Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Юлдузли таркиб – муваффақият гарови...ми?

Баҳо:
+ | -

Навбатдаги трансфер мавсумини «ПСЖ» ўта фаол ўтказди. Жамоа Ашраф Ҳакими учун «Интер»га 60 млн. евро тўлаган бўлса, Серхио Рамос, Жанлуиджи Доннарумма, Жоржиньо Вейналдум ва Лионель Мессилар Парижга эркин агент мақомида ташриф буюрдилар. Пойтахт клуби мутасаддилари эркин танлов асосида текинга келганларни қай даражада рағбатлантирганларидан бехабармиз. Лекин шуниси аниқки, мазкур дарча тарихий трансферлар қаторидан жой олди. Шу баҳонада касбдошларимиз ўз таркибини кучайтириш йўлида йирик сармоялардан воз кечган 10та топ-клуб харидлари ва улар қандай самара берганини эслатиб ўтишни лозим топишди.

«Челси» (2017) - 204 млн. евро

2017 йилнинг ёзи. Антонио Контенинг дебют мавсумида чемпионликка эришган жамоа юксак унвонни ҳимоя қилиш тадоригини кўра бошлади. Бунинг учун «Реал»дан Альваро Моратани 66, «Монако»дан Тьемуэ Бакайокони 40, «Лестер» ўйинчиси Дэниэль Дринкуотерни 38, «Рома» вакиллари Антонио Рюдигерни 35 ва Давид Заппакостани 25 млн. еврога харид қилди. Битта трансфер дарчасида 200 млн.дан кўпроқ сарфлаган клуб табиийки, жамоадан муваффақият кутади. Бироқ амалда бундай бўлмади. Конте Ромелу Лукакуни сўраганди, аммо бельгиялик ҳужумчи «МЮ» сафидан жой олди. Мураббий эса унинг ўрнига Моратага эга бўлди. Лекин у ҳам наф келтирмай, тез орада ғойиб бўлди. «Монако»да мавсумни ўта ёрқин ўтказган Бакайокодан таянч ҳудудини мустаҳкамлаши кутилганди, лекин у муҳитга мослаша олмади ва «сургун»да тўп сурадиган бўлди. Дринкуотернинг хариди бошданоқ шубҳали туюлганди, аслида ҳам ўз исботини топди. У ўз ўрнини асосий таркибдан эмас, турли можаролардан топди. Заппакоста эса рақобатга дош бера олмай, захирага михланиб қолди. Хуллас, юлдузлар бешлигидан фақат Рюдигер маълум муддатдан кейин бўлсада, талаб даражасида ўйин кўрсатди. Оқибатда, 2017|18 йиллар мавсумида «кўклар» ҳатто етакчи квартетга ҳам чиқа олишмади, ЕЧЛда «Барселона» уларни мусобақадан барвақт чиқариб юборди. Конте бир амаллаб Англия кубогини қўлга киритган бўлсада, истеъфодан қутула олмади.

«Барселона» (2017) - 223 млн. евро

Каталония грандининг ўша йили амалга оширган улкан харажатларини изоҳлаш қийин эмас: ёзда жамоа калтабинлик оқибатида Неймарни 222 млн. евро эвазига «ПСЖ»га бериб юборди, ўзи эса мураккаб вазиятга тушиб қолди. Чунки бразилиялик ҳужумчи ўрнини тўлдирадиган ўринбосар йўқ эди. Шошилинч изланишлар натижасида Усмон Дембеле танланди, лекин мавсумни ўта ёрқин ўтказган вингерни «Боруссия Дортмунд» қўйиб юборишни истамади. Шу боис, каталонияликлар уни оширилган баҳода - 135 млн.га сотиб олишди. Шунингдек, Хитойдан қайтган Паулиньога 40, «Бенфика»лик Нелсон Семедуга 36 ва «Эвертон»даги «Барса» тарбияланувчисига 12 млн. евро сарфланди. Таажжубки, шу футболчилар орасида фақат Паулиньо ишончни оқлади. Янада ажабланарлиси - бир йилдан кейин у жамоани тарк этди.

