Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Эрматов ва Ильясовнинг талабалар билан қизиқарли учрашуви

Баҳо:
+ | -

21 февраль куни Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтига ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов бригадасини талабалар билан учрашувга таклиф қилди. Тадбирга Равшан Эрматов ва Рафаэль Ильясов ташриф буюришди.

Меҳмонларни институт ректори Фарҳод Ризаев кутиб олди. 2008 йилда очилган ва замонавий қурилган институтни ҳакамларимизга шахсан ректорнинг ўзи таништирди. Замонавий  техника билан таъминланган аудиториялар, кутубхона, маънавият хонаси таништирилди. Энг асосийси, спорт комплексда спортнинг турли турлари билан шуғулланиш учун барча шароитлар муҳайё қилингани меҳмонларга манзур бўлди. Футбол, теннис, тренежер зал, стол тенниси каби спорт бўлимлари талабалар ихтиёрида.

Тадбирнинг асосий қисми — ҳакамлар ва талабалар ўртасидаги учрашув учун алоҳида тайёргарлик кўрилгани маълум бўлди. Эрматов ва Ильясов ўзларининг ортидан ФИФА мадҳияси садолари остида талабалардан иборат иккита футбол жамоасини конференциялар залига бошлаб киришди. Худди футболда бўлганидан жамоалар ўзаро кўришиб чиқишди ва шундан сўнг Ўзбекистон давлат мадҳияси янгради.

Нуфузли меҳмонлар ўз жойларини эгаллаб олишганидан кейин сўз Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ректори Фарҳод Ризаевга берилди.

— Ҳафтанинг ҳар жума кунини институтимизда “Каръера куни” деб эълон қилганмиз. Унда турли соҳада фаолият олиб бораётган таниқли кишилар институтимизга келиб, талабаларга ўзларининг ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашишади. Бугун олийгоҳимизда Осиёнинг 4 карра энг яхши ҳаками Равшан Эрматовни кўриб турганимиздан хурсандмиз. Президентимиз томонидан Эрматов “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланган. Инсон ўз-ўзидан ёки эрталаб уйғониб, муваффақиятга эришиб қолмайди. Бунинг ортида тинимсиз меҳнат, билим ётибди. Бугунги меҳмонларимиз ўзларининг меҳнатлари эвазига катта обрўга эга бўлишди, дея кириш сўзи қилди Фарҳод Ризаев.


Йиғилганларга Эрматов ва унинг бригадаси фаолиятига оид видеоролик намойиш этилди. Унда Эрматов бошқарган ўйинлар, айниқса, ЖАР мезбонлик қилган ЖЧда бошқарган ўйинларидан лавҳалар ўрин олган. Хабарингиз бор, Равшан ушбу Мундиалда 5та ўйинда ҳакамлик қилганда.

Актёрликка иқтидори бор икки нафар талаба Роналду ва Месси ролида ижро этган саҳна кўриниши тадбир иштирокчиларига манзур бўлди. “Роналду” гол уриш саҳнасини кўрсатди ва голни нишонлаш мақсадида футболкасини ечди. Ҳакамлар эса унга сариқ карточка кўрсатмаслиги учун асосий футболкасининг ичидан худди шундай яна бир кийиб олганди. Эрматовга биринчи савол “Шундай ҳолат юз берса, нима қилган бўлардингиз?”, дея савол берди.

— Футбол қоидаларида бундай ҳолат учун ҳам сариқ карточка кўрсатилиши ҳақида кўрсатма берилган. Ичида кийими бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, футболкани ечгани учун футболчи огоҳлантирилади, — дейди Эрматов илк саволга жавоб бераркан.

Шундан сўнг, навбат савол-жавобларга берилди.

—Ҳакамликка кириб келишингиз қандай рўй берган?
— Авваламбор, бизни бу ерга ҳурмат билан таклиф қилганингиз учун сизларга миннатдорчилик билдирамиз. Институтни кўздан кечириб чиқиб, бу ерда  таҳсил олаётган талабаларга жудаям ҳавасимиз келди. Шундай шароитларда биз ҳам бажонудил яна бир марта талаба бўлишга тайёрмиз десам, муболаға қилмаган бўламан.

