Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Машғулотга беписанд афсона

Баҳо:
+ | -

Гарчи кўпчилик мухлислар профессионал футболчиларни ҳар куни 90 дақиқадан бемалол ўйнай оладилар, деб ўйлашсада, аслида улар ҳатто машқ қилишга ҳам ярамай қолишлари мумкин. Кўпинча ишқибозлар ҳафталаб тўп сурадиган айрим футболчилар ўзларини ўта оғир жисмоний юкламаларга жалб этишларини унутиб қўядилар. Эътиборингизга қандайдир сабабларга кўра жуда кам машқ қиладиган футболчилар ҳақидаги материални ҳавола этамиз.

ЛЕДЛИ КИНГ

Ўз вақтида унга қарши тўп сурган Тьерри Анри Ледлини дунёнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири сифатида эътироф этганди. Чиндан ҳам, Кинг юксак савияли футболчи эди. Тиззасидаги сурункали муаммолар туфайли ҳимоячи «Тоттенхэм»даги машғулотлар тугул, болалар билан ўйнашга ҳам ярамайдиган ҳолатда эди. Бироқ шунга қарамасдан, у жамоанинг барча ўйинларида майдонга тушар ва албатта, «мас­тер-класс» даражасини намойиш этарди.«Ҳафта давомида бир марта ҳам машғулотга келмайдиган ўйинчи шанба оқшомида учрашувнинг энг яхши футболчиси унвонига сазовор бўлганини кўрган киши ақлдан озиши аниқ», - деганди Гарри Реднапп 2011 йилда.

ЖОНАТАН ВУДГЕЙТ

Вудгейт «Тоттенхэм»да Кингнинг жамоадоши бўлганди. 19 ёшли пайтида у «Лидс»да ўйнарди. Жароҳат туфайли муаммолари «Ньюкасл»да бошланиб, фаолиятининг охиригача уни таъқиб этди. «Уайт Харт Лейн»даги ҳайратланарли ўйинларига қарамасдан, ҳимоячи Фабио Капелло раҳбарлигидаги Англия терма жамоаси билан ЖЧ-2010да иштирок эта олмаслигини куюниб эътироф этганди: «Таслим бўлмасдан, қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Бироқ мен мунтазам равишда машқ қилмайман. Унга эса ҳар куни машғулотларга келадиган ўйинчилар ёқади».

РОНАЛДО

Дунёнинг энг яхши футболчилари даражасига кўтарилган даврида ҳам Роналдо ҳеч қачон машғулотларда ўзини бошқалардек ко­йитмаганлигини таъкидлаш адолатдан бўлади. Унга «Интер»да устозлик қилган Жиджи Симони ҳам бошқа футболчилар олдига қўядиган талабларни унинг олдига қўймаганлигини тан олганди: «Барча ўйинчиларни бир хил қоидада бошқариш қанчалик тўғри эканлигини ҳеч қачон ўйлаб кўрмагандим. Роналдо ягона истисно эди. Мен уни югуришга мажбур этмадим, шунчаки, тўп билан муомала қилиш у учун етарли эди». 2006 йилда Фабио Капелло келганида, бразилиялик ҳужумчи ортиқча вазндан азият чекаётган бўлсада, машғулотларни ўтказиб юбормасди. «Қулоқ солинг, унинг вазни 96 кг. эди. Мен ундан ЖЧ-2002да ғолиб чиққанида вазни қанча бўлганини сўрадим. У 84 дея жавоб қайтарди. Шунда мен оғирлигини ҳеч бўлмаганда 90га туширишни сўрадим. Аммо у гапимни инобатга олмади».