«Манчестер Сити» (2017) - 242,5 млн. евро

Гувоҳи бўлганингиздек, 2017 йил трансфер бобида жуда сермаҳсул бўлди. Дебют мавсумида чемпионликка эриша олмаган Гвардиола омадсизлик такрорланмаслиги учун жиддий ишга киришди. Раҳбарият эса зиқналик қилмади ва Бенжамен Менди («Монако», 57,5), Кайл Уокер («Тоттенхэм», 53) Бернарду Силва («Монако», 50), Эдерсон Мораес (40), Данило («Реал», 30), Дуглас Коста («Васко да Гама», 12)лардан миллионларни аямади. Шунингдек, фахрий футболчилардан фориғ бўлди. Юқорида зикр этилганлардан фарқли ўлароқ, «Сити» мақсадига эришди. Менди ва Луисдан бошқа барча дебютантлар талаб даражасида тўп сурдилар, жамоа 2-ўриндан 19 очкога ўзган ҳолда 100 очко билан шоҳсупага чиқди, Лига кубогини қўлга киритди. Гарчи ЕЧЛда Хосеп турнирни чорак финалда тарк этган бўлсада, харидлар ўзини оқлади.

«Атлетико» (2019) - 244,5 млн. евро

Энди «матрасчилар» «Барселона»нинг икки йил аввалги ҳолатига тушиб қолдилар. Фарқи - бу гал каталонияликлар харидор эдилар. Улар мадридликларнинг бош юлдузи - Гризманни харид қилишди. «Атлетико» эса «Бенфика»дан ўша даврнинг ноёб иқтидори - Жоау Феликсни 127 млн.га сотиб олди. Шунингдек, Льоренте («Реал», 30), Марио Эрмосо («Эспаньол», 25), Триппьер («Тоттенхэм», 22) Лоди ( «Атлетико Паранаенсе», 20,5) ва Фелипе («Порту», 20) «матрасчилар» сафига қўшилдилар. Жамоа бахтига, барча дебютантлар рисоладагидек тўп суришмоқда. Пандемия арафасида «Атлетико» «Ливерпул»ни ЕЧЛда енггач, ҳамма унинг ёрқин даври келганлигини тахмин қилганди. Бироқ жамоа кутилмаганда «Лейпциг»га имкониятни бой бериб, мусобақани чорак финалда тарк этди. Ички чемпионатда эса «Реал» ва «Барса»дан кейин 3-поғонадан жой олди. Икки йилдан кейин Симеоне шогирдлари шоҳсупани забт этдилар.

«Челси» (2020) - 247 млн. евро

Энг сўнгги воқеа. Ўтган йилнинг ёзида клублар локдаундан кейин ҳар бир тийинни қайта-қайта ҳисоблаб, тежамкорлик йўлларини қидираётган паллада, «Челси» телбалик аттракционини ташкил этди. Маълум бўлишича, трансферларда қатнашишдан четлатилган даврда клуб ғазнасида каттагина маблағ йиғилиб қолган экан. Мутасаддилар уни сарфлашга қарор қилишди ва Кай Хаверц («Байер», 80 млн.), Тимо Вернер («РБ Лейпциг», 53), Бен Чилуэлл («Лестер», 50), Ҳаким Зиеш («Аякс», 40) ва Эдуард Менди («Ренн», 24)ларни сотиб олишди. Шу тариқа таркибнинг 50 фоизи янгиланди. Натижада ўйин издан чиқди. Мавсум ўртасида эса бош мураббий ўзгарди - Лэмпард ўрнини Тухель эгаллади. Мазкур тадбир наф бериб, жамоа ўз тарихида иккинчи марта ЕЧЛда ғолиб чиқди, Англия кубогида финалга етиб борди, АПЛни 4-поғонада якунлади.

«Реал» (2009) - 253,5 млн. евро

Ажабланишга ўрин йўқ, шунчаки, Флорентино Перес президентлик лавозимига қайтди ва одатига биноан «галактикос»ни шакллантиришга киришди: Криштиану Роналду («МЮ», 94 млн.), Кака («Милан», 67), Карим Бензема («Лион», 35), Хаби Алонсо («Ливерпуль» 34,5), Рауль Альбиоль («Валенсия», 15), Альваро Негредо («Альмерия», 5), Эстебан Гранеро («Хетафе», 4), Альваро Арбелоа («Ливерпуль», 4). Уларни бошқариш Мануэль Пеллегрини зиммасига юкланди. Ўша мавсум «Реал» чемпионга хос очко (96) жамғарган бўлсада, кумуш медаллар билан кифояланишга мажбур бўлди. Боиси, Гвардиоланинг «Барселона»си ундан 3 очкога ўзиб кетганди. ЕЧЛда жамоа ўша йиллар анъанасига кўра мусобақани барвақт тарк этди - нимчорак финалда «Лион»дан енгилди.