Саволингизга клеадиган бўлсам, профессионал футболчилик фаолиятимни бошлаган илк йилларда оғир жароҳат олганман. Жароҳатимдан фориғ бўлганмдан кейин, айнан шу жароҳатни иккинчи марта қайталаб олганман. Шифокорлар менга “Агар учинчи марта жароҳат оладиган бўлсанг, бутун умр чўлоқ бўлиб қолишинг мумкин”, дейишган. Қанчалик оғир бўлмасин, футболчилик билан хайрлашишга мажбур бўлганман. Шундай бўлса ҳам футболдан узоқлашиб кета олмасдик. Ярим йиллик тикланиш муолажаларидан кейин мураббийлик курсларига қатнадим ва болаларга футбол сирларин ўргатишни мақсад қилгандим.

Тўғрисини айтаман, футболчилик пайтимда ҳакамларни ўлгудек ёмон кўрардим (залда кулгу). Футболчилик пайтимда улар билан жуда кўп тортишардим. Отам мураббийлик қиладиган болалар гуруҳини мен ҳам шуғуллантириб турардим. Бир куни ўйинга бордик. Ўша учрашувни бошқариши керак бўлган ҳакам ўйинга ҳакам келмади. Шунда отам менга ўйинни бошқаришни таклиф қилди. Мен рад қилдим. Бир неча марта айтганидан кейин ноилож қўлимга хуштак олиб, ўйинни бошқаришга қарор қилдим.

Ўйин тугади. Ҳеч кимда ҳеч қандай эътироз бўлмади. Аввалги ўйинларда бақир-чақир қилиб, ҳакамларга эътирозини “изҳор” қилиб турадиган ота-оналар мени ўйин давомида умуман сўкишмаган. Демак, ўша ўйинда ниманидир тўғри қилган бўлсам керак. Ўйинимни кузатган отам ва бошқа мутахассислар: “Сенда ҳакамлик учун қобилият борга ўхшаяпти, ҳакамликда ўзингни синаб кўрсанг бўларкан”, дейишди. Тўғрисини айтаман, ҳакамлик ўзимга ҳам ёқиб қолди, қилган ишимдан қониқиш ҳосил қилдим. Шундан сўнг 1997 йилда Тошкент шаҳар футбол федерациясига бориб, ҳакамликка қабул қилишларини сўраб ариза ёздим ва шу тариқа ҳакамликка кириб келганман. Яхшиям, ўша куни ҳакам ўйинга келмай қолган экан. Акс ҳолда бугунги кунда ҳакам бўлмаган бўлармидим...

— ЖЧ-2010нинг Германия – Англия ўйинида ҳакам Лемпарднинг яққол голини инобатга олмаганди. Саволим қуйидагича: агар сиз ҳам шунга ўхшаш ўйин тақдирини ҳал қиладиган қўпол хатога йўл қўйсангиз, ўйиндан кейин қийин руҳий ҳолатдан қандай қилиб чиқиб кетасиз?
— Ўша ўйинни уругвайлик ҳакам Хорхе Ларрионда бошқарганди. Аввало, Ларрионданинг ўрнида бўлиб қолишдан Худонинг ўзи асрасин. Биласизми, футбол йилдан йилга тезлашиб боряпти. Инсон 90 дақиқад адавомида ҳар бир вазиятни тўлиқ назорат қила олмайди. Стадионда 52та камера ишлайди. Буни инсоннинг 2та кўзи билан таққослаб бўлмайди. Ларрионда ёки унинг ёрдамчиси ҳам ўша вазиятни кўра олмай қолишди. Бўлмаса, албатта голни ҳисоблаган бўлишарди. Мен нима қилган бўлардим? Хатони тезроқ унутиб, кейинчалик бундай хато қилмасликка ҳаракат қиламан. Агар инсон хато билан яшаса, бутун умр эзилиб кетади. Шунчаки бу ўйинни тезроқ эсдан чиқарган бўлардим. Бу — тақдир. Буни тушунган одам тушунади, тушунишни истамаган одам гапираверади. Бундайларга эътибор қаратмасликка ҳаракат қилган бўлардим.

— Мен институтни тугатиб, банк-молия соҳасида ишламоқчиман. Шу билан биргаликда, ҳакамлик қилиш ниятим ҳам бор. Буни уддаласа бўладими?
— Вақтингиз бўлса, бемалол уддалашингиз мумкин. Фақат битта нарсани инобатга олиш керак, авваллари ҳакамлик ҳаваскорлик фаолиятдан иборат бўлган, ҳозир тўла профессионал касбга айланди. Ҳозирги кунда ҳаваскорлар ҳакамлар деярли қолмади. Халқаро тоифадаги ҳакамлар бошқа иш билан шуғулланишга вақт топа олишмайди. Кунлик ўтказиладиган машғулотларга ярим кунингиз кетади. Халқаро ўйинлар, семинарлар учун бир давлатдан иккинчи давлатга учасиз. Агар фақат республика миқёсида ўйинларни бошқариш билан чекланаман, десангиз, унда ҳакамликни бошқа иш билан бирга олиб боришингиз мумкин.