Шундай бўлсада, дон Фабио ҳамон Роналдони мураббийлик фаолиятидаги энг зўр футболчи, деб ҳисоблайди. «У шунчалик ажойиб ўйинчи эдики, мафтун бўлмасликнинг иложи йўқ эди», дея Сид Лоу қизиқ бир воқеани айтиб берди: «Мавсумолди йиғинида янги ўйинчилардан бири майдонда бепарво кетаётган Роналдога бақирди: «Югур, бақалоқ!». Табиийки, Роналдо пинагини бузмади: «Сен югурасан, мен эса - йўқ. Мен голлар ураман». 5 дақиқадан кейин у гол урди ва янги жамоадошига юзланди: «Қалай, ҳаммаси жойидами?» У шунақа футболчи эди». Ҳатто жамоадошлари ҳам «Сўйлоқ»нинг ҳар бир ҳаракатида ўзига хос мантиқни туюшарди. Мичель Сальгадо жилмайган тарзда ўйинчилар мураббийдан уни машқ қилишга мажбурламасликни илтимос қилишганини ҳикоя қилганди: «Роналдо шундай деди: «Хавотир олманг, сиз учун 2та гол ураман». Кейин ваъдани бажарди»

РОМАРИО

Маҳорат бобида машҳур ватандошидан асло қолишмайдиган Ромарио ҳам мураббийларнинг эркатой шогирди сифатида барча футболчилар фақат орзу қилиши мумкин бўлган истакларини амалга ошира оларди. Масалан, у Йоханн Кройффдан Риодаги карнавалга кечикмай етиб бориши учун битта машғулотни ўтказиб юбориши ва ўзи иштирок этадиган ўйинни барвақт тарк этишига рухсат беришига кўндирганди. «Бир куни Ромарио Бразилиядаги карнавалга бориши учун мендан изн сўради. Унга эртага бўладиган ўйинда 2та гол урса, 2 кун қўшимча дам олиш куни беришни ваъда қилдим. Эртасига у 20 дақиқа ичида 2та гол урди ва менга юзланди: «Устоз, ўрнимга бошқа ўйинчини туширинг, самолёт бир соатдан ке­йин Риога учади».

ПОЛ МАКГРАТ

Макгратнинг «Астон Вилла»даги қаҳрамонлиги хусусида Кинг жуда кўп гапирарди. Тиззасидаги жароҳати билан у икки марта Лига кубоги соҳибига айланган ва «Йил ўйинчиси» унвонига сазовор бўлганди. «Дастлабки бир неча ой машғулотларда тўлиқ қатнашдим. Кейинги 7 йилда 1 марта ҳам борган эмасман. «Вилла»нинг шифокори қадрдон дўстим ва мен учун ҳақиқий қаҳрамон эди. Бутун фаолиятим давомида у мени қўллаб-қувватлаб турди. Агар у бўлмаганда, 4 йилда футбол билан хайрлашишга тўғри келарди. Жим мен учун махсус машқлар тизимини ўйлаб топди. Унга кўра, ҳар куни эрталаб 10 дақиқа велосипедда сайр қилардим. Баъзан шунчаки, ваннада чўмилиш билан кифояланардим. Спорт формасида бўлишим учун шу етарли эди. Очиғи, бошқаларнинг шуғулланишига жимгина қараб туриш мен учун оғир эди. Машғулот тугагач, тўпларни йиғиштирардим. Лекин жамоадошларим яхши йигитлар эди. Уларнинг ҳеч қайсиси арз қилмади, мени тўғри тушунишди».

ЖОРЖ БЕСТ

Афсонавий юлдузнинг машғулотлар, умуман, футболга муносабати расмий ҳужжатларда ўз ифодасини топган. 1972 йилнинг январида Бест «МЮ» машғулотларида бир ҳафта қатнашмаган, бунинг ўрнига, Британия гўзали билан сайр қилганди. Ҳатто Жорж­нинг хотираси ва фаолиятига бағишланган веб-сайт ҳам унинг ичкиликка ружу қўйганлиги машғулотлар сифатининг пасайиши ва ташқи кўринишининг бузилишига олиб келганлигини очиқ-ойдин қайд этганди. Шундай бўлсада, агар сиз ҳар ўйинда 6талаб гол урсангиз, барча айбларингизга кўз юмишади...

