Охирги йилларда барқарор ўйини билан супер жамоалар орасида етакчи бўлиб келаётган «Бавария» жамоаси ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
УЕФА рейтинги (2020/21 якуни): 1
Қандай етиб келишди: Германия чемпиони
Ўтган мавсум: чорак финал (мағлубият, сафардаги гол ҳисобига «ПСЖ»дан)
Еврокубоклардаги энг яхши натижаси: ғолиб (1973/74, 1974/75, 1975/76, 2000/01, 2012/13, 2019/20)
Бош мураббий: Юлиан Нагелсманн
34 ёшли мутахассис эндиликда Ҳанс Флик бошқарувидан кейин клубда катта ишларни давом эттиришига тўғри келади. Нагелсманн 2016 йилда «Хоффенҳайм» тизгинини ўз қўлига олган ҳолда 28 ёшида Бундеслига тарихидаги энг ёш мураббийга айланган эди. Бир мавсум ўтиб, клуб билан тўртинчи ўринни эгаллаган ҳолда Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритганидан хабарингиз бўлса керак. У ёзги трансферлар ойнаси очиқ вақтда «Бавария»га ўтишдан олдин икки мавсум «Лейпциг»да ҳам яхши таассурот қолдирди ва Чемпионлар Лигаси ярим финалига қадар етиб борди.
Асосий ўйинчи: Роберт Левандовски
Гол уришдан тўхтамаётган полшалик ҳужумчи ўтган мавсум Бундеслигада 41 голи билан «Бавария»нинг кетма-кет тўққизинчи чемпионлиги учун ёрдамлашди ва Герд Мюллер томонидан ўрнатилган рекордни янгилади (40 гол). Шунингдек, Чемпионлар Лигасидаги голлар сони бўйича мусобақа тарихида Раул Гонзалесни ортда қолдирган ҳолда рўйхатда учинчи ўринга кўтарилиб олишга эришди.
Ёзги энг катта хариди: Дайо Упамекано
22 ёшли марказий ҳимоячи 2017 йилда «Залсбург»дан «Лейпциг» клубига ўтганидан кейин янада кучайиб борди ва яқин мавсумларда Нагелсманн қўлостида Чемпионлар Лигасида яхши таассурот қолдирди. Шавқатсиз, кучли франциялик эндиликда жамоадан кетган фулбеклар - Давид Алаба ҳамда Жером Боатенгларнинг ўрнини бемалол тўлдира олади.
Ўйинини кўриш керак: Жамал Мусиала
«Бавария» тарихида Бундеслигада майдонга тушган энг ёш футболчига айланган Мусиала ўша пайтда 17 ёш ва 115 кунлик эди. Орадан уч ой ўтиб, яъни 2020 йилнинг июнь ойиад клуб тарихида чемпионатда гол урган энг ёш футболчи бўлишга ҳам эришди. Ўтган мавсум хавбек Жамал 37 учрашувда ҳисобига 7 гол ёздириб қўйишга эришди.
Биласизми?
«Бавария» ўтган мавсум Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи 5-турида ўтказилган «Атлетико»га қарши ўйиннга қадар мусобақада кетма-кет 15 ғалаба қайд этиб, рекорд ўрнатишга муваффақ бўлган.
Жорий мавсум E гуруҳида иштирок этаётган мюнхенликлар биринчи турда "Барселона"га сафар қилиб, мезбонлар дарвозасига учта тўп киритишди. Ушбу гуруҳда «Бенфика» ва "Динамо Киев" жамоалари эса ўзаро 0:0 ҳисобида дуранг ўйнашди. Иккинчи турда Германия гранди ўз майдонида Украина вакилини қабул қилади. Баҳс 29 сентябрь куни Тошкент вақти билан 23:55да бошланади.