— Ҳакам нечта хорижик тилни билиши лозим?
— Энг асосийси инглиз тилини билиши керак. Тил билмаган ҳакам ФИФА ҳаками бўла олмайди.

— Ёш футболчиларнинг ўз кумирлари бўлади. Ҳакамлар орасида ҳам сизнинг кумирингиз бўлганми?
— Ҳакамликни бошлаётган пайтимда Пьер Луижи Коллина замонамизнинг энг машҳур ҳакам эди. Барча унга интилишга ҳаракатлар қиларди. У майдонда жуда катта ҳажмдаги ишни амалга оширарди. Унга ўхшашни барча истарди. Ундан ташқари, яна бир неча ҳакамлар — Валентин Иванов, Андрес Фрискдан ўзимга керакли нарсаларни олганман. Коллинага ҳавас қилишимни билганлар, ҳазиллашиб: “Соч турмагингни ҳам Коллинаникига ўхшатиб ол”, дейишарди.

— Сиз бошқараётган жамоалардан бири ёки ўйинчиси сизга ёқса, ўйинни холис бошқара оласизми?
— Футболчилик пайтимда кўп футболчиларга мухлислик қилардим. Ҳакамликда эса мухлислик менга халақит беришини билганимдан кейин буни йиғиштирдим. Мен фақат Ўзбекистон терма жамоасига мухлислик қиламан. Чунки, Ўзбекистон иштирокидаги ўйинларни бошқармайман-да (кулади).

Савол Рафаэль Ильясовга. Сиз ҳакамликка қай тарзда кириб келгансиз?
Р.Ильясов: — Мен асосан сув спорти турлари (сузиш, сув тўпи) билан шуғулланганман. Жисмоний тарбия институтини тугатганимдан кейин, йўлланма бўйича Ўзбекистон футбол федерациясида ишлай бошладим. Мени ҳам ҳакамлик умуман қизиқтирмасдим. Кейинчалик бу соҳага аста-секин кириб келганман.

— ЖЧ-2010нинг очилиш учрашуви ва ўша машҳур 39-дақиқа... Фикрларингиз.
Р.Эрматов: — Бу қарорни Рафаэль чиқарган ва бунга у жавоб беради.
Р.Ильясов: — Биласизми, бизга Жаҳон чемпионатининг очилиш маросимини кўрсатишмаган. Бизни яширинча стадионга олиб келишган. Ўйин бошланган пайтда эса эътиборимизни стадиондаги муҳитдан узиб, 22 футболчи ва бош ҳакамга қаратганман. Одатда, яхши биласиз, тўп бурчакдан ўйинга киритилган пайтда, офсайд бўлмайди. Очиғини айтсам, нима бўлганини билмайман. Одатда байроқча лайнсменнинг чап қўлида бўлади. Ўша пайтда у қандайдир ўнг қўлимга ўтиб қолибди. Мексика терма жамоаси футболчиси гол урган пайтда эса бутун Ўзбекистон менга офсайд бўлганини таъкидлагандек бўлди.
Р.Эрматов: — Ўша пайтда энди голни ҳисобламоқчи бўлиб тургандим. Қарасам, кўзим Рафаэлнинг байроқчасига тушди. Шунда мен алоқа воситаси орқали ўша заҳоти сўрадим: “Рафа, ты уверен, что был офсайд?». У эса «Неверно», дейди. «Рафа, бу очилиш учрашуви, аниқ қарор чиқаришимиз керак”, деганимдан кейин, у ишонч билан офсайд бўлганини таъкидлади. Ўша пайтда юрагим қаерга тушиб қолганини тасаввур қиляпсизми (кулади)?

— Ҳакамлик фаолиятини танлагиниздан кейин нимани қурбон қилишга тўғри келган?
Р.Ильясов: — Ҳеч нарсани қурбон қилмаганмиз. Қилаётган ишимиз ўзимизга ёқади. Лекин ҳаётимиз асосан машғулот жараёнлари, хориж сафарларида ўтгани учун оиламиз билан кам суҳбатлашамиз.
Р.Эрматов: — Мен Рафаэлнинг гапини тўлдирмоқчиман. Чет элдан келганимдан кейин ёш фарзандларим мени танимай қолишмоқда (залда кулгу). Буни олдини олиш мақсадида аёлим болаларга кўринадиган жойга суратимни илиб қўйди.