«Ювентус» (2018) - 258,5 млн. евро

2018 йилда «Кекса синьора» барча мавжуд турнирларда ғолиб чиқишга аҳд қилганди. ЕЧЛдаги 2та финалдан сўнг, туринликлар ишни охирига етказиш мақсадида нуфузли совриннинг асл мутахассиси - Роналдуни харид қилишди. У 33ни «уриб» қўйганига қарамасдан, «Реал» барибир 117 млн.га эга бўлди. Шунингдек, Жоау Конселу («Валенсия», 40), Дуглас Коста («Бавария», 40), Маттиа Перин («Женоа», 14) ҳам жамоа таркибидан жой олдилар, «Милан»дан 35 млн. эвазига Леонардо Бонуччи қайтариб олинди. Хўш, натижа нима бўлди? «Ювентус» анъанавий тарзда чемпион бўлди, лекин бош мақсадига ета олмади - сенсациялар муаллифи бўлмиш «Аякс» туфайли ЕЧЛни чорак финалда тарк этди.

«Барселона» (2019) - 272 млн. евро

Ўша йилнинг ёзида жамоа Неймар ўрнини боса оладиган ҳужумчини излаш билан банд эди. Дембеле бу вазифани уддалай олмагач, мутасаддилар бошқа француз - Гризманни таклиф этишди. Бунинг учун 120 млн.дан воз кечишди. Шунингдек, Френки де Йонг («Аякс», 86), Нето («Валенсия», 26), Педри («Лас-Пальмас», 20) ва Хуниор Фирпо («Бетис», 20) билан таркиб кучайтирилди. Мавсум бошлангач, иш кутилганидек юришиб кетмади. Шу боис, Вальверде ўрнига Кике Сетьен келди. Бироқ ҳужумкорлик ва уюшқоқлик ўрнига беқарорлик кузатилди. Натижада жамоа ички чемпионатда 2-ўринни эгаллади, кубок турниридан чорак финалда чиқиб кетди. «Бавария»дан шармандали (2:8) мағлубиятни қабул қилгач, ЕЧЛни бутунлай унутиб юбориш афзал бўлиб қолди.

«Реал» (2019) - 321 млн. евро

Икки йил аввалги трансфер дарчаси фақат «Барса»нинг ҳукмронлигида ўтмади - «Реал» уни ортда қолдирди. Флорентино Перес таркибни кучайтириш учун Зиданга «бир вагон» маблағ ажратди. Асосий эътибор Эден Азарга қаратилди. У янги Роналду мақомига қўтарилиши лозим эди. Бельгиялик футболчи 115 млн. евро эвазига Мадридга келди. Қолган келишувларга ҳам катта маблағ сарфланди: Лука Йович («Айнтрахт», 63), Эдер Милитао («Порту», 50), Ферлан Менди («Лион», 48), Родриго («Сантос», 45). 2019|20 йиллар мавсумида «Реал» ниҳоят, чемпионликни «Барса»дан тортиб олди, лекин ЕЧЛда «плей-офф» босқичининг дастлабки беллашувида «Манчестер Сити»дан енгилди. Хуллас, трансфер кампанияси кутилган натижани бермади.

«ПСЖ» (2017) - 383 млн. евро

Молиявий «фэйр-плей»ни назар-писанд қилмаган Париж гранди «Барса»ни боплаб лақиллатди, Неймар ўз контрактини 222 млн. еврога сотиб олди. Бу «ПСЖ»нинг энг кўп маблағ сарфлаган етакчи клублар ўнлигидан жой олиши учун етарли эди. Қўшимчасига, «Монако»дан Килиан Мбаппе харид қилинди. Ҳа, уни кейинчалик харид қилиш шарти билан ижарага олингани қайд этилган. Бироқ 145 млн.га харид қилинадиган футболчини ижарага олиб бўлмаслигини ҳамма тушуниб турарди. Шунингдек, «Реал Сосьедад» вакили Юри Берчиче учун 16 млн. сарфланди. Ўшанда «ПСЖ» қитъа гегемонлигига даъвогар мақомида бўлиши, бунга эришишга юлдузлар кўмак беришлари лозим эди. Бироқ жамоа қаторасига икки мавсум ЕЧЛнинг нимчорак финалидан ўта олмади. Тўғри, Лига 1 ғолиблигини сақлаб қолди. Неймар ва Мбаппенинг трансферларини муваффақиятсиз, деб бўлмайди. Улар рисоладагидек тўп суришди. Бироқ мутасаддилар юксак чўққиларнинг забт этилишидан умидвор бўлишганди.

Д.АЛИМОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:13, 07.09.2021.
Ўқилди: 5902 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.