. Финал учрашувида эса «аристократлар» «Манчестер Сити»ни мағлуб этиб, нуфузли турнирда ғалаба қозонишди.
Бунга биргина гол кифоя қилди. Жорий мавсум бошида эса жамоа УЕФА Суперкубогини ҳам қўлга киритди. «Челси» жорий мавсум Чемпионлар Лигасида фаворитлар қаторидан жой олишига шубҳа йўқ.
«Челси»да ёш, аммо умидли бўлган яхлит жамоа бор, йигитлар аллақачон катта ғалабаларни татиб кўришга улгуришди. Албатта, Тухель шогирдлари бу билан тўхтаб қолмоқчи эмаслар. Қолаверса, клубни анча пайтдан бери қийнаб келаётган ҳужумчи муаммосига самарали ечим топилди дейиш мумкин. Ромелу Лукаку орқали бу зона анча тартибга келиб қолгани АПЛнинг якунига етган турларида анча сезилди.
Бельгиялик «Арсенал»га қарши кечган дербида ўзини ижобий томонлама кўрсатди, турнирга мослашиб кетгани дарҳол билинди, гол урди. Бундан ташқари, «Челси» трансферлар ойнасининг сўнгги сонияларида «Атлетико» яримҳимоячиси Сауль Ньигесни ижарага олди. Бу ҳам албатта жуда керакли харид сифатида тилга олинди. Ривожланаётган Лондон жамоасида айни дам анча сифатли жамоа йиғилди. Ҳозирги «Челси»да ЕЧЛни ютиш учун катта имкониятлар ва ресурс мавжуд.
«Бавария» Мюнхен
Мюнхен клуби ўзи иштирок этадиган ҳар қандай турнирнинг фаворитларидан бири ҳисобланади. «Бавария» ўтган йилги Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятсиз ўйинларидан сўнг олдига катта мақсадларни қўйгани аниқ. Гарчи тажрибали мутахассисидан айрилган бўлсада, ёш ва умидли мураббий билан ушбу бўшлиқ тўлдирилди. «Немис машинаси» хабарингиз бор, чорак финал босқичиданоқ турнир билан хайрлашганди. Мюнхенликлар 1/8 финалда «Лацио»ни ишончли тарзда таслим этишди, лекин икки ўйинли қарама-қаршиликда жамоа «ПСЖ» тўсиғидан ўта олмади.
Тан олиш керак, ўша пайтда Германия чемпионларида кадрлар масаласи оғир муаммо бўлган, Роберт Левандовскининг жароҳати жамоанинг натижасига жиддий таъсир кўрсатди. Аммо натижа доимий қоладиган воқелик - ютказишми, буни оқлаб бўлмайди. Бироқ ҳеч шубҳа йўқки, бу сафарги таркибда юқоридаги камчиликлар деярли кўзга ташланмайди. Клуб мусобақа бош соврини учун жиддий ҳаракат қилиб кўради.
Аммо, шу томони ҳам борки, жорий мавсум «қизиллар»нинг Бундеслигадаги рақиблари ҳам у қадар кучлидек таассурот қолдирмаяпти. Тўғри, «Бавария»нинг ўзи ҳам мавсумолди баҳсларда қийинчиликларга дуч келди. Кетма-кет ўртоқлик учрашувларида мағлубиятлар қабул қилиб олинди. Илк расмий баҳсда эса «Боруссия М» билан дуранг қайд этилди.
Аммо мавсум бошида ютиб олинган Германия Суперкубоги соврини футболчиларнинг руҳиятига албатта ижобий таъсир ўтказди. Охирги икки баҳсда Нагельсманн шогирдлари умумий 17:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Юқорида таъкидлаганимиздек, Дортмунднинг «Боруссия»си аввалгига қараганда унчалик ҳам ишонарли ўйин намойиш этмаяпти. Яна бир рақобатчи «Лейпциг» эса икки асосий футболчисини йўқотган (бунинг устига ҳар иккаласи ҳам Мюнхенга кўчиб келишди), шу сабабли «Бавария» Бундеслига ғолиблиги йўлида у қадар ҳам қийинчиликка учрамаса керак. Бу шуни англатадики, жамоа энди Чемпионлар Лигасига алоҳида эътибор қаратса бўлади.