— Майдондаги ўринларингизни алмаштириб қўйса, бир-бирларингизнинг ишингизни бажара оласизми?
Р.Ильясов: — Бош ҳакамлик ва қанот ҳакамлиги бўйича тайёргарлик машғулотлари бир-биридан фарқ қилади. Шунга қарамай, мен бош ҳакам бўлиб ишласам, буни эплай оламан, деб ўйлайман.
Р.Эрматов: — Футбол жамоавий ўйин бўлгани каби, ҳакамлар ҳам жамоавий ҳаракат қилишлари лозим. “Барча бир киши учун, бир киши барча учун”, деганларидек, ҳакамлар орасида ҳам жамоавий тушунувчанлик бўлиши керак. Масалан, қанот ҳаками кўрмай қолган офсайдни бош ҳакам қайд этиши мумкин ёки бош ҳакам кўрмаган қоидабузарликни қанот ҳаками кўриши ва керак бўлса, пенальти белгилаши мумкин. Шунинг учун бош ҳакам ва қанот ҳаками деб ажратиш ўринли эмас. Барча битта ишни бажаради.

— Ўзбек футболини бугунги куни ва келажаги ҳақида фикрларингизни билмоқчи эдим.
— Аниқ факторларга асосланиб гапирадиган бўлсам, ОФК ҳар ҳар йили ҳар бир мамлакат футболини статистикаларга асосланган ҳолда таҳлили қилади ва буни барчага эълон қилади. Демак, ОФКнинг хулосасига кўра, сўнгги 5 йилда Ўзбекистон футболи Осиёда футболи энг тез ривожланаётган мамлакат деб тан олинди. Бунга болалар футболи, инфратузилма, клублар, терма жамолар каби турли йўналишлар киради. Тўғри, Осиёда Япония, Жанубий Корея каби давлатлар футбол энг кўп ривожланган давлат ҳисобланади. Аммо айнан ривожланиш суръати бўйича биз уларни ортда қолдирмоқдамиз. Ушбу хулосани эришаётган натижаларимиз ҳам кўрсатиб турибди. Шундай эмасми? Миллий терма жамоамиз муддатидан олдин ЖЧ-2014 саралашининг 4-босқичга чиққани катта натижа. Олимпия терма жамоамизнинг Лондонга боришига бир қадам қолди. Ҳали бирор марта ҳам Олимпиадада қатнашмаганмиз. Агар Лондонга борсак, бу ҳам тарихий натижа  бўларди. Ўсмирларимизнинг ЖЧдаги натижасини олинг. Умуман, ҳар бир ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз эътиборга молик натижаларни қўлга киритмоқда.

Институт ташаббуси билан Эрматовнинг учрашувга ташриф буюришини инобатга олган ҳолда, талабалар ўртасида “Ўзбек футболи ва Равшан Эрматов” мавзусида видеороликлар  танлови ўтказилди. Шунингдек, унда ўзбек футболининг 100 йиллиги ҳам эътиборга олинди. Институтнинг ички комиссияси энг яхши 4та роликни танлаб олди ва шу куни меҳмонларга намойиш қилиб беришди. Қоидага кўра, уларнинг орасидан энг яхшиларини ҳакамларимиз аниқлаб бериши керак эди. Равшан Эрматов эса талабаларнинг қилган меҳнатларини инобатга олиб, тўрттала видеороликни ғолиб деб топди. Уларга эса ўзининг эсдалик совғаларин топширди.

Дарвоқе, Эрматов талабаларнинг билимларини синаб кўриш мақсадида, уларга ҳам ўзининг саволини берди. “Футболдаги сариқ ва қизил карточкалар қайси жаҳон чемпионатидан бошлаб амалиётга жорий қилинган?”. Талабаларга бу савол бироз қийинчилик туғдирган бўлсада, улар бу саволнинг жавобини топа олишди.

Тадбир сўнгида Эрматов ва Ильясов талабаларга дастхат тарқатишди ва эсдалик учун суратга тушишди. Икки соат давом этган тадбир жуда қизиқарли ўтди. Бунинг учун институт ходимлари, жумладан, Мансур Саримсоқов анча тайёргарлик кўргани сезилди. Учрашув талабалар учун ҳам, ҳакамларимизнинг ўзлари учун ҳам манзур бўлди.

Тадбир меҳмонлари — Равшан Эрматов ва Рафаэль Ильясов.

Дастхат тарқатиш жараёни...


Чапда институт ректори Фарҳод Ризаев

Олимхўжа БЎРОНОВ.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 08:51, 23.02.2012.
Ўқилди: 17259 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.