РОНАЛДИНЬО

Бразилиялик афсонанинг «ПСЖ»даги жамоадоши Жером Леруа шундай деганди: «Роналдиньо ҳеч қачон машғулотда иштирок этмаган, ҳафтада бир кун бўлсада машқ қилмаган. Шунчаки, шанба куни майдонга тушиш учун жума куни пайдо бўларди. Ўйлашимча, у тун бўйи кўчаларда санғиб юрадиган Ромариодан ибрат олганди. Эрталаб Роналдиньо қуёшдан ҳимоя қилувчи кўзойнагини таққан ҳолда уқалаш хонасига келар ва ўша ерда ухларди. Ўта ноёб иқтидор соҳиблари одатда сал тентакроқ бўладилар».

КАРЛОС КАЙЗЕР

Бу қаҳрамонимиз эл орасида ҳеч қачон майдонга тушмаган энг буюк футболчи сифатида танилганини инобатга олсак, унинг тарихи учун камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодиса таърифи озлик қилади. Ўз фаолиятида Кайзер 10та жамоа, жумладан, Бразилия грандлари - «Ботафого», «Фламенго», «Васко да Гама» ва «Флуминенсе» аъзоси бўлган. Бироқ амалда ҳеч қачон тўп сурмаган, машғулотларни четлаб ўтиш учун турли жароҳатлар ва тоби қочганлигини баҳона қилиб юрган. Чунки у чиндан ҳам футболчи бўлган эмас. Ҳа, 80-йилларда Интернет тугул, рисоладагидек телефон алоқаси ҳам йўқ эди. Бундан унумли фойдаланган Карлос Кайзер харидор жамоалар вакилларини аргентиналик номдоши - Карлос Энрикенинг голлари ёзилган видеолавҳаларни намойиш этиш орқали алдаган. Ривоятга кўра, бразилиялик сохта футболчи «Индепендьенте» ҳужумчисига жуда ўхшаш бўлган. Ана шу ўхшашлик унга қўл келган. «Мен бошқа футболчилар орасида бўлишни истардим. Фақат ўйнашни ёқтирмасдим. Агар футболчи бўлишимни истаган бўлишса, бу уларнинг муаммолари», - деганди Кайзер.

ЖОН ШЕРИДАН

«Лидс» иккинчи дивизионда қатнашган 80-йилларда Жон «Элланд Роуд»нинг чинакам қаҳрамони эди. Шу боис, бош мураббий эркатой ярим ҳимоячисини рағбатлантириб турарди. Шеридан учун эса душанба куни дам олишдан кўра яхшироқ мукофот йўқ эди. Ахир дам олиш оқшомларидаги маишатдан кейин ҳушёр тортиб, ўзига келиб олиши керак эди-да. Бироқ Билли Бремнер ўрнини эгаллаган Ховард Уилкинсон Шериданга бундай илтифотни лозим топмади - айниқса, маст ҳолдаги футболчининг полициячи билан муштлашувидан кейин. Натижада, Жон лаш-лушларини йиғиштириб, «Ноттингем»га ўтиб кетди.

ДАРРЕН МАКГРЕГОР

Нил Леннон 2017 йилда «Хиберниан» ҳимоячисининг машғулотларда қатнашмаслигидан бохабар бўлгач, МакГрегорни МакГратга қиёслаганди. 2015 йилда «Рейнжерс»нинг «Йил ўйинчиси» унвонини қўлга киритган МакГрегор кейинчалик тиззасидан 2та жароҳат олган ва Леннон уни «жангчи» деб атаганди. «Даррен анчадан бери тиззасидаги жароҳат боис, машғулотларда иштирок этмаяпти. Ўтган мавсумда ҳам у машғулотларда шуғулланиш ўрнига, худди Пол МакГрат каби ҳафтани велосипедда сайр қилиш билан ўтказмоқда».

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 14:31, 18.09.2021.
Ўқилди: 5094 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.