«ПСЖ»
Чемпионлар лигаси - «ПСЖ» учун асосий мақсадга айланиб қолган. Зеро, клуб раҳбарлари ҳам жамоадан сўнгги йиллар давомида айнан мана шу «шалпангқулоқ» кубокни талаб қилишяпти. Зеро, бунга озмунча маблағ йўналтирилди дейсизми?! Аммо ҳозирча бунинг уддасидан чиқилмаган. «ПСЖ» 2019/20 йилги мавсумда ўз мақсадига имкон қадар яқинлашди, аммо финал учрашувида «Бавария»га минимал ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди. Эътиборлиси, «қизил-кўклар» учун ғалаба голини парижликлар собиқ аъзоси - Кингсли Коман урди. Ўтган мавсум парижликлар «Бавария»дан қасос олишни уддалашди, лекин бу ярим финал йўлланмасини кафолат қила оларди холос.
Жамоа «Манчестер Сити» тўсиғидан ўта олмади. Шундан сўнг улар турнирни тарк этишди. Аммо бу мавсум таркиб томонлама энг мукаммал кўринишга кирган французлар Месси бошчилигида катта миссияни амалга оширишга уриниб кўради. Дарҳақиқат, «ПСЖ» ўтган ёзда таркибни кучайтириш борасида анча-мунча ишларни амалга ошириб ташлади. «Қизил-кўклар»нинг асосий муваффақияти сифатида биргина Лионель Мессининг харидини айтиш мумкин. Бундан ташқари, Жоржиньо Вейналдум, Жанлуиджи Доннарумма, Серхио Рамос ва Ашраф Ҳакимилар ҳам Парижга учиб келишди.
Шунингдек, раҳбарият Неймар ва Мбаппеларни ҳам жамоада олиб қолишнинг уддасидан чиқди. Тўғри, «ПСЖ» таркиби ҳозирда юлдузлар билан тўлган, аммо парижликлар янги «галактикос»га айланишадими - бу катта саволга айланган. «ПСЖ» Лига 1да ҳеч қандай муаммога дуч келмаслиги мумкин, лекин Чемпионлар лигаси - бу мутлақо бошқа турнир. Бу ерда кўп нарса футболчиларнинг йиғин машғулотлари ва мураббийнинг тўғри танлаган позициясига боғлиқ.
Футбол бу НБА эмас. Бу ерда супер юлдузли таркиб у қадар катта аҳамият касб этмай қолиши ҳам мумкин, совринлар кафолатланмайди. Назарий жиҳатдан парижликлар Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш учун яхши имкониятга эга, бироқ жамоа ҳали ички боғламларда кўпроқ ишлашига тўғри келади.
«Реал Мадрид»
«Реал»да доимий равишда футболчиларнинг жароҳати билан боғлиқ муаммолар учраб турибди. Бу вазиятни жиддий тусга тушириб қўйган. Шунга қарамай, кадрлар билан боғлиқ ҳолатлар «қироллик клуби»нинг Чемпионлар лигаси яримфиналига чиқишига тўсқинлик қила олмади. Зидан ротация ишларини моҳирона бажаргани ҳар бир учрашувда сезилиб турди.
Бироқ ҳадеганда натижа бўлавермагач, талабларни катта қўядиган раҳбарият олдида Зиданнинг ишлари шунчаки кўринмай кетди ва мавсум якунида истеъфога чиқарилди. Энди эса унинг ўрнига тайинланган бошқа бир таниқли мутахассис Карло Анчелотти жамоани аввалги мавқейига қайтаришга ҳаракат қилиб кўради.
Ёзда жамоа ҳимоячи Давид Алаба ва яримҳимоячи Эдуардо Камавинга билан шартнома имзолади. Бу мавжуд таркибга яхшигина ёрдамчи кучлар сифатида хизмат қилиши кутилмоқда. Мавсум бошиданоқ бу мухлисларга унчалик сезилмагандир. Бироқ бу билан «Реал»ни умуман эсдан чиқариш хато. Чемпионлар лигаси - бу «қироллик клуби»нинг турнири аслида. Бу ерда жамоа ўз фишкасини намоён этади.