Бугун Тошкент вақти билан 21:00 да Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Лондон-2012 олимпиядасига йўлланмани қўлга киритиб бўлган Африка етакчиларидан бири Миср олимпия терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Беллашув Дубайдаги «Ан-Наср» стадионида бўлиб ўтади.
Ўйин олдидан ҳар икки терма жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда биринчи бўлиб сўз олган Миср олимпия терма жамоаси бош мураббийи Ҳоний Рамзий бугунги рақиби Ўзбекистон ҳақида яхши билишини маълум қилди. Мутахассис Ўзбекистон иштирокидаги ўйинларни катта қизиқиш билан кузатиб борганини тан олди.
«Бу ёшдаги Ўзбекистон терма жамоаси менда илиқ таассурот қолдирмоқда. Боиси, жамоа техникага асосланган томошабоп футбол намойиш қила олади. Ўйлашимча, бугун бизга осон бўлмайди. Бундай типдаги рақибга қарши ўйин жамоамга катта фойда беришига ишонаман».
«14 март кунги ўйинда БАА олимпия терма жамоаси Тошкентда ғалаба қозониб, олимпиада йўлланмасини қўлга киритади, деб умид қиламан. Бизнинг БААга мухлислик қилишимиз табиий ҳолат. Чунки биз жаҳон аренасида араб футболини намойиш этамиз», деб айтиб ўтди Рамзий.